Ўзбек тили байрами куни Японияда нишонланмоқда

12.10.2021 14:37

ТОК?О, 12 октябрь. /«Дунё»/. Кеча мамлакатимизнинг Япониядаги элчихонаси ташаббуси билан Токио хорижий тиллар университети (ТХТУ)да 21 октябрь - Ўзбек тили байрами кунига бағишланган анжуман ўтказилди, деб хабар бермоқда «Дунё» АА мухбири.

Мазкур олий ўқув юрти 1873 йилда ташкил этилган бўлиб, Япониянинг энг кўҳна давлат университетларидан бири ҳисобланади. Университетда ўзбек тили 2009 йилдан буён асосий фан сифатида ўқитилмоқда. Ҳозирги пайтда бу йўналишда 45 нафарга яқин талаба таҳсил олаётир.

Тадбир доирасида ТХТУ президенти профессор Каёко Хаяси билан бўлиб ўтган учрашув чоғида икки томонлама ҳамкорликнинг ҳозирги ҳолати ва истиқболлари масалалари муҳокама қилинди. Ўзаро алоқаларни янада  ривожлантиришга келишиб олинди.

Каёко Хаясининг айтишича, университетда ўзбек тилига катта эътибор берилади, ўзбек тили бўйича дарслик, луғат ва қўлланмалар тайёрланган. У ҳозирги пайтда ўзи раҳбарлик қилаётган олий таълим муассасаси Тошкент Давлат шарқшунослик ва Алишер Навоий номидаги Тошкент давлат ўзбек тили ва адабиёти университетлари билан яқин алоқалар йўлга қўйилганини билдирди. Жумладан, жорий йил 9 апрель куни Тошкент Давлат шарқшунослик университети (ТДШУ) ва ТХТУ ўртасида ҳамкорлик меморандуми имзоланган. Ушбу ҳужжатга мувофиқ, ТДШУда ТХТУ томонидан «Global Japan Office» бўлими ташкил этилган.

Шундан сўнг ўзбектилини ўрганаётган талабалар ҳамда профессор-ўқитувчилар иштирокида Ўзбек тили байрамига бағишланган очиқ дарс ташкил этилди.

?штирокчиларга халқимизнинг кўп асрлик маданий, илмий-маърифий ва бадиий тафаккури, интеллектуал салоҳиятининг ёрқин ва бебаҳо маҳсули бўлган ўзбек тили жаҳондаги бой ва қадимий тиллардан бири эканлиги ҳамда унинг жамиятдаги ўрни ва нуфузини ошириш бўйича кенг кўламли ишлар олиб борилаётганлиги ҳақидаги маълумотлар тақдим этилди. Хусусан, давлатмиз раҳбари ташаббуси билан 21 октябрь - Ўзбек тили байрами куни деб белгилангани ва она тилимизнинг халқаро миқёсда нуфузи тобора ошиб бораётганлиги алоҳида қайд этилди.

Японияда ўзбек тили байрамини кенг нишонлаш мақсадида элчихона томонидан Ўзбекистон ва ўзбек тилини тарғиб этишга бағишлаб челлендж эълон қилингани маълум қилинди. Университет талабалари ушбу тадбирда фаол иштирок этишга чақирилди.

Очиқ дарс давомида япон талабаларини юртимизга бўлган қизиқишини ошириш мақсадида «Сиз Ўзбекистонни биласизми?» мавзусидаги викторина ўтказилиб, ғолибларга эсдалик совғалари топширилди.

Тадбир якунида талабаларга ўзбек тилини мукаммал ўрганиш асосида Ўзбекистон бўйича етук мутахассис бўлиш баробарида икки давлат ўртасидаги дўстона ҳамкорлик алоқаларини янада ривожлантириш учун ўз ҳиссаларини қўшишларига умид билдирилди.

Online Maslahat

Ism

E-mail

Maslahat

Useful links

booked.net
booked.net