Ўзбекистон элчиси мамлакатимиз бозорига киришдан манфаатдор Португалия компаниялари раҳбарлари билан музокаралар ўтказди

09.08.2020 11:33

ПАР?Ж, 9 август. /“Дунё” АА/. Қароргоҳи Парижда жойлашган Ўзбекистоннинг Португалиядаги элчиси Сардор Рустамбоев "Five Thousand Miles" компаниясининг Амалиётлар бўйича бош директори Хуан Монаро, компаниянинг Халқаро алоқалар бўйича раҳбари Жавоҳир Чоршанбоев ва " Ideasouffle Unipessoal Lda" пойабзал компанияси менежери Нодир Қурбонов билан видеоконференция шаклида музокаралар олиб борди, деб хабар бермоқда “Дунё” АА мухбири.

Музокараларда экспорт географиясини кенгайтириш, чет элда яшаётган ва ишлаётган юртдошларимиз иштирокида ўзбекистонлик ишлаб чиқарувчилар учун янги бозорларни топиш муаммоларини ҳал этиш масалалари кўриб чиқилди.

Суҳбатда португалиялик тадбиркор таъкидлаганидек, унинг компанияси бизнесни узоқдан бошқариш учун зарур инфратузилма ва ходимларга эга. Бу эса компания билан иш олиб борадиган мижозларнинг бозорга бевосита ташриф буюришларига зарурат қолдирмайди, “Five Thousand Miles” компанияси ўз шерикларига ана шундай имкониятни тақдим этади.

“Биз Европа, Жанубий Америка ва Осиёдаги кўплаб компаниялар билан ишлаймиз, янги шериклар билан ўзаро манфаатли ҳамкорликни ўрнатишга бундан кейин ҳам тайёрмиз. Бундан ташқари, европалик ишлаб чиқарувчиларнинг замонавий ускуналарини жалб қилиш ҳам компаниямиз хизматларидан ҳисобланади”, деди Хуан Монаро.

Ўз навбатида, ҳамюртимиз Жавоҳир Чоршанбоев нафақат импортчилар билан, балки қўшма лойиҳаларни амалга ошириш учун Ўзбекистон бозорига киришдан манфаатдор бўлган салоҳиятли инвесторлар билан алоқаларни ўрнатишда ёрдам беришга тайёрлигини билдирди.

Нодир Қурбонов Португалияда сўнгги 15 йилда пойабзал ишлаб чиқаришдаги муваффақиятли фаолияти ҳақида гапириб берди. У маҳаллий шериклар билан биргаликда Европа ускуналари, технологиялари ва мутахассисларини жалб қилган ҳолда Ўзбекистонда пойабзал ишлаб чиқаришни йўлга қўйиш ниятида эканини айтди.

Маълумот учун, “Five Thousand Miles” – бу шерикларни топишда ёрдам берадиган ва янги бозорларда уларга ҳамроҳ бўлган хизмат кўрсатувчи компаниядир. Компания қароргоҳи Лиссабонда жойлашган.

“Ideasouffle Unipessoal Lda” Европанинг машҳур брендлари учун пойабзал ва шунга ўхшаш маҳсулотларни ишлаб чиқаришга ихтисослашган.

Online Maslahat

Ism

E-mail

Maslahat

Useful links

booked.net
booked.net