Сиёсий партиялар – сайлов жараёнининг муҳим иштирокчиси

16.08.2021 15:56

ТОШКЕНТ, 16 август. /«Дунё» АА/. «Миллий сайлов қонунчилигимизда сиёсий партияларнинг сайлов жараёнидаги иштироки эркин, мустақил, тенг ва адолатли шароитларда таъминланиши учун барча қонуний кафолатлар белгиланган», - деб қайд этган  Тошкент давлат юридик университети доценти ?хтиёр Беков «Дунё» ААга тақдим этган мақолада.

“Давлат ва жамият ишларини бошқаришда фуқаролар иштирокининг конституциявий асосга эга бўлиб, сайловлар демократик бошқарувни таъминловчи воситалардан бири ҳисобланади, - деб таъкидлайди эксперт. - Партиялар фуқароларнинг сиёсий ҳаётда, давлат бошқарувида иштирокини таъминлаш, демократик давлатда давлат ҳокимиятининг бирдан бир манбаи бўлмиш – халқни сиёсий иродасини ифодалашнинг муҳим воситасидир.

Сиёсий партия – бу маълум аҳоли қатламларининг ёки ижтимоий бирликнинг манфаатларини, қизиқишларини, сиёсий интилиш ва талабларини ифодаловчи ҳамда уларни реал ҳаётда амалга ошириш учун сайловларда қатнашиш орқали давлат бошқарувида иштирок этиш мақсадини кўзловчи, ихтиёрий равишда уюшган фуқароларнинг нодавлат ташкилотидир. 

Миллий сайлов қонунчилигимизда сиёсий партияларнинг сайлов жараёнидаги иштироки эркин, мустақил, тенг ва адолатли шароитларда таъминланиши учун барча қонуний кафолатлар белгиланган. Сайловлар сиёсий партияларга давлат ҳокимияти органларини шакллантиришда иштирок этиш, ўз вакиллари орқали давлат ва жамоат ишларини идора этишда қатнашиш, жамият муайян қисмининг сиёсий иродасини рўёбга чиқариш, сайлаб қўйиладиган давлат органларидаги ўз вакиллари орқали тегишли қарорларни тайёрлашда иштирок этиш ва ниҳоят уставда назарда тутилган фаолиятини амалга ошириш имкониятини беради.

Бугунги кунда мамлакатимизда қандай сиёсий партиялар мавжуд?

Ўзбекистон Халқ демократик партияси (ХДП) мустақиллик йилларида Ўзбекистон Республикасида шаклланган дастлабки партиялардан бири ҳисобланади. Ушбу партия 1991 йил 1 ноябрда Тошкентда бўлиб ўтган таъсис қурултойида тузилган.

Партиянинг мақсади – давлат ҳокимиятининг вакиллик органларида давлат ва жамият томонидан манзилли ижтимоий ҳимоя ва ижтимоий қўллаб-қувватлашга эҳтиёжманд аҳоли қатламлари манфаатларини ҳимоя қилишдан иборатдир.

Бугунги кунда партиянинг 519000 нафардан ортиқ аъзоси мавжуд бўлиб, 10200 дан ортиқ бошлангич партия ташкилотлари фаолият юритмоқда.

Ўзбекистон «Адолат» социал-демократик партияси 1995 йил  18 февралда Тошкентда бўлиб ўтган биринчи таъсис Қурултойида тузилган. Партиянинг асосий мақсади – ҳуқуқий-демократик давлат, ижтимоий йўналтирилган бозор иқтисодиётига асосланган кучли адолатли фуқаролик жамиятини барпо этиш ҳамда Ўзбекистон ҳудудида яшаётган барча миллат ва элатларнинг умумий манфаатларига мос келадиган, фуқароларнинг қонун олдида тенглиги, бирдамлиги, конституциявий ҳуқуқ ва эркинликлари таъминланган маънавий жипслашган жамиятни тараққий топтиришда фаол иштирок этишдир.

 Бугунги кунда партия аъзоларининг сони 495000 нафардан ортиқни, шунингдек, бошланғич партия ташкилотларининг сони 6275 тани ташкил қилади.

Ўзбекистон Миллий тикланиш демократик партияси 1995 йил 3 июнда Тошкентда бўлиб ўтган биринчи таъсис Қурултойида тузилган. Партиянинг асосий мақсади – барқарор миллий ривожланишни таъминлаш, миллий манфаатларни ҳимоя қилиш ва илгари суриш, маънавий қадриятлар, урф-одатлар ва анъаналар, бой тарихий меросни сақлаш ва бойитиш, мамлакатимизда туризмни ривожлантиришга ҳисса қўшиш.

Партия аъзолари сони 343 000 нафардан ортиқни, шунингдек бошлангич партия ташкилотлари сони 6 916  тани ташкил этади.

Тадбирокорлар ва ишбилармонлар ҳаракати – Ўзбекистон Либерал-Демократик партияси 2003 йил 15 ноябрда бўлиб ўтган таъсис қурултойида тузилган. Партиянинг асосий мақсади – сиёсий куч сифатида бирлашган ҳолда тадбиркорлар, ишбилармонлар ва фермерларнинг янада кенгроқ фаолият юритишлари учун янги имкониятлар яратиш, уларнинг истиқболини ҳам назарий, ҳам амалий жиҳатдан асослаб бериш, жамиятнинг мазкур қатлами манфаатларини ҳимоялаш ва эртанги кунини таъминлаш.

 Бугунги кунда партиянинг аъзолари сони 1 миллион нафардан ортиқни, шунингдек бошланғич партия ташкилотлари 13 352  та ташкил этади.

Ўзбекистон Экологик партияси 2019 йил 8 январда Тошкентда бўлиб ўтган таъсис съездида тузилган. Партиянинг асосий мақсади барқарор ривожланишга, экологик хавфсизликка эришиш, ҳозирги ва келажак авлод учун табиий ресурсларни сақлаш ва қулай атроф муҳитни яратишга йўналтирилган давлат сиёсатини рўёбга чиқаришни таъминлаш, атроф муҳитни муҳофаза қилиш ва табиий ресурсларни сақлашдир.

Бугунги кунда партия Ўзбекистоннинг турли нуқталаридаги 430 мингта аъзога ҳамда 3910 та Бошланғич партия ташкилотларига эга.

Сиёсий партия сайловда Президентликка номзод кўрсатиш ҳуқуқини қандай амалга оширади?

Ўзбекистон Республикасида сиёсий партияларнинг Президентликка номзод кўрсатиш ҳуқуқи, умумдемократик тамойилларга, жаҳон ҳуқуқий ва сиёсий амалиёти талабларига тўла мос келади. Бу эса, Ўзбекистон Республикасининг,  барча соҳалар каби, сайлов ўтказиш билан боғлиқ жараёнларда ҳам демократик қадриятларга оғишмай амал қилаётганлигининг ёрқин бир далилидир.

Ўзбекистон Республикаси Сайлов кодексининг 62-моддасига кўра сиёсий партия сайлов кампанияси бошланганлиги эълон қилинган кундан камида тўрт ой олдин Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги томонидан рўйхатга олинган тақдирдагина Ўзбекистон Республикаси Президентлигига номзод кўрсатиши мумкин.

Ўзбекистон Республикаси Президенти сайловида иштирок этиш учун сиёсий партия сайловга камида етмиш кун қолганида Марказий сайлов комиссиясига қуйидагиларни тақдим этиши керак:

-сайловда иштирок этиш тўғрисида партия раҳбари томонидан имзоланган ариза;

-Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлигининг сиёсий партия рўйхатга олинганлиги тўғрисидаги маълумотларни ўз ичига олган маълумотнома;

-Ўзбекистон Республикаси Президентлигига бўлажак номзод тўғрисидаги маълумотлар.

Марказий сайлов комиссияси тақдим этилган ҳужжатлар асосида партиянинг сайловда иштирок этишига ижозат бериш тўғрисида беш кунлик муддат ичида узил-кесил қарор қабул қилади ҳамда сиёсий партиянинг ваколатли вакилига рўйхатга олинганлик гувоҳномасини ва белгиланган намунадаги имзо варақаларининг бланкаларини беради. Сайловда иштирок этувчи партияларнинг рўйхати аризаларнинг келиб тушиши навбати тартибида марказий матбуотда эълон қилинади. Ўзбекистон Республикаси Президентлигига номзодлар кўрсатиш сайловга олтмиш беш кун қолганида бошланади ва қирқ беш кун қолганида тугайди. Ўзбекистон Республикаси Президентлигига номзодлар кўрсатиш сиёсий партияларнинг юқори органлари томонидан амалга оширилади.

Сиёсий партия кузатувчилари ва ваколатли вакиллари қандай ваколатларга эга

Сиёсий партиялар сайловларда ўзининг кузатувчилари ҳамда ваколатли вакиллари билан фаол иштирок этади.

Қонунчиликда ваколатли вакил ҳамда унинг ҳуқуқ ва мажбуриятлари, сайловлардаги иштироки тўғрисида қуйидаги нормалар ўрнатилган. Марказий сайлов комиссиясининг “Сиёсий партиялар ва фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органларидан кузатувчилар тўғрисидаги низомни тасдиқлаш ҳақида”ги ҳамда “Сиёсий партиянинг ваколатли вакили тўғрисидаги низомни тасдиқлаш ҳақида”ги қарори билан Низомлар тасдиқланган. Мазкур Низомларга кўра, кузатувчи – сайловга тайёргарлик кўриш ва уни ўтказишга доир барча тадбирларда, шунингдек ҳар бир сайлов участкасида сайлов куни овоз бериш ва овозларни санаб чиқиш жараёнларида сайлов қонунчилигига риоя этилиши устидан жамоатчилик назоратини амалга оширувчи шахсдир. Сиёсий партия аъзоси ёки тарафдори ёхуд сиёсий партияга хайрихоҳ бўлган ҳар қандай Ўзбекистон Республикасининг 18 ёшга тўлган фуқароси сиёсий партиядан кузатувчи бўлиши мумкин. Улар ўз кузатувчилари тўғрисида сайлов комиссияларига сайловдан камида ўн кун олдин ариза билан маълум қилади.

Сиёсий партия ушбу шахслар орасидан сайлов комиссиясининг мажлисларида, ҳужжатларни топширишда, имзо варақалари тўғри тўлдирилганлигини текширишда, сайлов участкасида овозларни санаб чиқишда иштирок этиш учун ваколатли вакил тайинлашга ҳақли. Сиёсий партия юқори органининг раҳбари сайлов кампанияси бошланганлиги расман эълон қилинган кундан бошлаб беш кунлик муддатда ўз ваколатли вакилини тайинлайди ҳамда уни рўйхатдан ўтказиш учун Марказий сайлов комиссиясига тегишли ҳужжатларни тақдим этади. Марказий сайлов комиссияси сиёсий партия томонидан тавсия этилган ваколатли вакил номзодига тегишли хужжатларни кўриб чиқиб, уч кунлик муддатда уни рўйхатга олади ва тегишли намунадаги гувоҳнома (мандат) беради.

Cиёсий партиянинг кузатувчиси ҳамда ваколатли вакили участка сайлов комиссиясининг хатти-ҳаракати ва қарори устидан қонунда белгиланган тартибда шикоят қилиши мумкин.

Сиёсий партиянинг сайловолди кампанияси билан боғлиқ ҳаражатлари қандай ва ким томонидан қопланади?

Мамлакатимиз сайлов қонунчилигида сиёсий партия ёки унинг номзодининг сайловлар, хусусан сайловолди кампанияси билан боғлиқ барча ҳаражатлари давлат бюджетидан қопланиши шартлиги белгиланган. Сиёсий партияларнинг сайловда иштирок этишини молиялаштириш учун ажратиладиган давлат маблағлари ташвиқот олиб бориш, номзодларнинг ишончли вакиллари ва ташвиқот ўтказиш учун жалб қилинадиган бошқа фаоллар ишини ташкил этиш, сайлов кампаниясини ўтказишга доир умумпартиявий тадбирларга сарфланиши белгилаб қўйилган.

Амалдаги қонунчиликка киритилган янгилик шундан иборатки, сиёсий партиянинг сайловда иштирок этишини молиялаштириш учун ажратилган давлат маблағлари юзасидан сайлов кунида оралиқ ҳисоботини ва сайлов натижалари эълон қилинганидан кейин якуний ҳисоботини Марказий сайлов комиссиясига тақдим этади. Сиёсий партиянинг ҳисоботлари унинг расмий веб-сайтида ва босма нашрида эълон қилинади. Қонунга ушбу нормаларнинг Европада Хавфсизлик ва Ҳамкорлик Ташкилоти Демократик институтлар ва инсон ҳуқуқлари бўйича бюроси томонидан берилган тавсиялари асосида киритилганлиги миллий сайлов қонунчилигимизнинг ҳалқаро сайлов стандартларига мос эканлигини кўрсатади.

Хулоса ўрнида

Хулоса ўрнида айтиш мумкинки, сиёсий партияларнинг сайлов жараёнидаги иштироки фуқароларнинг сиёсий ҳаётда, давлат бошқарувида иштирокини таъминлаш, демократик давлатда давлат ҳокимиятининг бирдан бир манбаи бўлмиш – халқни сиёсий иродасини ифодалашнинг муҳим воситаси бўлиб, шу жумладан, жорий йилда ўтказиладиган Ўзбекистон Республикаси Президенти сайловида фуқароларга давлат бошқарувида сайлов орқали иштирок этишдек сиёсий ҳуқуқларидан фойдаланиш имкониятидир.

Барча ривожланган давлатлар сингари Ўзбекистон Республикасида ҳам, сиёсий партияларнинг бемалол фаолият юритишлари, сайловларни ҳаққоний демократик тарзда ўтказиш учун барча ҳуқуқий асослар мавжуд. Қолган барча ҳаракатлар сиёсий партиялар фаоллигига боғлиқ”.

Online Maslahat

Ism

E-mail

Maslahat

Useful links

booked.net
booked.net