Самарқандда «Discovering Uzbekistan» халқаро сайёҳлик анжумани ўтказилди

03.04.2022 12:18

САМАРҚАНД, 3 апрель. /«Дунё» АА/. Самарқандда «Discovering Uzbekistan» халқаро сайёҳлик анжумани бўлиб ўтди, деб хабар бермоқда “Дунё” ахборот агентлиги мухбири Жамшид Муталов.

Тадбир «Uzbekistan Airports» АЖ томонидан Туризм ва маданий мерос, Ташқи ишлар, Транспорт вазирликлари ҳамда «Air Marakanda» компанияси билан ҳамкорликда ташкил этилди.

Самарқанд халқаро аэропортининг янги терминалида офлайн ва онлайн шаклда ўтказилган анжуманда халқаро ва маҳаллий авиакомпаниялар, сайёҳлик агентликлари, меҳмонхоналар, дипломатик корпус вакиллари, хорижий оммавий ахборот воситаларининг мухбирлари қатнашди.

«Uzbekistan Airports» АЖ бошқаруви раиси Раъно Жўраева ушбу тадбир пандемиядан кейинги даврда халқаро ва маҳаллий туризмни ривожлантириш мақсадида мамлакатимизнинг туризм, авиация ва логистика соҳаларидаги янги имкониятларини намойиш этиш учун жуда муҳимлигини ва ўз вақтида амалга оширилганини таъкидлади.

Бугунги кунда Ўзбекистонда туризмни ривожлантиришнинг янги босқичи очилаётгани, мамлакатимиз раҳбарияти, вазирлик ва идоралари томонидан соҳани ривожлантиришга катта эътибор қаратилаётгани, туристик инфратузилмани ривожлантириш ва хизмат кўрсатишда қулайлик ва жаҳон стандартларини таъминлаш бўйича кўплаб меъёрий-ҳуқуқий ҳужжатлар ҳамда инвестиция дастурлари қабул қилинаётгани маълум қилинди.  

Хусусан, «Uzbekistan Airports» АЖ республикада туризмни ривожлантириш учун давлат раҳбари томонидан белгиланган барча топшириқларни бажариш мақсадида республика аэропортларини қайта таъмирлаш бўйича махсус дастур ишлаб чиқди. 2021 йилда Тошкент халқаро аэропортини қайта таъмирлаш жараёнининг биринчи қисми якунланди. Таъмирлаш жараёнининг иккинчи қисмини жорий йил амалга ошириш режалаштирилган. Март ойида Самарқанд халқаро аэропортининг янги терминали фойдаланишга топширилди.

Туризм ва маданий мерос вазирининг биринчи ўринбосари Улуғбек Аъзамов Самарқанд «Discovering Uzbekistan» биринчи халқаро анжумани ўтказиладиган жой сифатида танлангани бежиз эмаслигини таъкидлади. Зеро, ушбу кўҳна шаҳар Ўзбекистон сайёҳлик йўналишларининг чорраҳасида жойлашгандир. ?ккинчидан, Самарқанд аэропортининг янги терминали ишга туширилиши билан маҳаллий ва хорижий сайёҳларни қабул қилиш имкониятлари янада ортди.

Ўзбекистонга коронавируснинг янги тури кириб келиши ва тарқалишининг олдини олиш юзасидан чора-тадбирлар дастурини тайёрлаш бўйича республика махсус комиссиясининг қарори билан 16 мартдан бошлаб чет эллик сайёҳларнинг Ўзбекистонга киришига қўйилган қатор COVID чекловлари бекор қилинди. Туризм ва маданий мерос вазирлиги 2022 йилда мамлакатимизга келаётган хорижий сайёҳлар сонини 2,7 миллионга, ички сайёҳлар сонини эса 9 миллионга етказишни режалаштирган.

Республиканинг сайёҳлик ҳудудларида сайёҳатчиларни қабул қилиш ва уларга сифатли хизмат кўрсатиш учун барча шарт-шароитлар мавжуд. Хусусан, сайёҳлик кўчалари ва махсус қишлоқлар очилиб, зарур инфратузилма яратилмоқда.

Анжуман доирасида республика вилоятлари ва Қорақалпоғистон Республикасининг туризм имкониятлари тақдимоти ўтказилиб, турли сайёҳлик маҳсулотлари тақдим этилди.

Анжуман қанашчилари Самарқанд халқаро аэропорти янги терминалининг имкониятлари билан таништирилди. Янги терминалнинг қурилиши «Uzbekistan Airports» АЖ давлат ҳамкори ва хусусий шерик – «Air Marakanda» компанияси ўртасида республика авиация саноати тарихидаги биринчи давлат-хусусий шериклик шартномасига мувофиқ амалга оширилгани қайд этилди.

Янги терминал мунтазам парвозлар сонини 3 бараварга кўпайтиради, яъни ҳафтасига 120 тагача парвозлар амалга оширилади. Аэропортнинг авиақатнов тармоғини ривожлантириш режасига кўра, 2030 йилгача парвоз йўналишлари сонини 30 тадан ошириш кўзда тутилган.

 

Бугунги кунда аэропорт соатига 800 нафар йўловчига хизмат кўрсатиш, шунингдек йўловчилар сонини йилига икки миллионга етказиш имкониятига эга бўлди. Таққослаш учун - ушбу кўрсаткич 2019 йилда 500 кишини ташкил этган.

 

«Air Marakanda» раҳбарияти Самарқанд аэропорти асосида янги иш ўринлари яратиш, халқаро тажрибани жорий этиш, халқаро сертификатлар олиш, йўналиш тармоғини ривожлантириш, диверсификациялаш ва янги авиакомпанияларни жалб қилиш ҳисобига янги ҳаб моделини яратишни мақсад қилган.

Анжуманда мамлакатимизда амалга оширилаётган виза ислоҳотларига ҳам алоҳида эътибор қаратилди. Ташқи ишлар вазирлигининг консуллик-ҳуқуқий бошқармаси вакили 90 та хорижий давлат фуқаролари учун Ўзбекистонга визасиз кириш режими жорий этилгани, 60 га яқин мамлакат фуқароларига соддалаштирилган тартибда виза олиш имконияти берилганини қайд этди.

Тадбирда қатнашган дипломатик корпус вакиллари “Дунё” ахборот агентлиги мухбирига берган интервьюсида мамлакатимиз сайёҳлик салоҳиятига оид ўз таассурот ва фикр-мулоҳазалари билан ўртоқлашди. 

Даниель Кристиан Чобану, Руминия элчиси:

– Самарқанд халқаро аэропортининг салоҳияти, йўловчиларни қабул қилиш ва уларга хизмат кўрсатиш учун яратилган қулайликлар ҳақида батафсил маълумот олиш имконига эга бўлган ушбу муҳим тадбирда қатнашганимдан жуда хурсандман.

Самарқанд халқаро аэропорти Ўзбекистонга ташриф буюришни истаган хорижлик меҳмонлар учун ажойиб ҳаво дарвозаси бўлиб хизмат қилишига ишонаман. Руминия учун Ўзбекистон Марказий Осиёдаги устувор ҳамкор ҳисобланади. Ўзбекистон билан барча соҳаларда, жумладан, туризм соҳасидаги ҳамкорликни ривожлантириш ниятидамиз. Яқин келажакда Руминиядан Ўзбекистонга келаётган ҳамда Ўзбекистондан Руминияга борадиган сайёҳлар сони ортишига умид қиламиз. Бинобарин, иккала мамлакат ҳам туризм соҳасида улкан салоҳиятга эга.

Мен аллақачон Ўзбекистоннинг айрим ҳудудларини зиёрат қилишга эришдим. Дарҳақиқат, улар хорижлик сайёҳлар учун жуда чиройли ва жозибалидир. Бугун биз ташриф буюрган Самарқанд шаҳри буюк тарихга эга. Ҳамкорлигимиз ўзаро манфаатли асосда янада ривожланиши учун биргаликда саъй-ҳаракатларни амалга оширишимиз керак.

Зеавит Бен Хиллель, ?сроил элчиси:

– Самарқанднинг янги аэропорти билан танишиш менда чуқур таассурот қолдирди. Унинг қиёфасида тарихий мерос ва замонавий меъморчилик мужассамлаштирилган.

Аэропорт жуда замонавий услубда барпо этилган. У хорижий сайёҳларни қабул қилиш учун ажойиб марказ бўлиб хизмат қилишига ишончим комил. Сайёҳларнинг тўғридан–тўғри дунёга машҳур Самарқанд шаҳрига кириб келиши ўз-ўзидан жуда жозибалидир. Ўзбекистон бир қатор ижобий омилларга кўра ?сроилдан ташриф буюрувчи сайёҳлар учун жозибадор манзил бўлишига аминман.

Биринчидан, Ўзбекистонда яҳудий жамоасининг кўп асрлик тарихи мавжуд. Шу билан бирга, Ўзбекистонда ?сроил сайёҳлари севадиган ҳамма нарса бор – гўзал меъморчилик намуналари, бой тарих, бозорлар, миллий таомлар. Буларнинг барчаси саёҳатчилар учун жуда муҳимдир.  

Хенди Ассан, Малайзия элчиси:

– Самарқандга ташриф давомида Ўзбекистоннинг бошқа ҳудудларида туризм соҳаси қандай ривожланаётгани билан яқиндан танишиш имкониятга ҳам эга бўлдик. Ўзбекистонда илк бор давлат-хусусий шерклик асосида қуриб, ишга туширилган Самарқанд аэропорти ҳақидаги маълумот биз учун жуда фойдали бўлди.

Ўзбекистон туризм соҳасида улкан салоҳиятга ва жозибадор масканларга эга. Умид қиламанки, «Uzbekistan Airways» АЖ пандемия тугаганидан кейин Куала-Лумпурга мунтазам парвозларни давом эттиради. Бу эса, ўз навбатида, Малайзиядан Ўзбекистонга янада кўпроқ сайёҳларни жалб қилиш ва ушбу соҳада ўзаро манфаатли ҳамкорликни кенгайтиришга имкон яратади. Ўзбекистон ва Малайзия халқаро туризм бозорида бир-бирини жуда яхши тўлдиради, деб ҳисоблайман. Мазкур соҳадаги келгуси ҳамкорлигимиз самарали бўлишига ишончим комил. Малайзияда ҳам ўзбекистонлик сайёҳларни кўришдан доим қувонишади.

Анжуман якунида меҳмонлар «Самарқанд сити» қурилиш майдонида ҳам бўлиб, у ерда кўп тармоқли сайёҳлик марказини қуриш бўйича олиб борилаётган ишлар билан яқиндан танишди.

 

Online Maslahat

Ism

E-mail

Maslahat

Useful links

booked.net
booked.net