Ширин Маматова: Мен учун 2020 йилнинг энг эсда қоларли воқеаси май ойида содир бўлди

22.12.2020 15:24

ТОШКЕНТ, 22 декабрь. /«Дунё» АА/. Таниқли опера хонандаси, “Шуҳрат” медали соҳибаси Ширин Маматова яқинлашаётган Янги йил байрами арафасида «Дунё» АА мухбири  саволларига жавоб йўллади.

— Сиз Янги йилни қандай кутиб олишни режалаштиряпсиз?

— Янги йилни ҳар йили оилам даврасида кутишга ҳаракат қиламан, чунки бу байрам айнан оила даврасида гўзал ўтади, деб ҳисоблайман. Хонадонимизда байрамга қизғин тайёргарлик кўрилади ва бу жараёнга ҳар биримиз ўз ҳиссамизни қўшамиз. Масалан, байрам дастурхонига барча пишириқларни мен тайёрлайман ва бундан завқ оламан.

Хонадонимизда жуда кўп дўстларим, қариндошларим меҳмон бўлади. Қисқача қилиб айтганда, шу куни ўзимни болаликка қайтгандек ҳис қиламан.

—  2020 йилда ҳаётингизда қандай эсда қоларли воқеа содир бўлди?

— 2020 йил, афсуски, оиламиз учун синовли йил бўлди. Сабаби мен ва оила аъзоларим коронавирус билан оғридик. Худога шукрлар бўлсин, ҳаммаси ортда қолди.

Ўтаётган йил ҳаётимда энг эсда қоларли воқеа май ойида содир бўлди. Юртимизда айни коронавирус авж олган пайтларда бошқа касаллик билан касалхонага тушиб қолган эдим. Шу кунлари мен даволанаётган шифохонадаги беморларнинг бирида коронавирус аниқланди ва шу боис бошқа барча беморлар ҳам 14 кунлик карантинга олинди.

Натижада ижтимоий тармоқларда мен гуёки коронавирусга чалинганим ҳақида хабарлар тарқалиб кетди. Барча яқинларим, мухлисларим қўнғироқ қилишар, мен эса соппа-соғлигимни айтсам, улар ҳайрон бўлишар эди. Барча хавотирлар кулгига айланиб, шу баҳонада узоқ вақт гаплашмаган яқинларимни қайта кашф қилдим. Шу билан бирга менга ким яқину, ким узоқлигини ҳам ўзим учун билиб олдим. Ушбу воқеа мен учун жуда эсда қоларли бўлди.

Лекин, афсуски, кейинроқ коронавирус инфекцияси мени ва яқинларимни четлаб ўтмади.

— Яқинлашиб келаётган 2021 йилга «Дунё» АА ўқувчилари ва мухлисларингизга қандай туҳфангиз бор?

— 2021 йил мухлисларим учун чиройли қўшиқлар ва клиплар совға қилиш ниятим бор. Масалан, яқин кунларда Муҳаббат Шамаеванинг “Кўчалар” қўшиғини янгича талқинда ижро этиб, клипини суратга олишни режалаштирганмиз.

 Янги йил муносабати билан юртдошларимизга тилакларингиз?

— Барчага, аввало, мустаҳкам соғлик-саломатлик, 2020 йилда ушалмаган орзу-ниятларнинг Янги йилда амалга ошишини, эзгу ишларида улкан зафарлар тилайман. 2021 йил фақат яхши кунлардан ташкил топиши, ҳаммамизни байрамона кайфият тарк етмаслиги тарафдориман.

Online Maslahat

Ism

E-mail

Maslahat

Useful links

booked.net
booked.net