Сеулда Корея Республикаси ва Марказий Осиё ўртасидаги ҳамкорлик истиқболлари муҳокама қилинди

29.01.2021 11:27

СEУЛ, 29 январь. /«Дунё» АА/. Сеулда кеча Корея Республикаси ва Марказий Осиё ўртасида иқтисодий ҳамкорлик масалалари бўйича форум бўлиб ўтди, деб хабар бермоқда «Дунё» АА мухбири.

Тадбир Корея Республикаси Савдо, саноат ва энергетика вазирлиги, Савдо-саноат палатаси, Евросиё ва туркий мамлакатларни ўрганиш институти томонидан ташкил этилди. Унда турли идора ва бизнес тузилмалари вакиллари, «Корея Республикаси - Марказий Осиё» ҳамкорлик бўйича форум котибияти ва Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Стратегик ва минтақалараро тадқиқотлар институти мутахассислари иштирок этди.

Анжуман доирасида Ўзбекистон - Жанубий Корея ҳамкорлигининг бугунги ҳолати ва истиқболлари тўғрисида атрофлича фикр алмашилди. Президент Шавкат Мирзиёев раҳбарлигида амалга оширилаётган демократик ва ижтимоий-иқтисодий ислоҳотлар, шунингдек республикада хорижий инвесторлар учун яратилган қулай шароитлар тўғрисида батафсил маълумот берилди.

Халқаро алоқалар бўйича мутахассис, профессор Пек Жу Хён Ўзбекистон раҳбариятининг Марказий Осиёда ҳамкорликни мустаҳкамлашга қаратилган сиёсатини юқори баҳолади.

— Президент Шавкат Мирзиёев маърузалари ва қабул қилаётган ҳужжатларида Ўзбекистон ташқи сиёсатининг устувор йўналиши Марказий Осиё мамлакатлари билан кўп қиррали ва ўзаро манфаатли муносабатларни ривожлантириш эканини мунтазам таъкидлаб келади, - деди эксперт. - Кўп жиҳатдан айнан Ўзбекистон ташаббуси натижасида Марказий Осиё давлатлари ўртасида олий ва юқори даражадаги сиёсий мулоқот фаоллашди, республиканинг қўшни давлатлар билан идоралараро ва минтақалараро алоқалари кенгайди. Бугун минтақада ўзаро савдо айланмасининг ўсиши кузатилмоқда.

Унинг фикрига кўра, Марказий Осиё давлатлари ўртасида ривожланиб бораётган конструктив мулоқот Корея Республикасининг ишбилармон доиралари ва давлат корпорацияларига янги инфратузилма ва минтақавий лойиҳаларни минтақа тараққиёти йўлида амалга оширишда янги имкониятлар очади.

Жанубий Корея савдо ва инвестицияларга кўмаклашиш агентлиги эксперти Парк Жи Воннинг фикрича, пандемия даврида Ўзбекистон томонидан коронавирусга қарши курашиш ва иқтисодиётни қўллаб-қувватлаш бўйича кўрилган чора-тадбирлар самарали бўлди.

«Жаҳон иқтисодиёти ривожланишининг янги тенденциялари Ўзбекистон Республикаси ва Корея Республикаси ўртасидаги кўп қиррали ҳамкорликни кенгайтириш учун янада кенгроқ имкониятлар тақдим қилмоқда. Бунда рақамли технологиялар ва соғлиқни сақлаш соҳаларини устувор йўналишлар, деб ҳисоблаш мумкин», - деди у.

Жанубий кореялик мутахассис соғлиқни сақлаш соҳасидаги ўзаро алоқаларнинг ижобий тажрибаси ва Корея Республикасининг ушбу йўналишдаги етакчи мавқеини ҳисобга олган ҳолда мазкур соҳада янги қўшма лойиҳалар амалга ошириш ўзаро манфаатли ҳамкорликни янги даражага олиб чиқадиган ҳаракатлантирувчи куч бўлиши мумкинлигига эътибор қаратди.

Евросиё ва туркий мамлакатларни ўрганиш институти директори, Донгдок университети профессори О ?н Кёнг коронавирус пандемияси оқибатида дунёда ўзаро мулоқотлар сусайган бир даврда Ўзбекистон ва Жанубий Корея ўртасидаги икки томонлама ҳамкорликни изчил ривожлантиришга эришилди.

- Сўнгги йилларда Ўзбекистон - Жанубий Корея муносабатлари сифат жиҳатидан янги босқичга кўтарилди, - дейди профессор. – Бунинг асосини икки давлат раҳбарлари ўртасидаги бой ва сермазмун сиёсий мулоқот ташкил этмоқда. 28 январь куни бўлиб ўтган онлайн-саммит ўзаро ҳамкорлик изчил мустаҳкамланиб бораётганини яна бир тасдиқлади. Мазкур муҳим воқеа натижалари бўйича қатор ҳужжатларнинг имзолангани рақамли технологиялар, лойиҳа фаолияти, соғлиқни сақлаш ва бошқа етакчи соҳаларда янги ташаббусларни илгари суришни назарда тутади.

Форум иштирокчилари пандемия даврида Ўзбекистон - Жанубий Корея ҳамкорлигининг ҳозирги ҳолати ва ривожланиш тенденцияларини юқори баҳолади. Уларнинг фикрига кўра, коронавируснинг глобал миқёсда тарқалиши Евроосиё давлатлари ўзаро мувофиқлаштирилган ва кенг қамровли ҳамкорлик қилиши зарурлигини кўрсатди. Бундай мазмундаги ҳамкорликни Корея Республикаси Президенти илгари сураётган «Янги шимолий сиёсат» ташаббуси ҳам назарда тутади.

Мутахассислар Ўзбекистонда «электрон ҳукумат», рақамли иқтисодиёт, блокчейн, АКТ таълимоти ва бошқа соҳаларда Жанубий Кореянинг инновацион ишланмаларидан кенг фойдаланиш бўйича қўшма тадбирларни давом эттириш долзарблигини таъкидлади. Шунингдек, Ўзбекистон ва Корея Республикаси ўртасида алоҳида стратегик шерикликни янада мустаҳкамлаш учун янги имкониятлар очилаётгани қайд этилди.

Online Maslahat

Ism

E-mail

Maslahat

Useful links

booked.net
booked.net