Шавкат Мирзиёев Ўзбекистонни замонавий ривожланган мамлакатга айлантирмоқда

30.01.2020 10:03

ЛОНДОН, 30 январь. /«Дунё» АА/. Британиянинг «Realia Capital Group» компанияси инвестициялар бўйича директори Глеб Борухов «Дунё» АА мухбири билан суҳбатда Ўзбекистонда олиб борилаётган янги ислоҳотлар ва ҳамкорлик истиқболлари ҳақида сўзлаб берди.

– Ўзбекистонни Марказий Осиёда иқтисодий тез ривожланаётган давлатлардан бирига айлантириш мақсадида бундан икки йил олдин мамлакатда либераллаштириш жараёнлари бошланди. Ушбу жараён Евроосиёдаги бошқа давлатларга нисбатан кеч бошланган бўлса-да, Ўзбекистон учун ноёб имкониятлар тақдим этмоқда. Янги Ўзбекистон илғор тажрибани жорий этган ҳолда, саноат, савдо, қишлоқ хўжалиги, туризм, таълим соҳаларида минтақавий ва халқаро марказга айланиши мумкин.

Ўзбекистон Евроосиё иқтисодиётига қўшилишда рақобатда устунликка эга бўлган асосий тармоқларни мустаҳкамлаши муҳимдир. Ушбу тармоқлар иқтисодиётнинг бошқа соҳаларини ривожлантиришда асосий омил бўлади. Бунга қишлоқ хўжалиги, тўқимачилик, нефть, газ ва туризм соҳаларини мисол қилиб келтириш мумкин. Ушбу йўналишларда мамлакатнинг узоқ муддатли рақобатбардошлигини таъминлаш учун юқори қўшимча қийматга эга маҳсулот ва хизматларни таклиф этиш муҳим.

Бунинг учун катта маблағ талаб этилади. Мақсадга эришишда Ўзбекистон фақат ички молиявий ресурсларига таяниб қолмасдан, балки маҳаллий ва халқаро миқёсда ўзининг инвестициявий имижини шакллантириш ва мустаҳкамлаш бўйича бошлаган ишларни давом эттириши керак. Сўнгги ташаббуслар маҳаллий хусусий капитал ва хорижий инвестициялар иқтисодий ривожланишнинг асосий омили бўлиши мумкинлигини кўрсатмоқда.

Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев парламентга йўллаган Мурожаатномасида иқтисодиётнинг бир қатор соҳаларига алоҳида тўхталди.

Қишлоқ хўжалиги Ўзбекистон саноати муҳим ўрин тутади. Шунинг учун соҳада ислоҳот, инвестиция ва инновация зарур. Узоқ муддатли асосий мақсад сифатида қишлоқ хўжалигида кенг қамровли амалиётдан интенсив усулга ўтиш керак. Бу озиқ-овқат хавфсизлигини таъминлаш баробарида табиий захира ва атроф-муҳитга етказиладиган зарарни камайтиради.

Шунингдек, Ўзбекистоннинг мўътадил иқлими ва унумдор тупроғи юқори қўшимча қийматга эга экологик тоза маҳсулотлар ишлаб чиқаришга имкон беради. Бу эса мамлакатни айни йўналишда минтақавий марказга айлантиришга ёрдам беради.

Тўқимачилик ишлаб чиқариши — Ўзбекистон глобал миқёсда муваффақиятга эришиши мумкин бўлган яна бир соҳадир. Хусусий компаниялар ва ҳукумат кўмаги билан мамлакатингиз халқаро брендлар учун тўқимачилик маҳсулотлари ишлаб чиқарувчи марказга айланишига ишончим комил.

Энергетика ҳам ривожланиш учун мамлакатга катта имкониятларни таклиф этади. Ўзбекистон карбонат ангидрид чиқиндиларининг ҳавога ташланиши бўйича глобал ташаббусларни қўллаб-қувватлаган ҳолда, Марказий Осиёда барқарор ривожланиш талабларига жавоб берадиган давлатга айланади. Қайта тикланадиган энергия манбаларини (қуёш, шамол) жорий этиш орқали бунга эришиш мумкин. Бундай сиёсат қўшимча инвестицияларни жалб қилади ва халқаро молиявий институтларнинг қўллаб-қувватлашини таъминлайди.

Ўзбекистон қадимдан Осиёни Европа билан боғлайдиган савдо йўллари кесишган чорраҳада жойлашган. Бугунги кунда Хитой томонидан илгари сурилаётган "Бир макон, бир йўл" ташаббуси Ўзбекистонга Евроосиё минтақаси учун йирик транспорт ва логистика марказига айланиш имконини беради. Бу, албатта, темир йўл ва инфратузилма, логистика соҳаларига катта инвестицияларни жалб қилишни талаб қилади.

Бироқ, ушбу мақсадларга эришиш нафақат инвестициялар, балки мамлакатнинг кадрлар салоҳиятини ривожлантиришга ҳам боғлиқ. Замонавий таълим, ўқитиш ва малакали кадрларни етиштириш сиёсати иқтисодиётнинг барча соҳаларида тараққиётга эришиш учун муҳим аҳамиятга эга.

Ўзбекистон Президентининг сўнгги икки йилдаги саъй-ҳаракатлари унинг мамлакатни замонавий ривожланган давлатга айлантириш бўйича интилишларини яққол акс эттиради.

Халқаро савдо ва инвестициялар билан шуғулланувчи «Realia Capital Group» хусусий компанияси Ўзбекистон раҳбарияти томонидан хусусий бизнесни қўллаб-қувватлаш, иқтисодиётни модернизация қилиш ва янги технологияларни жорий этиш борасидаги ҳаракатларини қўллаб-қувватлайди.

Online Maslahat

Ism

E-mail

Maslahat

Useful links

booked.net
booked.net