ШҲТга аъзо давлатлар маданият вазирларининг онлайн-мулоқоти бўлиб ўтди

19.08.2021 16:28

ТОШКЕНТ,  19 август. /«Дунё» АА/. Ўзбекистон маданият вазирлиги маълумотига кўра, кеча Шанхай Ҳамкорлик Ташкилотига аъзо давлатлар маданият вазирларининг 18-йиғилиши видеоконференция шаклида бўлиб ўтди. Унда Ўзбекистон маданият вазири Озодбек Назарбеков иштирок этди, деб хабар бермоқда «Дунё» АА мухбири.

 Видеоконференцияда Ҳиндистон маданият вазири Аржун Рам Мегхвал, Қозоғистон маданият ва спорт вазири Актоти Раимкулова, Хитой маданият ва туризм вазирининг ўринбосари Чжан Сюй, Қирғизистон маданият, ахборот, спорт ва ёшлар сиёсати вазири Кайрат ?маналиев, Покистон миллий мерос ва маданият вазири Шафкат Маҳмуд, Россия маданият вазирининг ўринбосари Ольга Ярилова, Тожикистон маданият вазири Зулфия Давлатзода ҳамда ШҲТ бош котиби Владимир Норов иштирок этди.

Мазкур мулоқот давомида кун тартибидаги бир неча масала кўриб чиқилди. Хусусан, Шанхай Ҳамкорлик Ташкилоти доирасида ўзаро маданий-гуманитар ҳамкорликни ривожлантириш истиқболлари масалалари муҳокама этилиб, давлатлараро маданий алоқаларни мустаҳкамлаш учун улкан салоҳиятга эга бўлган маданий муҳит яратиш лозимлиги таъкидланди.

Шунингдек, мазкур ташкилотга аъзо давлатлар раҳбарлари ташаббуси билан 2021 йил Ташкилотнинг 20 йиллиги муносабати билан  ШҲТ “Маданият йили” деб эълон қилинганлиги иштирокчилар томонидан маъқулланди.

Барча давлат вакиллари бу давлатлар ва халқлар ўртасидаги маданий алоқаларнинг мустаҳкамланишига замин бўлишига ишонч билдирди.

Бундан ташқари, ШҲТга аъзо давлатлар ўртасида маданий ҳамкорлик тўғрисидаги битимни амалга ошириш, халқаро кўргазмалар, илмий конференциялар, форумлар, фестиваллар танловлар, маданият кунлари каби тадбирлар доирасида ижодий жамоалар, миллий ижрочиларни жалб этиш лозимлиги айтиб ўтилди.

Шу билан бирга, ташкилот котибиятига жорий йилнинг 16-17 сентябрь кунлари  Душанбе шаҳрида бўлиб ўтадиган ШҲТга аъзо давлат Раҳбарлари кенгаши доирасида маданий мерос объектларини муҳофаза қилиш бўйича имзоланиши кўзда тутилган Битим лойиҳаси тавсия қилинди.

Учрашув якунида томонлар йирик маданий тадбирларида иштирок этишдан манфаатдор эканликларини таъкидлаб, театр музей ва кутубхона соҳаларида қўшма онлайн лойиҳаларни фаол ривожлантиришни давом эттиришга келишиб олишди.

ШҲТга аъзо давлатлар маданият вазирларининг навбатдаги учрашувини 2022 йилда ўтказиш тўғрисида келишиб олинди.

Online Maslahat

Ism

E-mail

Maslahat

Useful links

booked.net
booked.net