Туркманистон Президентининг Самарқандга ташрифи Ўзбекистон Биринчи Президенти мақбараси зиёратидан бошланди

15.07.2022 18:12

ТОШКЕНТ, 15 июль. /«Дунё» АА/. Туркманистон Президенти Сердар Бердимуҳамедовнинг Самарқандга ташрифи ?слом Каримов мақбараси зиёратидан бошланди, деб хабар бермоқда «Дунё» АА мухбири.

Давлатимиз раҳбари матбуот хизмати маълумотига кўра, олий мартабали меҳмон  мамлакатимиз етакчиси  ҳамроҳлигида мажмуага бориб, Биринчи Президентимиз қабрига гул қўйди. Қуръон оятлари ўқилиб, дуо қилинди.

Бу халқимизга бўлган ҳурмат, қардошларга хос оқибат ифодаси бўлди.

Туркманистонлик меҳмонлар Мирзо Улуғбек музей-мажмуасини бориб кўрди.

Ушбу мажмуа буюк олим қурдирган расадхона ёнида ташкил этилган. Музей икки зал ва олти бўлимдан иборат. Ундан Мирзо Улуғбек даврига оид юздан зиёд ашёлар, китоблар, қўлёзмалар, асл нусхадаги квадрант асбоби ўрин олган. 

Буюк бобомизнинг нодир расадхонаси, юксак илму заковати меҳмонларда катта таассурот қолдирди.

Ўзбекистон ва Туркманистон Президентлари Амир Темур мақбарасини ҳам зиёрат қилди. Бобокалонимиз руҳига Қуръон тиловат қилинди.

Меҳмонларга буюк Соҳибқироннинг ҳаёти, саркардалик маҳорати, улкан давлати ҳақида сўзлаб берилди. Маълумки, Амир Темур ўзи идора қилган ўлкаларда илм, маданият, савдо ва ҳунармандчиликни ривожлантирган, мустаҳкам обидалар қурдирган. Хусусан, ҳозирги Марказий Осиё давлатларида Соҳибқирон бобомизнинг мероси алоҳида қадрланади.

Давлат раҳбарлари Регистон мажмуасига ташриф буюрди.

Мажмуадаги уч муҳташам обида – Мирзо Улуғбек, Шердор ва Тиллакори мадрасаларининг тарихи ҳақида сўзлаб берилди. Халқимизнинг меъморчилик анъаналари, мақбаралардаги нақшлар ва улардаги маънолар меҳмонларда катта қизиқиш уйғотди.

Шавкат Мирзиёев ва Сердар Бердимуҳамедов шу ерда эсдалик учун суратга тушди.

Online Maslahat

Ism

E-mail

Maslahat

Useful links

booked.net
booked.net