Содиқ Сафоев «е-КАМКА» ҳафталиги доирасидаги давра суҳбатида иштирок этди

19.06.2020 12:49

ТОШКЕНТ, 19 июнь. /«Дунё» АА/. 15-19 июнь кунлари «е-КАМКА WEEК» форуми ҳафталиги бўлиб ўтмоқда. Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати Раисининг биринчи ўринбосари Содиқ Сафоев мазкур форум доирасида «Коронавирус пандемияси давридан кейинги муаммолар ва КАМКА минтақаси учун имкониятлар» мавзусидаги видеоконференцалоқа тарзида ўтказилган давра суҳбатида иштирок этди, деб хабар бермоқда «Дунё» АА мухбири Олий Мажлис Сенати манбасига асосланиб.

Маълумот ўрнида айтиш мумкинки, «КАМКА» минтақавий форуми (Марказий Осиё – Мўғулистон – Кавказ – Афғонистон) кенг кўламли масалалар юзасидан минтақавий мулоқотга кўмаклашиш, барқарор ривожланиш ва ўзаро ҳамкорликни кенгайтиришга қаратилган сиёсий бўлмаган платформадир.

Давра суҳбатида АҚШнинг Ж.Хопкинс университети ҳузуридаги Марказий Осиё-Кавказ институти директори Сванте Корнелл, Жорж Маршалл номидаги Европа хавфсизлик масалаларини ўрганиш маркази Халқаро ва хавфсизлик масалалари факультети декани Эндрю Микта, шунингдек, Буюк Британия ва Мўғулистондан экспертлар ҳамда ишбилармонлар қатнашди.

Видеомулоқотда дунёда ҳозирги пандемия шароитида ижтимоий-иқтисодий йўналишларда олиб борилаётган ишлар муҳокама қилинди.

Жумладан, иштирокчилар томонидан Ўзбекистонда олиб борилаётган ислоҳотларга юқори баҳо берилди. Ўзбекистон Республикаси Президентининг сўнгги уч йилдаги саъй-ҳаракатлари ўзининг ижобий самарасини бераётгани эътироф этилди.

«Calatrava Grace» компанияси ижрочи директори Майкл Зеллман қишлоқ жойларида намунавий лойиҳалар бўйича арзон уй-жойлар ва шаҳарларда кўп квартирали уйлар қурилиши бўйича қабул қилинган дастурлар пандемия даврида аҳолининг турмуш шароитини яхшилашда ўзининг натижасини бераётганига урғу берди.

Шунингдек, мамлакатимиз коронавирус инфекциясига қарши курашиш ва салбий таъсирини юмшатишда Марказий Осиёда етакчи ўринда эканлиги ҳам алоҳида таъкидланди.

Эслатиб ўтамиз, 2019 йил «КАМКА» (Марказий Осиё - Мўғулистон - Кавказ - Афғонистон) минтақавий форуми Тошкент шаҳрида бўлиб ўтган эди.

Online Maslahat

Ism

E-mail

Maslahat

Useful links

booked.net
booked.net