«Uzbekistan Airports» хорижий авиаташувчилар учун аэропортларда хизмат кўрсатиш тарифларини пасайтирмоқда

25.02.2020 11:03

ТОШКЕНТ, 25 февраль. /«Дунё» АА/. Парвозлар географиясини кенгайтириш ва хорижий авиакомпаниялар учун қулай шароит яратиш бўйича чора-тадбирлар доирасида «Uzbekistan Airports» акциядорлик жамияти хорижий авиаташувчилар ҳаво кемаларига Ўзбекистон Республикасидаги аэропортларда ер усти хизматларини кўрсатиш тарифлари камайтирилишини маълум қилди, деб хабар бермоқда “Дунё” АА мухбири Транспорт вазирлиги манбасига асосланиб.

Хусусан, 2020 йилнинг 1 март санасидан эътиборан барча маҳаллий аэропортларда учиб келаётган йўловчиларга хизмат кўрсатиш ставкаси бекор қилинади. Хорижий авиакомпанияларнинг юк ташиш рейсларида эса юкка ишлов бериш тарифлари пасайтирилади.  

Шунингдек, хорижий авиакомпанияларнинг бизнес-класс йўловчиларига хизмат кўрсатиш сифатини ошириш мақсадида Тошкент халқаро аэропортининг «Business Lounge» даги хизматлар  тарифи туширилади.

Ушбу чоралар халқаро авиация хизматлари бозорида мамлакатимиз аэропортларининг рақобатбардошлигини ошириш, аҳоли талабларини қондириш ва юртимизга келаётган чет эллик сайёҳлар оқимини кўпайтиришга қаратилган.

Хорижий авиакомпанияларнинг Ўзбекистон аэропортларида парвозларни амалга ошириш харажатларини пасайтириш мамлакатимиз аҳолиси ва чет эллик сайёҳлар учун авиачипталар нархини пасайтиришга йўналтирилган. Бундан ташқари юкларни ташиш учун тарифларнинг пасайтирилиши эса мамлакатимизнинг экспорт салоҳиятни янада ривожлантиришга ёрдам беради.

Online Maslahat

Ism

E-mail

Maslahat

Useful links

booked.net
booked.net