Сенат Раисининг биринчи ўринбосари Ўзбекистон Президенти маслаҳатчиси билан иқтисодий ривожланиш, самарали бошқарув ва халқаро ҳамкорли

02.02.2021 13:01

ТОШКЕНТ, 2 февраль. /«Дунё» АА/. Олий Мажлис Сенати Раисининг биринчи ўринбосари Содиқ Сафоев кеча Ўзбекистон Президентининг иқтисодий ривожланиш, самарали бошқарув ва халқаро ҳамкорлик масалалари бўйича маслаҳатчиси Сума Чакрабарти билан учрашди, деб хабар бермоқда «Дунё» АА мухбири.

Парламентнинг юқори палатаси маълумотига кўра, тадбирда Ўзбекистонни ривожлантиришнинг бешта устувор йўналиши бўйича Ҳаракатлар стратегияси доирасида амалга оширилган ислоҳотларнинг бориши, мамлакат иқтисодиётининг муҳим тармоқларини модернизациялаш ва рақобатбардошлигини оширишнинг стратегик йўналишлари, давлат бошқаруви тизимини мустаҳкамлаш юзасидан фикр алмашилди.

Мулоқот давомида Президент Шавкат Мирзиёев ташаббусларини ҳаётга татбиқ этиш ва мамлакатнинг барқарор ижтимоий-иқтисодий ривожланиши ҳамда халқ фаровонлигининг изчил ошириб борилишини таъминлаш бўйича олиб борилаётган ишлар тўғрисида сўз юритилди.

Бундан ташқари, мамлакатнинг инвестициялар жалб этувчанлигини ва ишбилармонлик муҳитини яхшилаш, шунингдек, Ўзбекистон имижи ва парламентнинг ролини ошириш, маҳаллий ва халқаро даражаларда ҳамкорлик қилиш масалалари муҳокама этилди.

Сума Чакрабарти амалга оширилган ишлар ва Ўзбекистон иқтисодиётининг ижобий кўрсаткичларини юқори баҳолади, шунингдек, мамлакат раҳбарияти ислоҳотларни давом эттиришга қатъий бел боғлаганини таъкидлади.

Учрашув иштирокчилари иқтисодий ривожланиш, самарали бошқарув ва халқаро ҳамкорлик бўйича белгиланган вазифаларни биргаликда амалга оширишга тайёр эканликларини билдирди.

Online Maslahat

Ism

E-mail

Maslahat

Useful links

booked.net
booked.net