Тошкентда Россия Федерацияси Ҳукумати Раиси ўринбосари билан учрашув бўлиб ўтди

16.09.2020 17:07

ТОШКЕНТ, 16 сентябрь. /“Дунё” АА/. ?нвестициялар ва ташқи савдо вазирлигида Ўзбекистон Республикаси Бош вазири ўринбосари С.Умурзоқовнинг Россия Федерацияси Ҳукумати Раиси ўринбосари А.Оверчук билан учрашуви бўлиб ўтди, деб хабар бермоқда “Дунё” АА мухбири.

?нвестициялар ва ташқи савдо вазирлиги хабарида келтирилишича, учрашув кўп қиррали икки томонлама ҳамкорликни мустаҳкамлаш йўлида яна бир қадам бўлди. Томонлар ўзаро келишувларни амалга ошириш жараёнини муҳокама қилди, қўшма ташаббус ва лойиҳалар доирасидаги кейинги амалий ҳаракатлар белгилаб олинди.

Сармоявий ҳамкорликда ўсиш кузатилаётгани қайд этилди. Жорий йилнинг ўтган саккиз ойи давомида 209 та қўшма корхона ташкил этилди. Сўнгги уч йилда Ўзбекистонда Россия капитали иштирокидаги корхоналар умумий сони икки бараварга кўпайиб 2 мингтадан ортди.

Мулоқот чоғида Ўзбекистонда қўшма лойиҳаларни келишиш ва амалга ошириш масалалари муҳокама қилинди. Айни пайтда саноат кооперацияси соҳасида 5,8 миллиард доллар миқдорида 104 та инвестиция лойиҳаси ишлаб чиқилмоқда. Қўшма лойиҳалар кейинчалик учинчи мамлакат бозорларига сотилиши учун ҳар икки мамлакат ҳудудида юқори қўшимча қийматли маҳсулотлар ишлаб чиқаришни ташкил этишга қаратилган. Шунингдек, янги истиқболли лойиҳаларни биргаликда ишлаб чиқиш орқали инвестициявий шерикликни янада кенгайтириш учун устуворликлар белгиланди.

?мзоланиши икки мамлакат ўртасида товар айланмасини ошириш учун қулай шароит шакллантиришга имкон яратадиган қатор ҳукуматлараро ва идоралараро ҳужжатлар келишувини жадаллаштириш механизмлари кўриб чиқилди.

Россия Федерациясига олий даражадаги ташрифга тайёргарлик кўриш бўйича икки мамлакат вазирлик ва идоралари ўртасидаги ҳамкорликни фаоллаштириш бўйича алоҳида келишувга эришилди. Шу нуқтаи назардан, қатор қўшма тадбирларни, жумладан, Минтақалараро ҳамкорликнинг II форуми, ХҲЮК ҳудудида Ўзбекистон Республикаси кўргазма-маданий марказининг очилиши, Москвада “Made in Uzbekistan” миллий кўргазмаси, Таълим форуми ва медиафорум ташкил этилишининг амалий жиҳатлари муҳокама қилинди.

Ўзбекистоннинг Евросиё иқтисодий иттифоқи билан ҳамкорлиги ва бу борадаги фаол икки томонлама муносабатларни давом эттириш юзасидан конструктив фикр алмашилди.

Келишилган лойиҳалар ва ташаббусларни тезкор равишда татбиқ этиш ва амалга ошириш жараёнини ҳар ойда кўриб чиқиш ҳамда Ўзбекистон ва Россия ишбилармон доираларини инвестициявий шерикликни ошириш имкониятлари ва икки томонлама савдо ҳажмини кўпайтириш механизмлари тўғрисида хабардор қилишга келишиб олинди.

Улар, шунингдек, меҳнат миграциясини тизимлаштиришнинг амалий механизмларини биргаликда ишлаб чиқиш ва ватандош-муҳожирларнинг ҳуқуқ ва манфаатларини ҳимоя қилишга ва уларнинг Россия Федерациясида яшаш ва меҳнат фаолиятини олиб бориш шароитларини яхшилашга қаратилган тартибга солинган тизимни жорий этиш бўйича келгусида биргаликда иш олиб боришнинг зарурлигини таъкидлади.

Online Maslahat

Ism

E-mail

Maslahat

Useful links

booked.net
booked.net