Тожикистонда бўлажак президентлик сайловларида биринчи номзод номи эълон қилинди

16.08.2020 12:26

ДУШАНБE, 16 август. /«Дунё» АА/. Кеча Тожикистон Аграр партиясининг (АПТ) навбатдан ташқари қурултойи бўлиб ўтди. Унда жорий йилнинг 11 октябрь куни ўтадиган сайловларда президентликка биринчи номзод номи эълон қилинди, деб хабар бермоқда “Дунё” ахборот агентлиги мухбири.

Тожикистоннинг «Ховар» миллий ахборот агентлиги хабарига кўра, партия раиси Рустам Латифзода президентликка номзод сифатида кўрсатилган.

Давлат раҳбари лавозимига номзод 1960 йил 27 ноябрда Тожикистоннинг Хатлон вилоятида туғилган. Тожикистон аграр университетини ва Санкт-Петербургдаги кончилик институтини тамомлаган. Йиллар давомида у вазирлик ва идораларда, парламентда етакчи лавозимларда ишлаган, атроф-муҳит масалалари билан шуғулланган. 2014 йилдан буён Аграр партия раиси ҳисобланади.

Амалдаги қонунчиликка кўра, президентликка номзодлар белгиланган тартибда рўйхатга олинган сиёсий партиялар, Мустақил касаба уюшмалари федерацияси, Ёшлар иттифоқи томонидан ўз съездларида, шунингдек, Тоғли Бадахшон Мухториятининг Халқ депутатлари Мажлисида, Суғд ва Хатлон вилоятлари, Душанбе шаҳрида, шунингдек, вакилларнинг махсус йиғилишида кўрсатилади. Шунингдек, республика бўйсинувидаги шаҳар ва туманлар халқ депутатлари мажлисларидан ҳам номзодлар илгари сурилиши мумкин.

Конституцияга кўра, президент 7 йил муддатга сайланади. 30 ёшга тўлган, Тожикистон фуқаролигига эга, олий маълумотли, давлат тилини биладиган ва сўнгги 10 йил давомида мамлакат ҳудудида яшаган инсон президентликка номзод сифатида сайловларда қатнашиши мумкин.

Бир шахс кетма-кет икки муддатдан ортиқ президент бўла олмайди. Ушбу чеклаш тинчлик ва миллий бирлик асосчиси – Миллат етакчиси Эмомали Раҳмонга тааллуқли эмас.

Президентликка янги сайловлар 6 август куни Тожикистон Республикасининг Мажлиси Олисининг ҳар икки палаталари қўшма мажлисининг олтинчи чақириғида белгиланган.

Тожикистон оммавий ахборот воситаларининг хабар беришича, 3 сентябрь куни Тожикистонда ҳукмрон Халқ демократик партиясининг навбатдан ташқари қурултойи бўлиб ўтади. Унда бўлажак президентлик сайловларида партиядан кўрсатиладиган номзодни илгари суриш масаласи кўриб чиқилади. Айни пайтда амалдаги Президент Эмомали Раҳмон партия етакчисидир.

Online Maslahat

Ism

E-mail

Maslahat

Useful links

booked.net
booked.net