Самарқандда ШҲТ Банклараро уюшмаси кенгаши йиғилади

13.08.2022 23:44

Жорий йил 23-24 август кунлари Самарқанд шаҳрида “Ўзбекистон Республикаси Ташқи иқтисодий фаолият миллий банки” АЖ (Ўзмиллийбанк) раислигида Шанхай ҳамкорлик ташкилоти Банклараро уюшмаси кенгаши (ШҲТ БУ)нинг XVIII йиғилиши бўлиб ўтади.

Кенгашнинг 2021 йил 16 сентябрь куни Тожикистон Республикаси пойтахти Душанбе шаҳрида бўлиб ўтган XVII йиғилиши доирасида ШҲТ БУнинг 2021-2022 йиллар учун раислиги “Ўзмиллийбанк” зиммасига юклатилганди.

Тадбирда иштирок этиш учун ШҲТ Котибияти, аъзо давлатлар (Хитой, Ҳиндистон, Россия, Покистон, Қозоғистон, Қирғизистон ва Тожикистон)нинг БУ аъзолари ҳисобланган етакчи институтлари раҳбарлари, шунингдек ҳамкор банклар (Мўғулистон, Беларусь ва Евроосиё тараққиёт банклари), Ўзбекистон Республикаси мутасадди вазирлик, идоралари вакиллари таклиф этилган.

Йиғилиш кун тартибидан ўрта муддатли истиқбол (2022-2027 йиллар)да Шанхай ҳамкорлик ташкилоти Банклараро уюшмасига аъзо банклар ўртасида минтақалараро иқтисодий ҳамкорликни қўллаб-қувватлаш ва ривожлантириш бўйича қўшма ҳаракатлар режаси, ШҲТ БУга аъзо банклар ўртасида молия соҳасидаги ўзаро муносабат ва ҳамкорликнинг ҳадли тамойили каби ҳужжатлар муҳокама этилиши ва имзоланиши ўрин олган. Ушбу масалалар 2022 йил 16 май куни Бухоро шаҳрида бўлиб ўтган экспертлар ва координаторлар йиғилиши доирасида “Ўзмиллийбанк” ташаббуси билан илгари сурилган ва ШҲТ БУга аъзо банклар томонидан маъқулланган.

Мазкур ҳужжатларнинг қабул қилиниши аъзо банкларга пандемия ва жаҳон иқтисодиётидаги беқарорлик туфайли юзага келган инқироздан чиқиш йўлларини топиш, инновация, юқори технология ва “рақамли” иқтисодиётни ривожлантиришни назарда тутувчи стратегик аҳамиятга эга лойиҳаларга сармоя киритишга алоҳида эътибор қаратиш, лойиҳаларни молиялаштириш механизмини такомиллаштириш чора-тадбирларини мувофиқлаштириш, шунингдек, БУнинг ШҲТ маконидаги ўрнини мустаҳкамлашга кўмаклашиш имконини беради.

Учрашувда ШҲТга аъзо давлатлар ўртасида савдо ва инвестиция ҳажми ўсишини рағбатлантириш учун қулай шарт-шароит яратиш, ўзаро манфаатли шерикликни яхшилаш мақсадида аъзо банклар ўртасида инвестиция, иқтисодиёт соҳалари ва кадрлар масаласида ҳамкорликни кенгайтириш, шунингдек, БУга аъзо банкларда кадрлар салоҳиятини ошириш истиқболини муҳокама қилиш кўзда тутилган.

Маълумот ўрнида: ШҲТ Банклараро уюшмаси ҳукумат раҳбарлари кенгашининг 2005 йил 26 октябрдаги қарори билан аъзо давлатлар томонидан қўллаб-қувватланадиган инвестиция лойиҳаларини молиялаштириш ва банк хизмати кўрсатиш механизмини яратиш мақсадида тузилган.

ЎзА

Online Maslahat

Ism

E-mail

Maslahat

Useful links

booked.net
booked.net