Турк компанияси Учқўрғон туманида йирик диагностика марказини қуради

12.01.2021 15:44

НАМАНГАН, 12 январь. /«Дунё» АА/. Вилоят ҳокимлигида  Туркиянинг «Kanimed Saglik Cozumleri LTD» компанияси бошқарув кенгаши раиси Филиз Эрдоған Марашлиоглу билан музокаралар ўтказилди, деб хабар бермоқда, «Дунё» АА мухбири .

Наманган вилояти ҳокимлиги манбасига кўра, турк компанияси Учқўрғон туманида «Замонавий диагностика марказини ташкил этиш» лойиҳасини амалга ошириш режалаштирилган. Лойиҳани амалга ошириш учун туманнинг «Чек» маҳалласи ҳудудидан 0,2 гектар ер майдони ажратиб берилди.

Мазкур лойиҳанинг умумий қиймати 5 миллион долларга тенг. Марказда энг замонавий тиббиёт анжомлари ёрдамида 200 дан ортиқ тиббий таҳлил намуналари олиниши кўзда тутилмоқда. Юқори малакали турк шифокорлари таклиф этилишидан ташқари маҳаллий кадрлар учун 50 та янги иш ўрни яратилади.

Вилоят ҳокими Шавкатжон Абдураззақов мулоқот давомида «Ёшларни қўллаб-қувватлаш ва аҳоли саломатлигини мустаҳкамлаш йили» деб эълон қилинган жорий йилда бу каби лойиҳаларнинг аҳамияти юқори эканлигини таъкидлаб, уларнинг амалга оширилиши учун барча шароитлар яратиб берилишини билдирди.

— Ҳозирги кунда компаниямизнинг диагностика маркази Сурхондарё вилоятида фаолият кўрсатмоқда, — деди Филиз хоним. — Яна Тошкентда ва Андижонда ҳам ана шундай марказларни очишни режалаштирганмиз. Намангандаги марказ кўлами ва сарфланаётган маблағ жиҳатидан уларнинг ичида энг йириги бўлади.

Маълумот учун, «Kanimed Saglik Cozumleri» компанияси бошқарув кенгаши раиси Филиз Эрдоған Марашлиоглу  давлатимиз раҳбарининг тегишли фармони билан Ўзбекистон Республикаси мустақиллигининг 29 йиллиги муносабати билан 1-даражали «Саломатлик» ордени билан мукофотланган.

Online Maslahat

Ism

E-mail

Maslahat

Useful links

booked.net
booked.net