“Шеърият менинг ҳукмронлигим, мен унга абадий бўйсунаман...”

21.03.2021 17:38

ТОШКЕНТ, 21 март. /“Дунё” АА/. 21 март – Халқаро шеърият куни ЮНЕСКО Бош конференциясининг 1999 йилда ўтказилган 30-сессиясида тасдиқланган. Ўзбекистонда бу сана янгиланиш, нафосат ва гўзаллик рамзи бўлган Наврўз айёми байрам қилинадиган кунга тўғри келади.

Халқаро шеърият кунининг тарихи 1938 йилдан бошланади. Таниқли шоира Тесса Суизи Уэбб бундай кунни байрам сифатида нишонлаш ташаббуси билан чиқди. АҚШнинг Огайо штати қадимги рим шоири Вергил туғилган кун - 15 октябрни Шеърият куни, деб эълон қилди. 1950 йилга келиб шеърият куни АҚШ бўйлаб нишонлаш анъанага айланди. Мексикада эса бу кун Миллий шеърият куни сифатида нишонланган. Европа мамлакатлари ҳам бу анъанани қўллади. Гарчи байрам расман тан олинган бўлмаса-да, лекин бутун дунёга тарқалиб улгурди. 1998 йилда Марокко ЮНЕСКО Бош Ассамблеясига Халқаро шеърият кунини эълон қилиш тўғрисидаги таклифни киритди.

Бу байрамнинг асосий мақсади замонавий жамиятнинг маданий ҳаётида адабиётнинг муҳим аҳамиятини таъкидлаш, бутун дунё шоирларини бирлаштириш ҳамда уларга ўзлари ҳақида билдиришлари учун ҳуқуқ ва имкониятлар бериш, шеърий тарзда ўзини ифодалаш орқали тилнинг турли туманлигини қўллаб-қувватлаш ҳамда йўқолиб бораётган тилларга эшитилиш имконини беришдан иборатдир. Бу кун нафақат шеъриятнинг, балки санъатнинг бошқа турларининг ривожланишига ҳам ўзига хос туртки беради.

Бутун тарих давомида шеърият жамиятнинг ажралмас қисми бўлиб келган. Уни ҳар бир маданиятда ва ҳар қайси қитъада топиш мумкин. Шеърият мамлакатларни, халқларни, маданиятларни бирлаштиради ва инсонларни бир бирларини тушунишига ёрдам беради. Асрлар давомида шеърий шаклга йўғрилган фикр ва ҳис-туйғулар биз ҳаммамиз битта катта оила ва биз турлича бўлсак-да, аслида бир биримизга жуда ўхшаш эканимизни эслатиб одамлар қалбига сингиб боради.

Замонавий инновацион технологиялар асрида бизни кино, онлайн ўйинлар ҳамда даҳшатли куч билан ўзига тортаётган интернет эгаллаб олаётган бир вақтда шеърият кераксиздек кўриниши мумкин. Аммо бир қарашда қандай туюлишидан қатьи назар, шеърият керак ва у мавжуд. Ва у ҳамиша туғилади. Шеъриятда сўзнинг сеҳрли жозибаси инсоннинг руҳиятига шунчалик даражада таъсир кўрсатадики, инсон ўзини гўёки баландликнинг юксак чўққисидадек ҳис қилади. У худди мусиқа каби, баъзан ичимиздаги айтолмайдиган, ифодалаб бера олмайдиган, лекин кўпинча, сатрларга битадиган ўша тушунарсиз ҳис-туйғуларимизни ифода этишга имкон беради. Шеърда оҳанг бор, мусиқа бор ва аввал қалбга сўзнинг оҳанги, мусиқаси кириб боради, сўнгра ақлу фаҳм кўмагида хотирага муҳрланади. Натижада сўз мағзида нимаики бўлса, қалб ўша билан тарбия топади. Шеърият учун воқеа ва тафсилотлар тасвири эмас, балки инсон руҳияти ифодаси муҳимдир. Шеърият, асосан, инсон туйғуларига таъсир кўрсатиш воситаси саналгани учун ҳам унинг мусиқийлиги, оҳангдорлиги ва жарангдорлигига алоҳида эътибор берилган. Шеърият намуналари фақат мазмуни билан эмас, балки ифода тарзи орқали ҳам ўқувчилар ва тингловчиларни ром этган. Бу эса шеърият намуналарининг куйлайдиган даражадаги қатъий акустик хусусиятларга эга бўлишини тақозо қилган. Шеъриятда муайян мусиқий зарб (ритм) ва қофия, поэтик синтаксис ва инверсиялар қўлланиши сўзларнинг ҳаракатчанлиги, оҳангдорлиги ва ёқимлилигини таъминлайди. Бу ҳол мазмун товланишларига эришиш борасида Шеъриятга туганмас имкониятлар беради.

Ҳамма ҳам шоир бўлавермайди, лекин кўпчилик умрида бир марта бўлса-да, шеър ёзишга уриниб кўради. Ахир, ҳар бир инсон ҳаётида эшитган биринчи мисралари бу албатта, алланинг сўзларидир. Кейин эса мактабда шеърлар ёд оламиз, қўшиқлар куйлаймиз, байрамларда шеърий табриклар ёзамиз. Ҳамма замонларда инсонлар шоирларга ишонган ва уларни эъзозлаган, ҳурмат қилган.

Шеърият – эркинликнинг акс этиши, сўз қудрати ва ҳар бир халқ, миллат маданиятининг ажралмас қисмидир. Шеърият жамият ва табиатда рўй берган ҳаётий ҳодисани бадиий ҳодисага айлантириш воситаси ҳамда шахсий кечинмаларни, шоирнинг бетакрор ва ҳақиқий ҳисларини ифода қилишнинг йўли сифатида ривожланиб келмоқда. Шеър ва адабиёт маънавият ва маърифатни оширадиган воситалардан биридир. Яхши шеърга ва адабиётга ошно бўлиб ўсган инсондан асло ёмонлик чиқмайди.

21 март – Халқаро шеърият кунида Ўзбекистон халқ шоири, ўзбек шеъриятининг мумтоз вакили Абдулла Орипов таваллуд топган. Бу йил у киши 80 ёшга тўлган бўлар эди.

Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг Ўзбекистон Қаҳрамони, халқ шоири Абдулла Орипов таваллудининг 80 йиллигини кенг нишонлаш тўғрисидаги қарорига асосан юртимизда шоирни хотирлаб турли тадбирлар, видеоанжуманлар ўтказилмоқда. Жумладан, Олий Мажлис Қонунчилик палатасида видеоанжуман шаклида хотира тадбири ташкил этилди.

Шунингдек, Ўзбекистон Қаҳрамони, халқ шоири, Давлат мадҳияси муаллифи Абдулла Орипов таваллудининг 80 йиллиги арафасида Акмал Саидов, Ғулом Мирзо ва Қаландар Абдураҳмоновлар ҳаммуаллифлигида “Ўзбекистон – дилбар Ватаним” номли китоб нашрдан чиқди. Унда адиб ҳақида турли йилларда нашр этилган мақолалар, эссе ва тақризлар ўрин олган.

 

Баҳор айёмида қазо ножоиз,

Баҳор айёмида туғилмоқ фарздир.

Баҳор минбардаги биринчи воиз,

Баҳор яшамоққа берилган қарздир.

 

Яна умид билан уйғонар олам,

Баҳор бу, ҳар нечук, илоҳий сасдир.

Олис уфқларга боқурман мен ҳам,

Баҳор ибтидодир, якун эмасдир.

 

Дунё санъатсиз қулайди, сўзсиз унинг ажралмас қисми шеърият ҳисобланади ва биз буни доимо ёдда тутишимиз керак.

 

Лобар Рўзиқулова,

?нсон ҳуқуқлари бўйича

Ўзбекистон Миллий маркази

Таҳририят-нашриёт бўлимининг

етакчи мутахассиси

Online Maslahat

Ism

E-mail

Maslahat

Useful links

booked.net
booked.net