Тошкентда янги ҳарбийлар маҳалласи қад ростлади

08.01.2021 15:39

ТОШКЕНТ, 8 январь. /«Дунё» АА/. Ўзбекистон Республикаси Қуролли кучлари ташкил топганлигининг 29 йиллиги ва 14 январь – Ватан ҳимоячилари куни олдидан пойтахтимизнинг «Дўстлик» метро бекати жойлашган ҳудудда  барпо этилган еттита кўп қаватли уйдан иборат янги ҳарбийлар  маҳалласи қад ростлади, деб хабар бермоқда «Дунё» АА мухбири.

Мудофаа вазирлиги Ахборот ва оммавий коммуникациялар департаменти  маълумотига кўра, бугун 350 оилага мўлжалланган бу хонадонлар ўз эгаларига тантанали тарзда топширилди,  «Шаҳар қурилиш инвест» компанияси томонидан барпо этилган уйлар юртни ҳимоя қилишдек шарафли касбни танлаган ҳарбий хизматчилар учун муносиб байрам совғаси бўлди. Хонадонлар калитларини топшириш маросимида Тошкент ҳарбий округи қўмондони полковник Зокиржон Сайфудинов, Тошкент шаҳар ҳокимининг биринчи ўринбосари Даврон Ҳидоятов, Яшнобод тумани ҳокими Бахтиёр Раҳмонқулов, Республика Маънавият ва маърифат маркази, Мудофаа вазирлиги ҳузуридаги Жамоатчилик кенгаши аъзолари иштирок этдилар.

Табдирда сўзга чиққанлар янги хонадонлар соҳиб ҳамда соҳибаларини бир умр эсдан чиқмайдиган воқелик билан муборакбод этишди.  Шундан сўнг, «Шаҳар қурилиш инвест» компанияси раҳбари Элёр Ризаев ҳарбий хизматчилар вакилига маҳалланинг рамзий калитини топширди. Тантанали очилиш маросимидан кейин тадбир қатнашчилари II даражали сержант Шерзод Манглиев ва кичик сержант Жамшид Худойназаров хонадонида меҳмон бўлдилар. Бир пиёла чой устида қурилган суҳбат давомида хонадон соҳиби ҳамда соҳибалари янги уйларга кўчиб ўтганлиги муносабати билан тадбир ташкилотчиларининг қимматбаҳо совғаларини ҳам қабул қилиб олишди.

Уч хонали, 96 квадрат метрдан иборат хонадонларда ҳарбий хизматчилар ва уларнинг оила аъзолари яшаши учун барча шароитлар яратилгани эътиборга молик. Айниқса, болалар ётоқхонаси ва у ерда болажонларнинг яхши таълим олиши назардан қочирилмаганлиги ҳамда уй бекаси учун энг муҳим бўлган ошхонанинг бугунги кун талабларидан келиб чиққан ҳолда жиҳозланганлиги кўрган кўзни қувонтиради.

– Ҳарбий соҳада 18 йилдан буён хизмат қилиб келаётган турмуш ўртоғим ва оиламиз учун бугун унутилмас кун. Ниҳоят биз ҳам ўз бошпанамизга эга бўлдик. Йиллар давомида ижарама-ижара кўчиб юришдек муаммодан қутулдик. Умр йўлдошим билан 12 йил муқаддам ҳарбий госпиталда танишиб, севишиб турмуш қурганмиз. Бобуршоҳ исмли 6 ёшли ўғлим ва 5 ёшли Садафхон қизим ҳам кўриб турганингиздек қувончи ичига сиғмаяпти. Кўрсатилган ғамхўрлик учун мамлакатимиз раҳбариятига чексиз миннатдорчилик изҳор қиламан. Оилавий қувончимизни Хоразм ва Наманганда яшовчи яқин қариндошларим билан нишонлаш насиб этмаган бўлса-да, янги хонадонда тўйлар қилиб, албатта уларни меҳмонга чақирамиз, – дейди II даражали сержант Шерзод Манглиевнинг турмуш ўртоғи Дилфуза Абдуллаева.

Online Maslahat

Ism

E-mail

Maslahat

Useful links

booked.net
booked.net