Рисолат Ҳайдарованинг «Ренессансни маърифатли кишилар олиб келади» мақоласи Озарбайжонда чоп этилди

02.03.2021 13:53

БОКУ, 2 март. /«Дунё» АА/. Озарбайжон Миллий Фанлар академиясининг расмий сайтида Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси аъзоси, ёзувчи Рисолат Ҳайдарованинг «Ренессансни маърифатли кишилар олиб келади» сарлавҳали мақоласи озарбайжон тилида чоп этилди, деб хабар бермоқда «Дунё» АА мухбири.

Мазкур мақола Озарбайжон Миллий Фанлар академияси қошидаги Низомий Ганжавий номидаги адабиёт институти бўлим мудири, филология фанлари доктори Алмаз Ульви томонидан  озарбайжон тилига таржима қилинган. Унда сўнгги йилларда Ўзбекистонда ўтказилаётган маънавий-маърифий, адабий соҳадаги халқаро конференциялар, симпозиумлар ва бошқа халқаро адабий анжуманлар ҳақида маълумот берилган. Шунингдек,  ўзбек адабиёти ва бой адабий меросимизни халқаро даражада тараннум этиш, ёш ижодкорларни қўллаб-қувватлаш бўйича олиб борилаётган ишлар ва яратилаётган шарт-шароитлар, маънавиятимиз бойлиги ҳамда уларни ривожлантириш мақсадида давлатимиз раҳбари томонидан қабул қилинган фармон ва қарорларнинг мазмун-моҳияти баён этилган.

Нашрда Президентимиз Шавкат Мирзиёев ташаббуси билан Тошкентда очилган Адиблар хиёбонига алоҳида эътибор қаратилган.

«Давлат раҳбарининг 2017 йил 18 апрель куни Алишер Навоий номидаги Ўзбекистон Миллий боғи ҳудудида Адиблар хиёбони барпо этиш тўғрисидаги қарори қабул қилинган эди. Ҳужжатга кўра хиёбоннинг меъморий-ғоявий лойиҳаси ишлаб чиқилди. Мажмуавий тарзда олиб борилган ишлар натижасида пойтахт марказида Адиблар хиёбонининг яхлит меъморий ансамбли яратилди. Адиблар хиёбонини барпо этиш учун давлат хазинасидан 175,6 миллиард сўм (тахминан 16,8 млн. АҚШ доллари) ажратилгани ҳам бу ишга қанчалик аҳамият берилганини тасдиқлайди. Бу тарихий воқеа ўзбек адабиётини яна бир поғона юксакка кўтариши билан муҳимдир», деб ёзади муаллиф.

 Материалда қайд этилишича, Ўзбекистон Президентининг 2018 йил 5 апрелдаги «Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси фаолиятини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида» қарори ижодий уюшма фаолиятини тубдан такомиллаштиришда муҳим роль ўйнаган.

“Қарор «Ўзбек адабиётининг бугунги тараққиётида 80 йилдан зиёд тарихга эга бўлган, мамлакатимиздаги нуфузли ижодий ташкилотлардан бири ҳисобланадиган Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмасининг муносиб ўрни бор», деган кириш сўзи билан бошланади. Кўламдор бу ҳужжат адабиёт соҳасида хизмат қилаётган зиёлилар меҳнатига эътибор қаратиш, адабий нашрларнинг моддий-техник базасини мустаҳкамлаш, истеъдодли ёшларни қўллаб-қувватлаш, ёзувчи ва шоирларнинг турмуш шароитини яхшилаш, ижод уйларини реконструкция қилиш, янгиларини қуриш, ижод мактабларини ташкил этиш каби кўплаб жиҳатларни қамраб олганди. Бу адабиётга эътибор мамлакатимизда давлат миқёсидаги катта масалага айланганига ёрқин далилдир», дед қайд этилади материалда.

Нашрда озарбайжонлик ўқувчилар, шунингдек, Тошкент давлат ўзбек тили ва адабиёти университетининг ташкил қилингани, шунингдек, буюк мутафаккир бобомиз Алишер Навоийнинг 580 йиллиги, Ўзбекистон халқ шоири Абдулла Орипов ва халқ ёзувчиси Ўткир Ҳошимовнинг 80 йиллигини нишонланишга оид маълумотлар билан танишади.

Таъкидланишича, мамлакатнинг тараққиёти ҳар соҳа вакиллари, жумладан, маданият ва адабиёт аҳлининг меҳнати қадрланиши билан ҳам белгиланади.  Шу маънода Ўзбекистонда ижобий тенденция кузатилади. Ёзувчи ва шоирларнинг турмуш шароитини яхшилаш борасида махсус давлат дастури яратилган.

«Яқинда имтиёзли кредит шартлари асосида 110 ижодкорга уй берилди.  Ўзбекистонда ижод ва илм аҳли доимо халқ ҳурматига сазовор бўлиб келган. Шарқ бежиз инсоният цивилизацияси бешикларидан бири, Ренессанс булоғи бўлмаган. Ҳозирги Ўзбекистонда янги уйғониш – учинчи Ренессансга пойдевор яратилмоқда. Бу Ренессансни эса зиёлилар, маърифат эгалари олиб келади. Шунинг учун ўз халқининг ишончи ва меҳрини қозонишга интилган давлатнинг мамлакат аҳолиси ҳурмат қилган зиёлиларга эътибор қаратиши табиийдир. Президент Шавкат Мирзиёев ўз нутқларидан бирида «Адабиёт – халқнинг юраги» дегани бежиз эмас», деб баён қилади Рисолат Ҳайдарова.

Материалда халқаро адабий алоқаларимизнинг салмоқли қисми Озарбайжон билан боғлиқлиги қайд этилган. Боиси халқимиз азалдан озарбайжон маданиятига ошно бўлиб келган, Фузулий, Насимий ғазалларини севиб мутолаа қилган.  Алишер Навоийнинг Низомий Ганжавий анъаналарига эргашгани, унга ҳурмат кўрсатгани, Фузулийнинг Навоийни устоз деб билгани мана шу анъаналарнинг гўзал намунасидир.

«Биз амалга ошираётган бир нечта лойиҳа орасида Озарбайжон адабиётига боғлиқ лойиҳалар алоҳида аҳамиятга эга. Бу лойиҳалар бадиий таржима соҳасида бўлиб, шулардан чоп этишга киришилган «Туркий адабиёт хазинаси” 100 жилдлик мажмуани кўрсатиш мумкин. Бунда озарбайжон адабиётига катта ўрин берилган», дейди муаллиф.

Online Maslahat

Ism

E-mail

Maslahat

Useful links

booked.net
booked.net