Сенат Раисининг биринчи ўринбосари Ҳиндистон элчиси билан тараққиётга оид ўхшаш вазифаларни ҳал қилиш, кўп қиррали ҳамкорликни кенгайтир

06.12.2020 09:55

ТОШКЕНТ, 6 декабрь. /“Дунё” АА/. Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати Раисининг биринчи ўринбосари, Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенатининг Ҳиндистон парламентининг Ражя Сабҳа (юқори палатаси) билан ҳамкорлик бўйича парламентлараро гуруҳи раҳбари Содиқ Сафоев ва Ҳиндистоннинг Ўзбекистондаги Фавқулодда ва мухтор элчиси Маниш Прабхат ўртасида учрашув бўлиб ўтди, деб хабар қилмоқда “Дунё” АА мухбири.

Сенат Ахборот хизмати маълум қилишича, мулоқот давомида сўнгги йилларда икки томонлама ҳамкорлик сифат жиҳатидан янги босқичга кўтарилгани таъкидланди. Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг 2018-2019 йилларда Ҳиндистонга қилган ташрифлари кенг кўламли ҳамкорлик учун мустаҳкам замин яратди.

Ўзбекистон ва Ҳиндистонда тараққиётга оид ўхшаш вазифаларни ҳал қилишга қаратилган ислоҳ қилиш жараёни амалга оширилаётгани таъкидланди. Мамлакатлар ислоҳотлар борасида тўпланган тажрибасини алмашишга тайёрлигига урғу берилди.

Шу нуқтаи назардан элчи Ўзбекистонда сўз ва матбуот эркинлигини ривожлантириш учун яратилган шароитларни юқори баҳолади. Жумладан, Маниш Прабхат мамлакатимизда демократлаштириш жараёнлари кузатилаётганини ва бу Ўзбекистон ва Ҳиндистон ўртасидаги ҳамкорликни мустаҳкамлаш учун янги имкониятлар яратишини таъкидлади.

Учрашув давомида пандемия билан боғлиқ вазият ва икки мамлакатда кўрилаётган чоралар муҳокама этилди. Ўз вақтида кўрилган чоралар COVID-19 пандемияси оқибатларини юмшатишга хизмат қилиши қайд этилди. Ҳиндистон томони пандемия даврида Ўзбекистон аҳолиси юксак даражада интизом ва масъулиятни намойиш этганини, мамлакат ҳукуматининг саъй-ҳаракатлари эса яхши натижа бераётганини таъкидлади.

Мулоқот давомида икки томонлама парламентлараро ҳамкорлик масалалари ҳам кўриб чиқилди. Жорий йилда Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати ва Қонунчилик палатасида Ҳиндистон парламентининг юқори ва қуйи палаталари билан ҳамкорлик гуруҳлари ташкил этилгани ушбу йўналишдаги ўзаро алоқаларни ривожлантиришга катта ҳисса қўшаётгани таъкидланди. Ушбу тузилмалар фаолияти мазкур йўналишда тажриба алмашишга ва икки томонлама алоқаларни ривожлантиришга кўмаклашади.

 Томонлар, шунингдек, ҳамкорликни янада ривожлантириш йўналишларини муҳокама қилдилар. Қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини экспорт қилиш, қўшма фармацевтика корхоналарини ташкил этиш, Ўзбекистоннинг янги рақамлаштириш сиёсатини қўллаб-қувватлаш учун ахборот марказлари инфратузилмасини ривожлантириш шулар жумласидандир.

 Шунингдек, кадрлар алмашиш дастури бўйича яқин ҳамкорликни йўлга қўйиш, хусусан парламент аъзолари ва ҳар иккала палата девонлари ходимларининг салоҳиятини ошириш бўйича таклифлар билдирилди.

Online Maslahat

Ism

E-mail

Maslahat

Useful links

booked.net
booked.net