Ўзбекистон делегацияси терроризмни молиялаштиришга қарши курашиш бўйича Евроосиё гуруҳининг 32-ялпи мажлисида иштирок этди

19.06.2020 12:10

ТОШКЕНТ, 19 июнь. «Дунё» АА/. Бугун Ўзбекистон Республикаси Бош прокуратура ҳузуридаги ?қтисодий жиноятларга қарши курашиш департаменти ва Молия вазирлиги вакилларидан иборат Ўзбекистон делегацияси Жиноий даромадларни легаллаштириш ва терроризмни молиялаштиришга қарши курашиш бўйича Евроосиё гуруҳининг видеоанжуман шаклида ташкил этилган 32-ялпи мажлисида иштирок этди, деб хабар бермоқда «Дунё» АА мухбири Бош прокуратура манбасига асосланиб.

Мазкур ялпи мажлисда Евроосиё гуруҳига аъзо давлатлар (Беларусь, Ҳиндистон, ХХР, Қозоғистон, Қирғизистон, Россия, Тожикистон, Туркманистон ва Ўзбекистон) делегациялари ва Жиноий даромадларни легаллаштиришга қарши курашишда молиявий чоралар ишлаб чиқувчи гуруҳ (ФАТФ) Котибияти вакиллари иштирок этди.

Йиғилишни Евроосиё гуруҳи раиси Ю.А.Чиханчин (Россия) олиб борди. Тадбирни ФАТФ Президенти Сямин Лю (Хитой) кириш сўзи билан очди.

Кун тартибига мувофиқ, делегациялар томонидан Евроосиё минтақасида жиноий даромадларни легаллаштириш ва терроризмни молиялаштиришга қарши курашиш билан боғлиқ муҳим масалалар, шунингдек мазкур соҳадаги миллий тизимларни мустаҳкамлаш мақсадида халқаро ҳамкорликни кучайтириш юзасидан чоралар муҳокама қилинди.

Жумладан, Евроосиё минтақасида жиноий даромадларни легаллаштириш ва терроризмни молиялаштириш хатарини баҳолашни ўтказиш методологияси ва ушбу мақсадларда ахборот тўплаш усуллари ялпи мажлис томонидан тасдиқланди. Тасдиқланган ҳужжатлар асосида аъзо давлатлар ва Евроосиё гуруҳи Котибияти вакилларидан иборат лойиҳа гуруҳи бевосита ахборотларни тўплаш ва таҳлил қилишга киришади.

Covid-19 пандемиясига нисбатан бутун дунёда мисли кўрилмаган чеклов чоралари қабул қилинганлиги сабабли, йиғилиш иштирокчилари жиноий даромадларни легаллаштириш ва терроризмни молиялаштириш билан боғлиқ янги хавф ва таҳдидларни аниқлаш ҳамда уларни камайтириш бўйича Евроосиё гуруҳига аъзо давлатлар томонидан кўрилаётган чоралар юзасидан ўзаро тажриба алмашди.

Йиғилиш давомида,шунингдек, делегациялар томонидан Германия Федератив Республикасига Евроосиё гуруҳи кузатувчиси мақомини бериш тўғрисида қарор қабул қилинди.

Муҳокамалар якунига кўра, ялпи мажлис томонидан Евроосиё гуруҳининг 2019 йилдаги фаолияти тўғрисидаги ҳисобот, ташкилотнинг 2021 йил учун бюджети ҳамда Котибият ва ишчи гуруҳлар фаолиятини тартибга солувчи бир қатор ҳужжатлар тасдиқланди.

Ўзбекистон Республикаси делегациясининг бу каби халқаро тадбирларда иштирок этиши мазкур соҳадаги миллий тизим салоҳиятини ошишига, халқаро ва минтақавий ҳамкорликнинг кучайишига хизмат қилади.

Online Maslahat

Ism

E-mail

Maslahat

Useful links

booked.net
booked.net