Тошкентда ҳар икки йилда бир марта «Евроосиё» халқаро театр санъати фестивали ўтказилади

24.04.2021 11:04

ТОШКЕНТ, 24 апрель. /«Дунё» АА/. Ўзбекистон Вазирлар Маҳкамасининг «Евроосиё» халқаро театр санъати фестивалини ўтказиш чора-тадбирлари тўғрисидаги қарори эълон қилинди, деб хабар бермоқда «Дунё» АА мухбири.

 Унда  театр санъатининг ноёб намуналарини кенг тарғиб қилиш, ривожлантириш, турли халқлар ўртасидаги дўстлик ва биродарлик ришталарини янада мустаҳкамлаш, ижодий ҳамкорлик, маданий муносабатлар доирасини халқаро миқёсда кенгайтириш  бўйича қатор вазифалар  ўрин олди.

Қарорда «Евроосиё» халқаро театр санъати фестивалини 2022 йилдан бошлаб икки йилда бир марта Тошкент шаҳрида ўтказиш вазифалари ва фестивални ташкил этиш бўйича ташкилий қўмита таркиби тасдиқланди.

Фестиваль ҳар икки йилда бир марта октябрь ойининг сўнгги ўн кунлигида Тошкент шаҳрида ўтказилади.

«Евроосиё» халқаро театр санъати фестивалини ташкил этишдан мақсад Ўзбекистон ва хорижий давлатлар ўртасидаги театр санъати, давлатлараро маданий алоқалар соҳасидаги халқаро ҳамкорликни янада ривожлантириш, ягона маданий платформани яратишдан иборат.

Мазкур халқаро маданият тадбири турли халқлар ўртасидаги дўстлик ва биродарлик ришталарини янада мустаҳкамлаш, маданий муносабатлар доирасини халқаро миқёсда кенгайтириш ҳамда театр ижодкорларини бирлаштиришга хизмат қилади.

Бундан ташқари, Ўзбекистон аҳолиси ва меҳмонларини замонавий театрнинг бугунги ҳолати, етакчи саҳна усталари ва театр санъатининг энг яхши намуналари билан таништиради ва иқтидорли ижодкор ёшларни аниқлаб, юзага чиқаради.

Ҳукумат қарорига кўра, ташкилий қўмита фестивалга тайёргарлик кўриш ва уни ўтказишга қаратилган чора-тадбирлар режасини бир ой муддатда ишлаб чиқади.  Фестиваль ўтказиладиган йилнинг 1 мартига қадар хорижий давлатлардан иштирок этадиган театрлар жамоалари рўйхати шакллантирилади.

«Евроосиё» халқаро театр санъати фестиваль  доирасида  илмий-амалий конференция ташкил этилади. Халқаро тадбир  ўтказиладиган йилнинг 1 майига қадар илмий-амалий конференцияда хорижий давлатлардан иштирок этадиган театршунос ва санъатшунос олимлар, таниқли санъаткорлар, етук мутахассислар ва фахрий меҳмонлар рўйхати шакллантирилади.

Ҳужжатда фестиваль доирасида ташкил этиладиган маданий тадбирлар тўғрисидаги маълумотлар билан туристик ташкилотларни олдиндан хабардор қилиш ва уларда хорижий сайёҳлар иштирокини таъминлаш ишлари ҳам назарда тутилмоқда.

Online Maslahat

Ism

E-mail

Maslahat

Useful links

booked.net
booked.net