Режиссёр Умид Ҳамдамов: Фильмларимизни мукаммал дея олмайман. Буни интернет тармоғига жойлаштирилган изоҳлардан ҳам билиш мумкин

16.01.2021 12:43

ТОШКЕНТ, 16 январь. /«Дунё» АА/. «Дунё» АА мухбири «Янги Ўзбекистон ва миллий кинематография» ойлиги тадбирлари доирасида режиссёр ва сценарийнавис Умид Ҳамдамов билан суҳбатлашди.

—  Сўнгги йилларда режиссёрларимиз томонидан суратга олинаётган фильмларни қандай баҳолайсиз?

—  Ўзбек киносига баҳо бериш кино танқидчиларига кўпроқ ярашади. Чунки биз суратга олаётган фильмларнинг камчилик ва ютуқларини улар танқидий назар билан кўра олади.

Менинг фикримча, бугунги ўзбек кино майдонида, табиийки, яхши намуналар ҳам бор, танқидга арзийдиганлари ҳам бор. Биз, режиссёрлар фильмларимизни мукаммал дея олмаймиз. Сўзларимни, афсуски, кинотеатр экранлари ва телеэфирда намойиш этилаётган кўплаб фильмларнинг савияси тасдиқлаши мумкин. Буни интернет тармоғига жойлаштирилган сериал ва фильмларга қолдирилган изоҳлардан ҳам билиш мумкин.

Томошабин бугун фильмларимизнинг аксарияти ҳаётдан узоқлашиб кетганини  таъкидламоқда. Бундай фикрларни менинг ўзимга ҳам айтишган.  

Аммо маҳоратли кино режиссёрларимиз ҳам йўқ эмас. Мисол учун, Ёлқин Тўйчиев. Унинг яқинда тақдим этган «Фариданинг икки минг қўшиғи» фильми тўғрисида фахрланиб гапирсак арзийди. Ушбу кинолента халқаро фестивалларда ҳам бир неча маротаба эътироф этилди.  

—  Бугунги кунда суратга олинаётган қайси фильмда режиссёрлик иши яққол намоён бўлган дея оласиз?

—  Қисқа ва лўнда қилиб жавоб бераман. Бу ҳам бўлса «Фариданинг икки минг қўшиғи» фильмидаги  режиссёрлик иши.

Фильм Ёлқин Тўйчиевнинг режиссёрлик маҳоратини очиб берган. Бошқа фильмлардаги режиссёрлик ишлари ҳақида бундай дея олмайман. Ҳамкасбларим  мендан хафа бўлмасин. Лекин бу ҳақиқат, уни тан олишимиз керак!

— Ўзбек кинофильмларининг халқаро кинофестивалларда муваффақият қозониши учун нималарга кўпроқ эътибор бериш керак, деб ўйлайсиз?

 Ўзбек кинофильмларининг халқаро кинофестивалларда тан олиниши фақат биз сценарийнавис ва режиссёрларга боғлиқ эмас. Бу «Ўзбеккино» мутассаддиларига ҳам боғлиқ, деб ҳисоблайман.

Хусусан, қайси фестивалларда иштирок этишни аниқлаш, уларнинг талаблари даражасидаги фильмларни ажратиб олиш тизими бўлиш керак. Аниқ фестиваль шартлари ва талабларига мос сценарийларга буюртмалар берилиши ҳам зарурдир, балки. Бугун ўзбек киносида бундай тизим мавжуд эмас.

Оддийча қилиб айтганда, бу йўналишда анчагина оқсомоқдамиз. Умид қиламизки, яқин истиқболда бу масалалар ўз изига тушади. Асосийси, киночиларимиз саъй-ҳаракатларини бирлаштиришимиз, халқаро майдонга чиқиш учун йўлларни қидиришимиз, ўрганишимиз лозим. Бунинг учун биз, ёш режиссёрларга давлатимиз томонидан ҳамма имкониятлар яратиб берилмоқда.

— Маҳоратли режиссёр, актёр, оператор ва бошқа мутахассисларни тайёрлаш бўйича фикрларингизни билишни истардик.

—    Жуда қийин савол. Кино мутахассисларини тайёрлаш бўйича бир нарса дейишим қийин. Лекин энг муҳими, миллий киномизнинг ўзига хослигини йўқотиб қўймаслик учун четдан оғиб келаётган ғояларга алданиб қолмаслигимиз керак.

Тарихий ва ҳозирги кунда долзарб бўлган мавзуларда фильмлар ишлашнинг аҳамияти жуда катта. Ушбу йўналишда жуда орқада қолиб кетдик. Менимча, бу ҳам кадрлар салоҳияти ва билими билан боғлиқ.

—     Сўнгги кўрган ўзбек фильмингиз қайси ва қайси бирини «Дунё» АА аудиториясига тавсия қилган бўлардингиз?

      —  Мен охирги маротаба кўрган кинолента - бу «Фариданинг икки минг кўшиғи». «Дунё» АА ўқувчиларига ушбу фильмни кўришни тавсия қиламан. Чунки бу ҳақиқий профиссионал ёндашув билан ишланган кино. Томошабинни тафаккурини бойитади, ўйлашга ундайди.  

Суҳбатни Сардор Мирзаев ёзиб олди

Online Maslahat

Ism

E-mail

Maslahat

Useful links

booked.net
booked.net