ШҲТ Бош котиби Владимир Норов: ШҲТ маконида транспорт ва логистика ҳамкорлигининг ривожланиши Европа ва Осиё ўртасидаги энг йирик транзит

08.01.2021 15:16

ТОШКЕНТ, 8 январь. /«Дунё» АА/. Шанхай Ҳамкорлик Ташкилоти Бош котиби Владимир Норов Хитой Халқ Республикасининг инглиз тилида чоп этиладиган етакчи “China Daily” газетасида ШҲТнинг жаҳон сиёсатида тутган ўрни ҳақида мақола чоп этди, деб хабар бермоқда “Дунё” АА мухбири.

Мақолада қайд этилишича, ШҲТ ташкил этилганидан буён 20 йиллик фаолияти давомида халқаро муносабатларнинг замонавий тизимида муваффақиятли интеграциялашди ва муносиб ўрин эгаллади, шунингдек, глобал ва минтақавий барқарорликни сақлаш ва мустаҳкамлаш соҳасида кўп томонлама ёндашувларни ишлаб чиқиш ва амалга оширишнинг энг нуфузли трансминтақавий платформаларидан бири сифатида ўзини намоён этди.

Ташкилот диққат марказидан халқаро хавфсизликнинг ноанъанавий хавф ва таҳдидларига қарши туриш, терроризм ва экстремизм, давлатларнинг ҳудудий яхлитлигига таҳдид солувчи сепаратизм, гиёҳванд моддаларнинг ноқонуний айланмаси, уюшган жиноятчилик ва ахборот-коммуникация технологиялари соҳасидаги жиноятчиликка қарши кураш каби масалалар ўрин олган.

ШҲТ доирасида юқорида қайд этилган соҳаларда кўп томонлама ҳамкорликнинг мустаҳкам меъёрий-ҳуқуқий базаси шакллантирилган ҳамда ШҲТнинг Минтақавий аксилтеррор тузилмаси, ?шбилармонлар кенгаши ва Банклараро бирлашмаси ташкил этилган.

Ташкилотда савдо-иқтисодий ва гуманитар алоқаларни фаол ривожлантириш орқали минтақавий хавфсизликни таъминлаш бўйича биргаликда амалга ошириладиган ишларни қўллаб-қувватлаш лозимлиги ҳақида умумий тушунча мавжудлиги урғуланган. Бу, айниқса, 2020 йилда бошланган COVID-19 пандемияси шароитида ниҳоятда долзарб аҳамият касб этади. Шу нуқтаи назардан, рақамли саноатнинг жадал ривожланиши глобал рақобатбардошликнинг гарови бўлиши мумкин.

ШҲТ Бош котиби Ташкилот маконида транспорт ва логистика соҳасидаги ҳамкорликни кучайтиришга алоҳида урғу бериш зарурлигини таъкидлайди. Зеро бу нафақат мамлакатлараро савдо-иқтисодий алоқаларни жадал ривожлантиришга, балки «Бир камар, бир йўл» ташаббусини Евроосиё иқтисодий иттифоқи ва бошқа кўп томонлама ва миллий тараққиёт стратегиялари билан боғлаш нуқтаи назаридан Европа ва Осиё ўртасидаги энг йирик транзит зонасини яратишга ҳам кўмаклашади.

“ШҲТга аъзо давлатларнинг кўп томонлама савдо-иқтисодий ҳамкорликнинг янгиланган дастурига мувофиқ 2035 йилга қадар экологик технологияларни, муқобил ва қайта тикланувчи энергия манбаларини ривожлантириш масалаларига жиддий эътибор қаратилади. Бундан ташқари, иқтисодиётнинг пандемиядан олдинги даражасини тиклаш бўйича амалга ошириладиган чора-тадбирлар доирасида халқаро чегараларнинг ёпилишидан энг кўп зарар кўрган туризм соҳасини қўллаб-қувватлашга эътиборни кучайтириш керак”, - дейилади мақолада.

Владимир Норов, шунингдек, 2021 йил, унинг рамзий аҳамиятини инобатга олган ҳолда “ШҲТ мамлакатлари маданиятлари йили” деб эълон қилинганини таъкидлади. Шу муносабат билан тамаддунлараро мулоқотни мустаҳкамлаш, асосий мазмуни ўзаро ишонч ва фойда, тенглик, ўзаро маслаҳатлашувлар, маданиятлар ва тамаддунлар хилма-хиллигини ҳурмат қилиш, тараққиёт сари биргаликда интилишдан иборат бўлган “Шанхай руҳи”га келгусида ҳам риоя этиш билан боғлиқ бир қатор амалий тадбирлар ташкил этиш режалаштирилган.

Online Maslahat

Ism

E-mail

Maslahat

Useful links

booked.net
booked.net