Словакия ташқи ва Европа ишлари вазирлигининг давлат котиби: Мени Ўзбекистонда амалга оширилаётган ислоҳотлар кўлами ҳайратга солди

17.03.2021 13:10

ТОШКEНТ, 17 март. /"Дунё" АА/. Ўзбекистон ва Словакия турли соҳаларда, жумладан, фармацевтика, қишлоқ хўжалиги ва сув ресурсларини бошқариш тармоқларида ўзаро ҳамкорликни мустаҳкамламоқда. Бу ҳақда бугун мамлакатимиз Ташқи ишлар вазирлигида бўлиб ўтган музокаралардан сўнг Словакия ташқи ва Европа ишлари вазирлигининг давлат котиби ?нгрид Броцкова "Дунё" АА мухбирига берган интервьюсида маълум қилди.

У Ўзбекистонга биринчи марта ташриф буюрганини таъкидлади.

"Мен ушбу ташриф якуларидан жуда мамнунман ва ундан бой таассуротлар олдим, - деди у. - Ўзбекистонга ўпканинг сунъий шамоллатиш мосламаларини  ишлаб чиқаришга ихтисослашган қўшма корхонанинг расмий очилиш маросимида иштирок этиш учун келдим. Пандемия шароитини инобатга олган ҳолда, менимча, ушбу ускуналар катта аҳамиятга эга бўлади. Янги корхона нафақат республика, балки бутун минтақа учун ушбу мосламаларни ишлаб чиқаришни режалаштирилган. Заводнинг очилиш маросимида иштирок этишдан ташқари, мен Ўзбекистон ҳукумати вакиллари билан учрашиш имкониятига ҳам эга бўлдим. Шуни таъкидлашни истардимки, мени Ўзбекистонда амалга оширилаётган ислоҳотлар кўлами ҳайратга солди".

"Бундай ўзгаришлар жараёни мамлакат раҳбарияти томонидан ҳаётга тадбиқ этилаётган ислоҳотлар моҳиятини тушунтириш учун аҳоли билан доимий мулоқотда бўлишни талаб қилади, - деди словакиялик дипломат. - Агар сиз замонавий жамият қуриш, атроф-муҳитга дўстона муносабатга асосланган барқарор соғлом иқтисодиётга эришишни истасангиз, бу мақсадга катта ўзгаришларсиз етиб бўлмайди ва бу жуда ҳам масъулиятли вазифадир. Аммо айнан ана шундай саъй-ҳаракатлар самарасида давлатнинг изчил ривожланишига эришилади".

?нгрид Броцкова ўзаро ҳамкорли истиқболлари ҳақида фикр юритиб, бу борада ҳали фойдаланилмаган имкониятлар кўплигини таъкидлади. «Ушбу мавзу ҳам бугунги музокаралар кун тартибидаги муҳим масалалардан бири бўлди. Янги заводнинг очилиши бошқа компаниялар учун яхши туртки бўлиши ва уларни Ўзбекистон билан ҳамкорлик қилишга ундашига ишончим комил. Делегациямиз таркибига Словакия ишбилармон доираларининг ўзбекистонлик шериклар билан ҳамкорлик қилаётган вакиллари ҳам киритилган», - деди у.

Давлат котиби Ўзбекистон ва Словакия турли соҳаларда, жумладан, фармацевтика, қишлоқ хўжалиги ва сув ресурсларини бошқариш тармоқларида ўзаро ҳамкорликни мустаҳкамлаётганини қайд этди. У, шунингдек, Ўзбекистоннинг Словакияда дипломатик ваколатхонасини очиш бўйича таклиф билдирди. Маълумки, Ўзбекистоннинг Австриядаги дипломатик миссияси раҳбари, шунингдек, Словакиядаги элчи ҳам ҳисобланади.

?нгрид Броцкова Ташқи ишлар вазирлигида бўлиб ўтган музокаралар натижасидан мамнунлигини билдирди. Мулоқот чоғида Ўзбекистон-Словакия кун тартибидаги кенг кўламли масалалар муҳокама қилинди.

У, албатта, Ўзбекистонга яна ташриф буюриб, мамлакатимизнинг меъморий гўзаллиги, тарихий ва диққатга сазовор жойлари, хусусан, дунёга машҳур Самарқанд, Бухоро, Хива ва бошқа қадимий шаҳарларни зиёрат қилиш, ўзбек халқининг санъати ва маданияти, унинг афсонавий меҳмондўстлиги ва бой ошхонаси намуналари билан янада яқинроқ танишиш истагида эканини билдирди.

Online Maslahat

Ism

E-mail

Maslahat

Useful links

booked.net
booked.net