«Ўзбекистон билан бирдамлик» хайрия акцияси доирасида 500 оила қўллаб-қувватланди

27.07.2020 10:17

ЛОНДОН, 27 июль. /«Дунё» АА/.  Хорижда яшаётган ватандошлар ташаббуси билан  «Ўзбекистон билан бирдамлик» хайрия акцияси доирасида «Эзгу Амал» хайрия фонди мамлакатимизда кўмакка муҳтож 500 оилага  озиқ-овқат тўпламларини тақдим қилди, деб хабар бермоқда «Дунё» АА мухбири.

Озиқ-овқат маҳсулотларидан иборат тўпламлар Қорақалпоғистон Республикасида 200, Самарқанд, Навоий ва Бухоро вилоятларида эса 300 та оилага етказиб берилди.

Жумладан, Қорақалпоғистоннинг Нукус шаҳри, Мўйноқ, Тўрткўл, Тахтакўпир туманлари аҳолиси хайрия ёрдамидан баҳраманд бўлишди.

 Шунингдек, Бухоро вилоятининг Бухоро ва Когон шаҳри, Олот ва Ромитан туманларида 100 та, Навоий вилояти Мурунтов мавзесида 100 та ва Самарқанд вилояти Ургут туманида ҳам 100 та оила озиқ-овқат билан таъминланди.

Гуманитар ёрдам маҳаллий нодавлат нотижорат ташкилотлар ва кўнгиллилар ёрдамида тарқатилди. Акциялар маҳаллий ҳокимият органлари билан ҳамкорликда, шунингдек, карантин режими ва ижтимоий масофага риоя қилган ҳолда ташкил этилди.

Аввалроқ, акция ташкилотчилари Тошкент шаҳар онкологик диспансерининг болалар бўлимига, Гематология ва қон қуйиш илмий-тадқиқот институтига инфузион насослар ҳамда кондиционерларни тақдим этишган эди.

Хайрия акцияси ташаббускорлари, шунингдек, республиканинг тиббиёт муассасалари эҳтиёжлари учун кислород концентраторлари, пульс оксиметрлари ва бошқа тиббий асбоб-ускуналарни, шунингдек, шахсий ҳимоя воситаларини сотиб олишни режалаштирмоқда.

Эслатиб ўтамиз, «Ўзбекистон билан бирдамлик» инсонпарварлик акцияси шу йил апрель ойининг бошида чет элда яшаётган бир гуруҳ ватандошлар томонидан бошланган. Акциянинг мақсади тиббиёт муассасаларига ва аҳолининг кўмакка муҳтож қатламларига коронавирус пандемиясига қарши курашда ёрдам бериш учун маблағ тўплашдир.

Лойиҳанинг Ўзбекистондаги ҳамкори « Эзгу Амал» жамғармаси бўлиб, у акция ташаббускорлари билан келишган ҳолда маблағларни мамлакат аҳолисининг ёрдамга муҳтож қатламларига етказиб беради. Ёрдамнинг аниқ миқдори ва турлари мавжуд вазиятдан келиб чиққан ҳолда белгиланади.

Лойиҳа Европа тикланиш ва тараққиёт банки (ЕТТБ) томонидан қўллаб-қувватланмоқда.  ЕТТБ хайрия акцияси давомида йиғилган маблағ миқдорини икки баравар ошириш учун 50 минг еврогача маблағ ажратишга тайёр.

Маблағ йиғиш мақсадида ташкилотчилар томонидан Ўзбекистон маданияти ва санъати билан таништириш учун турли хайрия тадбирлари ва маҳорат дарслари ўтказилади.

Тарғибот жараёни ва тўпланган маблағлардан фойдаланиш тўғрисида ошкора ва батафсил ҳисобот доимий равишда махсус веб-сайтда (https://swuz.org/reports/), шунингдек, оммавий ахборот воситаларида ҳамда ижтимоий тармоқларда чоп этилмоқда.

Ўзбекистон Республикасининг Буюк Британиядаги ва Франциядаги элчихоналари, Лондондаги «Билим» ўзбек маданий маркази, Британия-Ўзбекистон дўстлик жамияти, Тезпарсел, Сафенетпай ва Лондондаги «ОшПаз» миллий таомлари бренди, шунингдек, Ўзбекистон санъати, маданияти ходимлари ва бошқалар лойиҳаларни амалга оширишда яқиндан ёрдам бериб келмоқда.

Online Maslahat

Ism

E-mail

Maslahat

Useful links

booked.net
booked.net