Султон Увайс Қараний зиёратгоҳи ўзгача қиёфа касб этди

22.02.2021 15:49

ТОШКЕНТ, 22 февраль. /«Дунё» АА/. Наманган вилояти Чортоқ тумани Балиқли кўл қишлоғида жойлашган Султон Увайс Қараний зиёратгоҳи қайта таъмирдан сўнг очилди, деб хабар бермоқда «Дунё» АА мухбири.

Дин ишлар қўмита маълумотига кўра, зиёратгоҳ очилиш маросимида қўмита аъзолари, Наманган вилояти ҳокимлиги, Туризмни ривожлантириш давлат қўмитаси, Ўзбекистон мусулмонлари идораси вакиллари иштирок этди.

Президент Шавкат Мирзиёевнинг 2017 йил 7 июль куни Увайс Қараний зиёратгоҳига ташрифи давомида берилган кўрсатмалар асосида  зиёратгоҳнинг 6 гектар майдонида ободонлаштириш ва кўкаламзорлаштириш ишлари амалга оширилиб, 1 минг 500 тупдан ортиқ манзарали дарахт ва гул кўчатлари экилди.  Султон Увайс Қараний мақбараси тўлиқ қайта қурилди.

1 минг 400 ўринга мўлжанланган масжид, мақбара ёнида айвон, замонавий меҳмонхона, музей ва кутубхона, 3 та фаввора, дам олиш айвонлари ва хизмат кўрсатиш шохобчалари бунёд этилди.

Увайс Қараний зиёратгоҳининг жанубий томонида у кишининг онаси Биби Наима она зиёратгоҳи жойлашган. Мазкур зиёратгоҳда ҳам қурилиш ва бунёдкорлик ишлари бажарилди. 4 гектар майдон ободонлаштирилиб, 1 000 тупдан ортиқ манзарали дарахт экилди. Буларнинг барчаси зиёратгоҳнинг кўркига кўрк бағишлаб турибди.

Зиёратгоҳ очилиш маросимида сўзга чиққанлар давлатимиз раҳбари ташаббуси билан ушбу муборак маскан бугун ўзгача чирой очгани, зиёратчилар учун барча қулайлик ва шароитлар яратилгани, кейинги 4 йил ичида мамлакатимизда қурилиш соҳасидаги янги, замонавий жаҳон стандартларига тўлиқ жавоб берадиган бинолар, иншоотлар қад ростлаётгани, тарихий обидаларимизни қуриш ва реконструкция қилишга алоҳида эътибор қаратилаётганини таъкидлади.

Шунингдек, зиёратгоҳ зиёрат туризмини ривожлантириш борасида навбатдаги муҳим қадам бўлгани, бир сўз билан айтганда, Наманган вилоятининг ташриф қоғозига айланиши эътироф этилди.

Шу куннинг ўзида Султон Увайс Қаранийга бағишланган илмий конференция бўлиб ўтди. Анжуманда сўзга чиққанлар сўнгги йилларда диний-маърифий соҳада амалга оширилаётган кенг кўламли ислоҳотлар, улуғ алломаларимизнинг ибратли ҳаёти ва бой илмий меросини ўрганиш ва халқимизга етказишнинг аҳамияти ҳақида тўхталиб, буюк аждодларимиз қадамжоларининг обод этилиши халқимиз маънавиятининг янада юксалишига боис бўлаётганини қайд этди.

Online Maslahat

Ism

E-mail

Maslahat

Useful links

booked.net
booked.net