Танзила Норбоева: Ўзбекистонда 300 мингдан зиёд эҳтиёжманд оила аниқланди

19.06.2020 12:08

ТОШКЕНТ, 19 июнь. /«Дунё» АА/. Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенатининг видеоконференцалоқа шаклида ўтказилаётган бешинчи ялпи мажлисида Сенат Раиси Танзила Норбоева маъруза қилди, деб хабар бермоқда «Дунё» АА мухбири

Парламент юқори палатаси раиси бугунги кунда ҳаёт тарзимизни ўзгартирган, ўзига яраша мураккабликлар келтириб чиқараётган коронавирус пандемияси шароитида амалга оширилаётган ишлар, бу жараёнда депутат ва сенаторлар олдида турган вазифалар хусусида кенг тўхталди.

Пандемия туфайли кам таъминланган оилалар аҳволи янада мураккаблашгани учун ҳам уларга кўрсатилаётган ёрдам чоралари кенгайтирилмоқда. Хусусан, камбағалликни қисқартиришга қаратилган ишлар тезлаштирилмоқда.

—Ўзбекистон бўйича 7 миллион 192 минг хонадон рўйхатга олинган бўлса, улардан 300 мингдан зиёди эҳтиёжманд оила экани аниқланди, - деди Т.Норбоева. — Уларга бевосита ёрдам бериш, юзага келаётган муммоларни ҳал этишда жойларда фаолият юритаётган 6 мингдан ортиқ маҳаллий кенгаш депутатлари ҳамда сенаторларимиз фаоллик кўрсатиши керак.

Ҳозирда энг камбағаллик даражасида яшаётган ана шу 300 минг оилани вазиятдан чиқариш устида иш олиб борилмоқда. Уларни иш билан таъминлаш ёки даромад манбасига эга бўлиши учун шароит яратилмоқда.

Пандемия тадбиркорлар, айниқса кичик бизнес вакилларини ҳам мураккаб аҳволга туширди. Шуни ҳисобга олиб давлатимиз раҳбарининг фармонлари орқали уларни қўллаб-қувватлаш чоралари белгиланмоқда. 64 йўналишда фаолият олиб бораётган кичик бизнес субъектлари даромад солиғидан озод қилинди. Ўзини-ўзи банд қилган шахсларга ҳам барча имтиёзлар яратилди.

Бугун ҳам бу масалалар кун тартибида бўлиб, янги чора-тадбирлар дастури ишлаб чиқилмоқда.

Шу кунларда минглаб битирувчилар ўқиш ёки ишлаш ташвишида юрибди. Бундай ёшларга эътибор қаратиш, ҳеч бири бекор қолишига йўл қўйилмаслиги керак. Шу жиҳатдан жойлардаги барча масъуллар, айниқса, сектор раҳбарларига бу масалага жиддий қараш талаб этилади.

Online Maslahat

Ism

E-mail

Maslahat

Useful links

booked.net
booked.net