Ўзбекистон – Буюк Британия: мажбурий меҳнат ва одам савдосига қарши курашда ҳамкорликни мустаҳкамлашдан манфаатдор

17.08.2020 17:36

ЛОНДОН, 17 август. /«Дунё» АА/. Ўзбекистон Республикаси Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги вакиллари мамлакатимизнинг Лондондаги элчихонаси билан ҳамкорликда Буюк Британия Ташқи ишлар вазирлиги ва Халқаро тараққиёт вазирлиги билан онлайн музокаралар ўтказди, деб хабар бермоқда «Дунё» ахборот агентлиги мухбири.

Ушуб музокараларни ўтказишдан мақсад мажбурий меҳнат ва одам савдосига барҳам бериш бўйича амалий ҳамкорликни йўлга қўйишдир.

Музокаралар чоғида Меҳнат вазирининг биринчи ўринбосари Эркин Муҳиддинов Британия томонига мамлакатимизда ижтимоий соҳада олиб борилаётган ислоҳотлар, муносиб меҳнат шароити ва ижтимоий адолатни таъминлаш, мажбурий ва болалар меҳнатига барҳам бериш бўйича кўрилаётган чора-тадбирлар, шунингдек, ушбу соҳада халқаро ҳамкорликни ривожлантириш бўйича амалий чоралар ҳақида маълумот берди.

Ўзбекистоннинг «Альянс 8.7» га қўшилишидан манфаатдорлиги таъкидланди ва ушбу ассоциация доирасида Британия томони билан ҳамкорликни ривожлантиришга умид билдирилди.

Халқаро меҳнат ташкилоти ташаббуси билан 2016 йилда «Альянс 8.7» БМТ Барқарор ривожланиш мақсадларининг 8.7-бандини, хусусан, мажбурий ва болалар меҳнати, замонавий қуллик ва одам савдосига барҳам беришга қаратилган. Ўнлаб мамлакатлар ҳамда икки юздан ортиқ давлат ва нодавлат ташкилотлари «Альянс 8.7»  аъзоси ҳисобланади.

Буюк Британия Ташқи ишлар вазирлиги Миграция ва замонавий қуллик масалалари бўйича махсус вакили Женнифер Таунсон Ўзбекистоннинг ютуқлари, мамлакатда мажбурий ва болалар меҳнатини йўқ қилишга қаратилган қатъий интилишларга юқори баҳо берди.

— Ўзбекистоннинг «Альянс 8.7» фаолиятидаги иштироки мамлакатнинг ижобий обрўсини янада мустаҳкамлайди, — деди Женнифер Таунсон.  —Шунингдек, бошқа давлатлар, халқаро ташкилотлар, нодавлат нотижорат ташкилотлари ва хусусий сектор билан ҳамкорликни кучайтиришга имкон беради. «Альянс 8.7» нинг фаол ва нуфузли аъзоси сифатида Британия томони ушбу иттифоқ доирасида Ўзбекистонни қўллаб-қувватлашга тайёр. Буюк Британия ушбу масала бўйича Ўзбекистон билан икки ва кўп томонлама ҳамкорликни ривожлантиришдан манфаатдор.

Музокаралар якунида томонлар биргаликда амалга ошириш учун аниқ таклиф ва лойиҳаларни ишлаб чиқишга келишиб олди.

Online Maslahat

Ism

E-mail

Maslahat

Useful links

booked.net
booked.net