Ўзбекистон элчихонаси: Амур вилоятида мамлакатимиз фуқаролари иштирокидаги можаро ўз ечимини топди

17.07.2020 12:35

ТОШКЕНТ, 16 июль. /«Дунё» АА/. Ўзбекистоннинг Россиядаги аввал маълум қилганидек, 2020 йил 13 июль куни Амур вилояти Свободний туманидаги “Renaissance Heavy Industries” компаниясига тегишли вақтинчалик вахта шаҳарчасида Ўзбекистон Республикаси фуқаролари иштирокида ҳодиса юз берган эди, деб хабар қилмоқда “Дунё” АА мухбири.

Шу куннинг ўзида можаро тафсилотларини аниқлаш ва уни ҳал қилишда иштирок этиш, Ўзбекистон Республикаси фуқароларининг қонуний ҳуқуқ ва манфаатлари ҳимоясини таъминлаш мақсадида воқеа жойига элчихона Бош консули Меҳриддин Хайриддинов етиб борган.

Элчихона маълумотига кўра, Амур вилояти маъмурияти, прокуратура ва ички ишлар органлари, “Renaissance Heavy Industries” компанияси ва унинг субпудратчилари раҳбарияти ва вакиллари билан қатор музокаралар ўтказилган. Ватандошлар билан учрашувлар ташкил этилиб, уларнинг норозилигига сабаб бўлган омиллар ҳақида батафсил ахборот олинган.

Россия ва Туркия томони билан ҳамкорликда амалга оширилган чора-тадбирлар натижаси ўлароқ муаммонинг барча учун мақбул ечими топилди ва вақтинчалик шаҳарчада тартиб-интизом тикланган. 2020 йил 16 июль кунидан Ўзбекистон фуқаролари иш ташлашни тўхтатиб, объектда меҳнат фаолиятини яна бошлаган.

Ҳозирги вақтда Россия Федерацияси тергов органлари томонидан юз берган ҳодиса юзасидан процессуал ҳаракатлар амалга оширилмоқда. Текширувлар нафақат тартибсизликлар иштирокчиларига нисбатан, балки иш берувчи томонидан меҳнат қонунчилигининг бузилиши бўйича ҳам олиб борилмоқда. Ўз навбатида, элчихона мазкур жараёнда ватандошларимизнинг қонуний ҳуқуқ ва манфаатлари бузилмаслиги учун барча зарурий чора-тадбирларни амалга оширади.

Шу билан бирга, элчихона юзага келадиган барча муаммоларни ноқонуний, зўравонлик усуллари, вайронгарчилик ва шантаж орқали эмас, балки тинч йўл билан, мулоқот ва музокаралар орқали ҳал қилиш зарурлигини таъкидлайди. Фуқароларни тартибсизликларга чорлаган барча шахслар жавобгарликка тортилади ҳамда қонунда белгиланган тартибда жазоланади.

Россия ҳудудида меҳнат фаолиятини амалга ошириш мақсадида бўлиб турган Ўзбекистон фуқароларининг қонуний ҳуқуқ ва манфаатлари бузилган тақдирда улар Ўзбекистон элчихонаси ва Бош консулхоналари, шунингдек, Ташқи меҳнат миграцияси масалалари бўйича агентликнинг ваколатхонасига мурожаат қилишлари мумкин. Мурожаат учун рақамлар элчихона сайтида http://uzembassy.ru/page/870 ҳаволасида жойлаштирилган.

Online Maslahat

Ism

E-mail

Maslahat

Useful links

booked.net
booked.net