Тошкент тиббиёт академияси Европа тиббиёт мактаблари уюшмаси аъзосига айланди

26.02.2020 11:44

ТОШКЕНТ, 26 февраль. /«Дунё» АА/. Тошкент тиббиёт академияси Ўзбекистондаги тиббиёт олий таълим муассасалари ичида биринчи бўлиб Европа тиббиёт мактаблари уюшмасининг тўлақонли аъзосига айланди, деб хабар бермоқда “Дунё” АА мухбири.

Бу ҳақда Тошкент тиббиёт академияси ва Европа тиббиёт мактаблари уюшмаси делегацияси ҳамкорлигида ташкил этилган қўшма «Таълим форуми»да эълон қилинди.

Форум доирасида мамлакатимиз олий таълим даргоҳининг уюшма аъзолигига расман қабул қилингани тўғрисидаги сертификат Тошкент тиббиёт академияси ректори, профессор Лазиз Тўйчиевга топширилди.

Таъкидлаш жоиз, Европа тиббиёт мактаблари уюшмаси 1979 йилда Европа тиббиёт мактаблари раҳбарлари уюшмаси сифатида ташкил этилган. Бугунги кунда уюшма тиббий таълимни ривожлантиришдаги энг муҳим масалаларни ҳал қилишга ихтисослашган Европадаги йирик олий тиббий таълим муассасаларидан биридир. Уюшма, шунингдек, тиббий таълим дастурлари сифати, Европадаги олий таълим стандартлари ва уларнинг Жаҳон тиббий таълим федерацияси стандартларига мувофиқлигини баҳолаш лойиҳаларини амалга оширади.

Тошкент тиббиёт академиясининг халқаро ташкилотга аъзо бўлиши Ўзбекистонда ушбу соҳага ихтисослашган олий таълим муассасалари, маҳаллий таълим дастурлари сифатини илғор халқаро стандартларга мувофиқ оширишда амалий қадамдир.

Тадбир якунида Тошкент тиббиёт академияси билан Вильнюс университети ўртасида тиббий таълим сифатини оширишга қаратилган лойиҳаларни амалга ошириш бўйича ҳамкорлик шартномаси имзоланди.

 

Сурат: Тошкент тиббиёт академияси

Online Maslahat

Ism

E-mail

Maslahat

Useful links

booked.net
booked.net