Суд-тергов фаолиятида шахснинг ҳуқуқ ва эркинликларини ҳимоя қилиш – одил судловни таъминлаш кафолати

13.08.2020 14:52

НАМАНГАН, 13 август. /«Дунё» АА/. Қонун устуворлиги таъминланган мамлакатда тинчлик ва осойишталик, фуқароларнинг эркин ва фаровон ҳаёт кечиришлари учун зарур шароит, инсон манфаатлари устун даражага кўтарилган, уларни ҳуқуқ ва эркинликлари каби эзгу ва хайрли ишлар амалга оширилади.

Бундай мамлакат халқаро майдонда иқтисодий ва сиёсий жиҳатдан қудратли давлат сифатида тан олинади.

Дунёнинг турли минтақаларида шиддат билан содир бўлаётган бугунги зиддиятли жараёнларда Ўзбекистон тараққиётининг ривожланиш йўли ўзини оқлаб, нақадар пухта режалаштирилганини исботламоқда. Буларнинг барчаси, жамият ҳаётининг турли соҳаларида, хусусан, суд-ҳуқуқ соҳасида амалга оширилаётган ислоҳотларнинг самарали натижасидир.

Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2020 йил 10 августдаги «Суд-тергов фаолиятида шахснинг ҳуқуқ ва эркинликларини ҳимоя қилишкафолатларини янада кучайтириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги фармони эса ана шу эзгу ишларнинг мантиқий давоми бўлди.

Давлатимиз раҳбари ҳар бир чиқишида мамлакатда инсон ҳуқуқларини таъминлаш, суд-тергов фаолиятида шахснинг ҳуқуқ ва эркинликларини ҳимоя қилиш кафолатларини янада кучайтириш борасида зарур кўрсатмаларни бериб келади.

Жумладан, жорий йил 30 июнь куни одил судловни таъминлаш ва коррупцияга қарши курашиш борасидаги вазифалар муҳокамасига бағишланган видеоселектор йиғилишида Муҳтарам Президентимиз халқ суд-ҳуқуқ тизимидан тўла рози дейишга ҳали асос йўқлигини таъкидлади. Президентимиз ҳозирги кунда қонунга хилоф равишда ушлаб туриш, қийноққа солиш ва бошқа шафқатсиз, ғайриинсоний ёки қадр-қимматни камситувчи муомала қилиш ҳолатларига чек қўйиш юзасидан бир қатор ишлар амалга оширилаётганига қарамасдан, Андижон шаҳар ва Чироқчи туман ички ишлар идораларида содир бўлган фожиали ҳолатлар натижасида икки нафар фуқаро вафот этгани тизим раҳбарларини уйғотиши, аниқ хулосалар қилишга чорлаши кераклигини алоҳида қайд этди.

Албатта, мазкур салбий ҳолатлар суд-тергов фаолиятини янада такомиллаштириш, ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органларнинг жиноятларни фош этиш борасидаги фаолиятини янги босқичга олиб чиқиш зарурлигини яққол намоён қилди.

?нсон жиноятчи бўлиб туғилмайди. У билиб-билмай, тушуниб-тушунмай жиноятга қўл уриб қўяди. Қонунларимизда уларнинг ҳам ҳуқуқлари мустаҳкамланган бўлиб, тергов-суд ҳаракатлари жараёнида ушбу ҳуқуқларни таъминлашга уларга нисбатан процессуал ҳаракатларни олиб бораётган мансабдор шахсларни барчаси мажбурдирлар.

Жиноят кодексида қийноққа солиш ва бошқа шафқатсиз, ғайриинсоний ёки қадр-қимматни камситувчи муомала ҳамда жазо турларини қўллаш билан боғлиқ қилмишлар учун жиноий жавобгарлик белгиланган. Фармонда бундай қилмишлар содир этилишининг олдини олиш бўйича янада самарали механизмларни жорий қилиш тартиблари тасдиқланди. Бу албатта фуқароларнинг одил судловга бўлган ишончини янада мустаҳкамлашга хизмат қилади.

Конституциямизга кўра,  барча фуқаролар ўз ҳуқуқ ва эркинликларини амалга оширишда бошқа шахсларнинг, давлат ва жамиятнинг қонуний манфаатлари, ҳуқуқлари ва эркинликларига путур етказмасликлари шарт.

Шу билан биргаликда, барча фуқаролар бир хил ҳуқуқ ва эркинликларга эга бўлиб, жинси, ирқи, миллати, тили, дини, ижтимоий келиб чиқиши, эътиқоди, шахси ва ижтимоий мавқеидан қатъи назар, қонун олдида тенгдирлар.

Бироқ, айрим фуқаролар (жиноят содир этган шахслар ёки уларнинг қариндош-уруғлари) ўзларининг бурчлари ва мажбуриятларини унутиб, фақатгина ўз ҳақ-ҳуқуқларини талаб қилиб, бошқа шахсларнинг ҳуқуқлари ва эркинликларига путур етказиб, уларни шаъни ва қадр қимматини камситиб, ҳатто давлат хизматчилари ёки мансабдор шахсларни ҳақоратлаб, обрўсизлантириш орқали ўз мақсадларига етмоқчи бўладилар.

Фармонда жиноятларни фош этиш борасидаги фаолиятни янги босқичга олиб чиқиш орқали содир этилган ҳар бир жиноят учун жавобгарлик муқаррарлигини таъминлаш кўрсатилган. Жавобгарликнинг муқаррарлигини таъминлаш эса қонун устуворлигини таъминлашга хизмат қилади.  

Сўнгги йилларда мамлакатимизнинг хорижий давлатлар билан амалга ошираётган ижтимоий, сиёсий, иқтисодий ва бошқа йўналишлардаги алоқалари янада ривожланди. Мазкур алоқалар доирасида фуқароларимизга, айниқса тадбиркорларга дунёнинг истаган мамлакатига ҳеч бир тўсиқларсиз чиқиш имкониятлари яратиб берилди.

Бугунги тергов-суд амалиётида мамлакат иқтисодиётини ривожлантиришга муносиб ҳиссасини қўшаётган айрим тадбиркорлар ёхуд фуқароларни жиноят ишларида жабрланувчи ёки гувоҳ сифатида иштирок этишга жалб қилишга тўғри келмоқда. Албатта бу ҳолат дастлабки тергов ва суд процесси тугагунга қадар уларни ўз фаолиятларини амалга ошириш учун хорижий давлатларга чиқиш имкониятларини чеклаб келаётган эди.

Бундан ташқари, дастлабки терговда сўроқ қилинган гувоҳ ёки жабрланувчининг ишни судда кўрилгунга қадар оғир касалликка чалиниб қолиши туфайли уни судда сўроқ қилишни имкони бўлмай, бу ҳолатлар бошқа тарафларнинг эътирозларига сабабчи бўлаётган эди.

Фармонда гувоҳ ва жабрланувчини оғир касаллиги ёки узоқ муддатга чет давлатга чиқиб кетиш зарурияти туфайли уларни кечроқ сўроқ қилиш имконияти бўлмаган тақдирда кўрсатувларни гумон қилинувчи, айбланувчи, жабрланувчи, гувоҳ, прокурор ёки адвокатнинг илтимосномасига кўра суд томонидан тарафларнинг иштирокида олдиндан мустаҳкамлаб қўйиш (депонирование) тартиби жорий қилинмоқда.

Мазкур ҳуқуқий ҳужжат билан шунингдек, жиноят қонунчилигида ярашув институтининг жорий этиляпти. Бу жиноий ҳуқуқий муносабатларни эркинлаштиришда самарали восита сифатида жабрланувчиларнинг ҳуқуқларини ишончли ҳимоя қилиш, судланганлик ҳолатини қайтаришга имкон яратади.

Ярашув институтини қўллаш тартибини жорий этилиши, шунингдек, оғир ёки ўта оғир жиноятларни содир этганлик учун судланганлик ҳолати тугалланмаган ёки судланганлиги олиб ташланмаган шахслар  ярашгани муносабати билан жиноий жавобгарликдан озод этилмаслигига оид қоиданинг вояга етмаганлар, биринчи ва иккинчи гуруҳ ногиронлари, аёллар, олтмиш ёшдан ошган эркаклар ва эҳтиётсизлик орқасида жиноят содир этган шахсларга нисбатан қўлланилмаслигини белгиланиши ўзбек халқининг эзгулик, кечиримлилик каби фазилатларидан далолат беради.  Шунингдек, инсон манфаатлари ҳамма нарсадан устунлиги ҳақидаги ғояни чин маънода таъминлаб, фуқароларнинг одил судловга бўлган ишончини янада мустаҳкамлайди.

Мухтасар айтганда, мазкур фармонда белгиланган вазифаларнинг ҳаётга татбиқ этилиши жамиятда адолат ва қонун устуворлигини таъминлаб, шахснинг тергов ва суд ҳаракатлари жараёнидаги ҳуқуқ ва эркинликларини кафолатлашга, уларнинг одил судловга бўлган ишончини оширишга хизмат қилади.

 

Давлатмирза Комилов,

Жиноят ишлари бўйича

Наманган вилоят суди раиси

Online Maslahat

Ism

E-mail

Maslahat

Useful links

booked.net
booked.net