Ўзбекистон билан ҳамкорлик умумий ва устувор мақсадларимизга муштаракдир — Антониу Виторину

10.06.2020 13:07

ЖEНEВА, 10 июнь. /«Дунё» АА/. Ўзбекистон Республикасининг Женева шаҳридаги БМТ бўлинмаси ва бошқа халқаро ташкилотлардаги Доимий ваколатхонаси раҳбари Улуғбек Лапасов Халқаро миграция ташкилоти (ХМТ) бош директори Антониу Виторину билан учрашди, деб хабар бермоқда «Дунё» АА мухбири.

ХМТ 1951 йилда ташкил этилган. Унинг бош қароргоҳи Женева шаҳрида жойлашган. У миграция соҳасидаги етакчи халқаро ташкилот бўлиб, ҳукуматлар ва фуқаролик жамияти ташкилотлари билан миграция масалаларини ҳал этишни кучайтириш, миграция жараёнлари орқали ижтимоий ва иқтисодий ривожланишни қўллаб-қувватлаш, муҳожирларнинг инсоний қадр-қиммати ҳамда фаровонлигини таъминлаш бўйича иш олиб боради.

 Антониу Виторину 2018 йилдан буён  ХМТ Бош директори лавозимида фаолият кўрсатиб келмоқда. У илгари Португалия мудофаа вазири ва Бош вазири ўринбосари, шунингдек, Европа ?ттифоқининг адлия ва ички ишлар бўйича комиссари лавозимларида ишлаган.

Эслатиб ўтамиз, Ўзбекистоннинг мазкур ташкилотга аъзо бўлиш бўйича аризаси 2018 йил декабрда ўтказилган ХМТ Кенгашининг 109-сессиясида қабул қилинган ва мамлакатимиз 173-аъзо давлатга айланган.

Ўтган йиллар давомида Ўзбекистонда ХМКнинг 12 та лойиҳаси амалга оширилди. Ушбу лойиҳалар доирасида 5 мингдан ортиқ одам савдоси жабрдийдалари  ва ҳимоясиз муҳожирларга ёрдам кўрсатилди. Шунингдек, тегишли ахборот кампанияларининг ушбу мавзудаги лойиҳалари қўллаб-қувватланди.

Учрашувда икки томонлама ҳамкорликнинг устувор масалалари муҳокама қилинди.

Хусусан, ХМТнинг миллий ва минтақавий лойиҳаларини Ўзбекистонда амалга ошириш, шунингдек, СОVID-19 га қарши курашнинг глобал стратегик режасида мамлакатимиз иштирокидаги тадбирлар тўғрисида фикр алмашилди.

ХМТ билан ўзаро ҳамкорликнинг баъзи соҳалари батафсил кўриб чиқилди, жумладан, Ўзбекистоннинг салоҳиятли ишлаётган муҳожирлари малакасини ошириш бўйича тажриба марказини ташкил этиш, диаспора билан самарали ҳамкорлик ўрнатиш, одам савдосига қарши курашиш, муҳожир болаларни ҳимоя қилиш ва транспорт инфратузилмасини такомиллаштириш масалалари кун тартибидан ўрин олди.

Учрашув чоғида мамлакатмизда Президентимиз раҳбарлигида меҳнат миграциясини тартибга солиш, шу жумладан ташқи миграция бўйича Бош вазир маслаҳатчиси лавозимини жорий қилиш орқали аҳолининг ижтимоий ҳимояга муҳтож қатламларини ҳимоя қилиш бўйича амалга оширилаётган чора-тадбирлар хусусида батафсил ахборот берилди.

Ўз навбатида, Антониу Виторину ташкилотнинг Ўзбекистондаги ваколатхонаси ходимлари сонини кўпайтириш орқали тузилманинг мамлакатимиздаги иштирокини кенгайтириш тўғрисида қабул қилинган қарори ҳақида маълумот берди.

Музокаралар жараёнида, шунингдек, Женева ва Тошкентда бўлажак қўшма тадбирлар жадвали кўриб чиқилди.

Учрашув якунига кўра, ўзаро манфаатли масалалар бўйича ҳамкорликни янада ривожлантириш, ХМТ ва Ўзбекистоннинг тегишли вазирлик ҳамда идоралари ўртасида алоқаларни янада кенгайтириш тўғрисида келишувга эришилди.

ХМТ бош директори «Дунё» ахборот агентлигига берган интервьюсида халқаро ташкилот Ўзбекистоннинг ХМТга қўшилганидан мамнунлигини ва хавфсиз ҳамда доимий миграцияни таъминлаш борасида яқин ҳамкорликни ривожлантириш тарафдори эканини таъкидлади.

— Бизнинг фикримизча, ушбу ҳамкорлик ХМТга ҳам, Ўзбекистон ҳукуматига ҳам устувор мақсадларга эришиш, шу жумладан меҳнат ҳаракатчанлиги, одам савдосига қарши самарали курашиш ва муҳожирларнинг заиф тоифаларини, айниқса хотин-қизларни ҳимоя қилиш имконини беради, — деди у. — Фурсатдан фойдаланиб, Ўзбекистон раҳбариятига СOVID-19 сабабли қабул қилинган карантин чекловлари туфайли Ўзбекистон ва Қозоғистон чегарасида қолиб кетган 250 нафар тожикистонлик муҳожирларни ватанга қайтишларига имкон бергани, гуманитар йўлак яратгани учун миннатдорлик билдирмоқчиман.

Ташкилот бош директори, шунингдек, миграция соҳасида нафақат миграция оқимларини тартибга солишга, балки муҳожирларнинг заиф тоифаларини ҳимоя қилиш кафолатлари масалаларига ҳам катта аҳамият бериш кераклигини қайд этди.

“Афсуски, пандемиянинг жаҳон иқтисодиётига таъсири оқибатида мигрантларнинг даромадлари сезиларли даражада камайди. Ушбу ҳолатда Россия ва Қозоғистондаги 500 нафар ўзбекистонлик муҳожирларга ёрдам беришда иштирок этганимиздан хурсандман. Уларга тезкор гуманитар ёрдам керак эди. ?шончим комилки, биз ушбу муҳожирлар билан боғлиқ вазифамизни муваффақиятли бажардик”, дейди Антониу Виторину.

Таъкидлаш ўринли, ХТМнинг Ўзбекистондаги ва БМТдаги дастурлари ҳамда лойиҳалари вирус тарқалишига қарши курашиш, инфекцияни юқтириш ҳолатларини кузатиб бориш ва юридик мақомидан қатъий назар фуқаролар ва муҳожирларни даволашга қаратилган.

Online Maslahat

Ism

E-mail

Maslahat

Useful links

booked.net
booked.net