Тошкентда «Ўзбекистон энергетика форуми – UEF 2022» ўтказилади

14.06.2022 15:42

ТОШКЕНТ, 14 июнь. /«Дунё» АА/. Жорий йил 23-24 июнь кунлари Тошкентда «Ўзбекистон энергетика форуми – UEF 2022» ўтказилади, деб хабар бермоқда «Дунё» АА мухбири.

Энергетика вазирлиги маълумотига кўра, форум шу йил 18-20-май кунлари Тошкентда ташкил этилган «OGU 2022», «Power Uzbekistan 2022» халқаро кўргазмалари ва «GETCA 2022» ихтисослаштирилган бўлими каби «Энергетика тадбирлари туркуми»нинг мантиқий давоми бўлади.

Анжуман доирасида Шанхай Ҳамкорлик Ташкилотига аъзо давлатларнинг энергетика вазирлари учрашуви бўлиб ўтади.

Энергетика форуми кунлари, шунингдек, 24-Халқаро Ўзбекистон нефть ва гази – OGU анжумани ва 2-Халқаро энергетика анжумани ўтказилиши кўзда тутилган.

Ўзбекистон энергетика форуми энергетика соҳасини ривожлантириш режаларини, Ўзбекистонда ва, умуман, минтақадаги мавжуд долзарб муаммолар, шунингдек, жаҳон тажрибаси асосида уларни бартараф этиш йўлларини муҳокама қилиш бўйича давлат ҳокимияти, экспертлар ҳамжамияти ва хусусий бизнес вакиллари учун ноёб восита сифатида хизмат қилади.

Таъкидлаш жоизки, Ўзбекистон ўз ресурслари ҳисобидан электр энергияси билан тўлиқ таъминланган дунёнинг саноқли давлатларидан бири ҳисобланади. Аммо республика раҳбарияти эришилган натижа билан қаноатланиб қолмасдан «2020-2030 йилларда Ўзбекистон Республикасини электр энергияси билан таъминлаш концепцияси» ва бошқа дастурий қадамлар доирасида кенг кўламли ислоҳотларни амалга оширмоқда.

Форумдан кўзланган мақсади жаҳон энергетика ҳамжамиятининг конструктив фикр алмашиши, ёқилғи-энергетика соҳасидаги ўзаро манфаатли ҳамкорлик алоқаларини мустаҳкамлаш ва Ўзбекистоннинг минтақавий энергетика тизимига интеграциялашуви билан изоҳланади.

Бугунги кунга қадар 12 мамлакатдан 60+ маърузачилар ҳамда Озарбайжон, Буюк Британия, Германия, ?талия, Қозоғистон, БАА, Россия, Саудия Арабистони, АҚШ, Ўзбекистон, Франция, Япония вакиллари ўз иштирокларини тасдиқладилар.

Форум дастури глобал миқёсда тоза ва барқарор энергияга ўтишдан нефть ва газ саноатини рақамлаштиришга, электр секторини ўзгартириш ва инвестицияларни жалб қилишдан атом энергиясига қадар кенг қамровли мавзуларни ўз ичига олади.

Форум ишида тегишли давлат тузилмалари, етакчи халқаро нефт-газ ва энергетика компаниялари, молия институтлари вакиллари, халқаро экспертлар, илмий-тадқиқот соҳаси вакиллари иштирок этади.

Тадбирлар «Iteca Exhibitions» халқаро кўргазма компанияси ва унинг ҳамкори «ICA Eurasia»нинг ташкилий кўмаги остида ўтказилади.

Online Maslahat

Ism

E-mail

Maslahat

Useful links

booked.net
booked.net