Туркий кенгаш доирасида Соғлиқни сақлаш илмий гуруҳининг видеоконференция шаклидаги йиғилиши бўлиб ўтди

12.08.2020 09:47

ТОШКЕНТ, 12 август. /“Дунё” АА/. Туркий тилли давлатлар ҳамкорлик кенгашининг Соғлиқни сақлаш бўйича мувофиқлаштирувчи қўмитаси қошидаги Соғлиқни сақлаш илмий гуруҳининг видеоконференция шаклидаги иккинчи йиғилиши бўлиб ўтди, деб хабар бермоқда “Дунё” АА мухбири.

Глобал инқироз – COVID-19 коронавируси дунё ҳамжамияти иқтисодий, сиёсий, ижтимоий ҳаётига ўзининг сезиларли таъсирини кўрсатмоқда. Бугунги кунда ушбу хавф ягона мақсад йўлида бирлашиш, соғлиқни сақлаш соҳасини ислоҳ қилиш ва аҳоли саломатлиги йўлида умумий ёндашувларни ишлаб чиқишнинг халқаро аҳамиятини яна бир бор кўрсатиб берди.

Жорий эпидемиологик вазиятда БМТ ва унинг идоралари, Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти, ШҲТ, МДҲ, Туркий тилли давлатлар ҳамкорлик кенгаши ва халқаро молия институтлари каби тузилмалар кун тартибида айни йўналишдаги ҳамкорлик долзарб мавзу сифатида кўриб чиқилмоқда. Ўзбекистон ҳам Президентимиз Шавкат Мирзиёев раҳбарлигида коронавирус инфекцияси кенг тарқалишининг олдини олиш, эрта ташхислаш ва уни даволаш бўйича миллий ва халқаро уйғун ҳаракатларда фаол иштирок этмоқда, қатор муҳим таклифларни ўртага ташламоқда.

Хусусан, Президентимиз жорий йил 10 апрель куни Туркий тилли давлатлар ҳамкорлик кенгашининг навбатдан ташқари видео-саммитида тажриба алмашинувларни кенг йўлга қўйиш мақсадида ташкилотга аъзо давлатлар соғлиқни сақлаш вазирларининг видеоконференция шаклидаги мулоқотларини ўтказиш таклифини илгари сурган эди.

Ўтган қисқа вақт давомида ушбу ташаббус доирасида кенгашга аъзо давлатлар соғлиқни сақлаш вазирлари ва соғлиқни сақлаш соҳаси вакилларининг экспертлар даражасидаги учрашувлари ташкил қилинди.

Бугунги тадбир эса Туркий кенгашга аъзо ва кузатувчи давлатлар мутахассислари ўртасида маълумотлар базасини юритиш ва биргаликдаги кузатувни амалга ошириш, эпидемиологик вазиятни таҳлил қилиш орқали касаллик тарқалиши ва ривожланиш босқичларини олдиндан башорат қилиш имкониятини яратгани билан аҳамиятли бўлди.

Тадбирда Ўзбекистон, Озарбайжон, Туркия, Қирғизистон, Қозоғистон, Венгрия соғлиқни сақлаш соҳасининг бир гуруҳ вакиллари иштирок этди.

Кун тартибига мувофиқ, Туркия Соғлиқни сақлаш вазирлиги ?лмий кенгаш аъзоси, профессор доктор Ҳакан Туркчапарнинг “COVID-19 пандемиясига қарши курашда шахсий ва жамоавий психологияни бошқариш” мавзусидаги тақдимоти бўлиб ўтди.

Томонлар соғлиқни сақлаш тегишли орган ва муассасаларининг профилактика, шунингдек, даволашнинг янги усуллари, COVID-19 каби хавфли инфекцияларга қарши вакциналарни ишлаб чиқишда ўзаро ҳамкорлигини ташкил қилиш юзасидан фикр алмашди.

Видеомулоқотда тиббиёт ходимларининг COVID-19 ва унга қарши вакциналарни ишлаб чиқиш жараёни тўғрисида билимларни ошириш мақсадида ?змирда ўтказиладиган дастурнинг аниқ санаси, кун тартиби ва талаблари белгилаб олинди.

Муҳим жиҳатлардан яна бири – Туркий кенгашга аъзо ва кузатувчи давлатлар шифохоналарида коронавирусдан даволанаётган беморларни даволашда илғор тажриба алмашиш учун тиббиёт мутахассисларининг мунтазам онлайн тренингларини ўтказиш санаси ва тегишли маълумотлар кўриб чиқилди.

Мулоқотлар якунида ижтимоий-иқтисодий ривожланиш учун COVID-19 пандемиясининг оқибатларини юмшатиш, эпидемиологик мониторинг механизмларини яратиш, маълумотлар ва тиббий тадқиқотлар натижалари бўйича маълумот алмашинувларини давом эттиришга келишиб олинди.

Online Maslahat

Ism

E-mail

Maslahat

Useful links

booked.net
booked.net