Ўзбекистон элчихонасининг "Олтин дафтар"идан: истиқболли инвестиция лойиҳалари ватандошлар иштирокида муҳокама қилинмоқда

16.09.2020 19:02

БРЮССЕЛЬ, 16 сентябрь. /«Дунё» АА/. Хориждаги ватандошлар билан ҳамкорликни янада мустаҳкамлаш мақсадида Ўзбекистон Республикасининг Бельгия Қироллигидаги элчихонаси «Siemens Wind Power» ва «Mitsubishi Heavy Industries Vestas Offshore» компаниялари вакили, ватандош Абдужамол Алимбоев ҳамда унинг Ўзбекистондаги ҳамкори – хусусий тадбиркор Акромжон Аҳмаджонов билан  видеомулоқот ўтказди.

Тадбир Ўзбекистон Республикаси Ташқи савдо ва инвестициялар вазирлиги ҳамда «Ўзбекбалиқсаноат» уюшмаси вакиллари иштирокида ташкил этилди, деб хабар бермоқда «Дунё» АА мухбири.

Мулоқот аввалида элчихона вакили Аъзам Абдурашидов мамлакатимизга хорижий инвестицияларни кенг жалб қилиш, чет элнинг бренд компаниялари ваколатхоналарини очиш ва қўшма корхоналарни кўпайтириш республикамизда янги иш ўринлари яратишга кўмаклашиш ҳамда экспорт ҳажмини оширишга хизмат қилишини қайд этди. Қайд этилган ишларни амалга оширишда хорижда яшаётган ва бой тажрибага эга ватандошлар иштироки муҳим экани таъкидлаб ўтилди.

«Ўзбекбалиқсаноат» уюшмаси раиси ўринбосари Шуҳрат Раҳматов балиқчилик тармоғи озиқ-овқат хавфсизлигини таъминлашнинг стратегик йўналишларидан бири экани ва кейинги вақтларда кўрилаётган чора-тадбирлар туфайли мамлакат иқтисодиётининг таркибида балиқчилик улуши изчил ортиб бораётганини маълум қилди.

Шунингдек, бу соҳани ривожлантириш орқали нафақат ички бозорни тўлиқ таъминлаш балки экспорт ҳажмини ҳам оширишга катта эътибор қаратилаётгани айтилди.

Бугунги кунда халқимизнинг юқори навли ва сифатли балиқ истеъмоли ҳажми ортгани, мамлакатимизда махсус балиқ савдо марказлари ва ошхоналари ташкил қилинаётгани қайд этилди..

Шу билан бирга, конференция давомида балиқчилик тармоғида мавжуд камчилик ва муаммоларни самарали ҳал этиш йўллари, хорижий инвестициялар ва илғор технологияларни олиб кириш, хорижий йирик компаниялар шўъбаларини очиш, экспорт салоҳиятини ошириш ҳамда янги иш ўринларини яратиш масалаларига алоҳида тўхталиб ўтилди.

Ўн беш йилдан буён Данияда яшаб, турли хорижий компанияларда ишлаб катта тажриба тўплаган ватандош Абдужамол Алимбоев сўнгги йилларда Ўзбекистондаги қатор вазирликлар билан қўшма лойиҳалар ишлаб чиқишда хорижий эксперт сифатида иштирок этаётгани ва мамлакатимиз равнақи йўлида барча имкониятларини сафарбар қилишга тайёрлигини билдирди.

У, шунингдек, мамлакатимизда балиқчилик тармоғини ривожлантириш ва экспорт кўламини оширишга кўмаклашиш мақсадида Тошкент вилоятининг Бўстонлиқ туманига 100 фоиз хорижий инвестиция олиб киришни режалаштиргани ва бунинг учун тумандаги балиқчиликка ихтисослашган ер майдонларидан жой ажратилишида тегишли ёрдам кўрсатишни сўради. Ушбу масала ҳал бўлган тақдирда, хорижий давлатлардаги ва Ўзбекистондаги ҳамкори билан биргаликда бизнес лойиҳасини ишга туширишини билдирди.

А.Алимбоев мазкур тумандан ажратилган ер майдонида нафақат балиқчилик, балки сайёҳлар учун қулай маскан яратиш режалари ҳам борлигини маълум қилди.

Суҳбат якунида конференцияда қатнашган вазирлик ва идоралар вакиллари Абдужамол Алимбоевнинг тадбиркорлик режаларини қўллаб-қувватлаб, тез фурсатда ҳамкорликни йўлга қўйиш учун ватандошимиз мурожаатини ижобий ҳал этиш имкониятларини кўриб чиқишни маълум қилди.

Шу билан бирга, уюшма вакили Шуҳрат Раҳматов республикамизда сўнгги 3 йилда балиқчилик тармоғи анча ривожланган бўлса-да, келгусида бажарилиши лозим бўлган ишларга тўхталиб, Ўзбекистонда балиқ етиштириш учун балиқларга берилаётган озуқанинг сифат даражасини яхшилашга алоҳида эътибор қаратиш лозимлигини таъкидлаб ўтди. Шу мақсадда, хорижий мамлакатларнинг йирик компаниялари шўъбаларини очиш таклифи илгари сурилди.

Ватандош А.Алимбоев  балиқ ва балиқ озуқаси етиштириш бўйича дунёдаги етакчи компаниялар «Aller-Aqua», «Biomar» (Дания), «Coppens» (Германия), ҳамда «Screening» (Норвегия) билан яқин ҳамкорлик алоқаларига эгалиги, мазкур компаниялар ваколатхоналарини Ўзбекистонда очиш имкониятлари борлигини билдирди.

Тадбирда яқин кунларда «Aller-Aqua» компанияси билан видеомулоқот ўтказишга келишиб олинди.

Online Maslahat

Ism

E-mail

Maslahat

Useful links

booked.net
booked.net