Ўзбекистон Европанинг йирик компанияси билан вертолётлар сотиб олиш имкониятларини ўрганмоқда

25.02.2021 10:14

ТОШКЕНТ, 25 февраль. /«Дунё» АА/. Ўзбекистон транспорт вазирлигида «Airbus International» компаниясининг Шарқий Европа ва Марказий Осиё  минтақаси бўйича вице-президенти Жак Гарриг билан музокаралар бўлиб ўтди, деб хабар бермоқда «Дунё» АА мухбири.

Вазирлик маълумотига кўра, тадбирда компания билан ҳамкорлик алоқаларининг ҳозирги ҳолати ва истиқболли режалар муҳокама этилди.

Хусусан, «Airbus Helicopters» компаниясидан вертолётлар сотиб олиш, ушбу ҳаво транспорт турида қатновларни йўлга қўйиш орқали мазкур йўналишда Марказий Осиё минтақаси бозорида етакчи иштирокчига айланиш имкониятлари юзасидан фикр алмашилди. Ушбу йўналишни ривожлантиришда хорижий давлатларнинг вертолётлар эксплуатацияси ва учувчилар учун тренинглар ўтказиш бўйича тажрибасини ўрганиш масалалари муҳокама қилинди.

Шунингдек, Airbus International компанияси вакиллари аэропортларни бошқариш соҳасида ҳам ҳамкорлик алоқаларини йўлга қўйиш юзасидан ўз таклифларини билдирди.

Учрашув якунлари бўйича томонлар муҳокама қилинган масалалар юзасидан маълумотлар алмашиш ва истиқболдаги янги лойиҳаларни амалга ошириш юзасидан келишиб олишди.

Online Maslahat

Ism

E-mail

Maslahat

Useful links

booked.net
booked.net