Тошкентда Республика тармоқлараро саноат ярмаркаси бошланди

14.12.2021 17:32

ТОШКЕНТ, 14 декабрь. /"Дунё" АА/. Бугун “Ўзэкспомарказ” Миллий кўргазмалар марказида ?нвестициялар ва ташқи савдо вазирлиги, Тошкент шаҳар ҳокимлиги ва Электрон кооперация портали маркази ҳамкорлигида ташкил этилган Республика тармоқлараро саноат ярмаркаси ўз ишини бошлади, деб хабар бермоқда “Дунё” АА мухбири.

Ярмаркада 3 минг 185 маҳаллий ишлаб чиқарувчи 5 минг турдаги маҳсулотни намойиш этмоқда.

Тадбирнинг ишбилармонлик дастури ғоят бой бўлиб, маҳаллий тадбиркорлар ва ишлаб чиқарувчиларни қўшма лойиҳаларни амалга оширишга кенг жалб этиш, саноат кооперациясини йўлга қўйиш ва ички бозорда талаб юқори бўлган маҳсулотлар ишлаб чиқаришни маҳаллийлаштиришда самарадорликни таъминлашга қаратилган.

Маҳаллий ишлаб чиқарувчиларни қўллаб-қувватлаш, маҳаллий корхоналар, жумладан, кичик бизнес ва хусусий тадбиркорлик субъектлари томонидан ишлаб чиқарилаётган маҳсулот турларини ўрганиш, келгусида ишлар кўламини кенгайтириш мақсадида буюртмалар портфелини шакллантириш (шартнома ва меморандумлар имзолаш)га алоҳида эътибор қаратилмоқда.

Ярмаркага республиканинг барча ҳудудларидан келган тадбиркорлар ва экспортчилар учун ?нвестициялар ва ташқи савдо вазирлиги ҳузуридаги ?нвестиция лойиҳаларини ривожлантириш маркази томонидан саноат салоҳиятини, ички бозор конъюнктурасини, шунингдек, маҳаллий ишлаб чиқарувчиларнинг хомашё ва бутловчи қисмларга бўлган эҳтиёжини чуқур таҳлил қилиш натижасида дастлабки техник-иқтисодий ҳисоб-китоблар асосида шакллантирилган аниқ инвестиция таклифлари тайёрланди. Кўргазма доирасида тадбиркорлар ва лойиҳаларнинг салоҳиятли ташаббускорлари аниқ лойиҳалар бўйича ҳамкорлик истиқболларини атрофлича муҳокама қилиш имконига эга бўлди.

Ярмарканинг биринчи кунида экспортбоп ва импорт ўрнини босувчи маҳсулотлар кўргазмаларини ташкил этиш, саноат кооперациясини янада ривожлантириш бўйича ишлаб чиқариш лойиҳалари бўйича таклифлар тақдимоти бўлиб ўтди. Шунингдек, Ўзбекистон Электрон кооперация портали мутахассислари томонидан В2В форматида музокаралар олиб бориш ва хўжалик юритувчи субектлар томонидан импорт ва тақдим этилган намуналарни ишлаб чиқиш бўйича ҳамкорлик тўғрисида шартномалар тузиш жараёнида амалий ёрдам кўрсатилди.

Республика тармоқлараро саноат ярмаркаси жорий йилнинг 18 декабрига қадар давом этади.

“Дунё” ахборот агентлиги мухбири ярмарка иштирокчиларининг айримлари билан суҳбатлашди.

«CHILON LUBRICANTS» МЧЖ қўшма корхонаси директори Рустам Эминжонов:

– Корхонамиз 2013 йилда ташкил этилган. Биз Ўзбекистонда сифатли мойлаш материаллари ва мойлар ишлаб чиқарувчи етакчи компаниялардан бири ҳисобланамиз. 158 турдаги маҳсулот ишлаб чиқарамиз. Бизнинг ишлаб чиқаришимиз  цехларимиз энг замонавий юқори сифатли ускуналар билан жиҳозланган, МДҲда 6-ўринни эгаллаган ўз лабораториямиз бор. 2022 йилгача ишлаб чиқариш ҳажмини йилига 12,5 минг тоннага етказишни режалаштирганмиз. Маҳсулотларимиз харидорлари орасида Навоий кон-металлургия комбинати, Олмалиқ кон-металлургия комбинати, “Ўзбекнефтгаз” акциядорлик жамияти, БРЗ (Ангрендаги биринчи каучук заводи), “Ўзбекистон темир йўллари” акциядорлик жамияти ва бошқа кўплаб корхоналар бор.

Маҳсулотларимизни қўшни давлатларга экспорт қилишни йўлга қўйишга эътибор қаратмоқдамиз.

Бугунги кунда давлатимиз кичик ва ўрта бизнесни ривожлантиришни ҳар томонлама қўллаб-қувватламоқда. Биз бу қўллаб-қувватлашни ҳар қачонгидан ҳам кўпроқ ҳис қилмоқдамиз.

Ўз навбатида, биз ҳам ўзимизни янада ривожлантириш, ишлаб чиқариш қувватларимизни кенгайтириш, маҳсулотларимиз экспортини йўлга қўйиш, ассортиментини кенгайтириш учун барча имкониятларимизни ишга солишга тайёрмиз.

“Ўзметкомбинат” АЖ маркетинг бўйича мутахассиси Бахтиёр Қосимов:

– Бугунги кунда “Ўзметкомбинат” акциядорлик жамиятида йилига 1 миллион 60 минг тонна пўлат прокат, қарийб 2,5 минг тонна мис-латун маҳсулотлари ишлаб чиқарилмоқда. Шунингдек, эмалланган пўлат идишлар, базальт асосидаги иссиқлик ўтказмайдиган материаллар ишлаб чиқарамиз. Барча маҳсулотларимиз ички ва ташқи бозорда харидоргир. Биз совуқ рулонли пўлат прокат ишлаб чиқариш бўйича янги лойиҳамизни амалга ошириш учун инвесторларни жалб қилмоқчимиз. Яқин кунларда ушбу лойиҳани бажаришни режалаштирганмиз. Бугунги кунда маҳсулотларимиз қўшни давлатлар – Тожикистон, Қирғизистон, Қозоғистон, Россия, Беларусь бозорларига экспорт қилинмоқда.

Яқинда ички ва ташқи бозорда ҳам харидоргир бўлган феррокремний ва феррокремний марганец ишлаб чиқаришни ҳам йўлга қўйдик. Хусусан, ушбу маҳсулотлар Россия ва Европа давлатларига экспорт қилинмоқда.

Мавжуд имкониятларимизни кенгайтириш, ҳамкорлик алоқаларини ривожлантиришни режалаштирганмиз, бу бугунги ярмаркада иштирок этишимиздан асосий мақсад ҳисобланади. 

Online Maslahat

Ism

E-mail

Maslahat

Useful links

booked.net
booked.net