Ражаб Ўзтурк: Ўзбекистонда COVID-19га қарши кўрилаётган кураш жаҳон тажрибаси асосида олиб борилмоқда

27.07.2020 14:42

ТОШКЕНТ, 27 июль. /«Дунё» АА/. Ўзбекистонда коронавирусга чалинган беморларни даволаш ва ўзаро тажриба алмашиш мақсадида Туркиядан бир гуруҳ малакали шифокорлар келгани хабар берилган эди.

Туркиялик шифокорлар айни пайтда мамлакатимизда COVID-19 инфекцияси билан боғлиқ ҳолатни ўрганмоқда. «Ўзбекистон-24» телеканали мухбири Туркия Соғлиқни сақлаш вазирлиги илмий кенгаши аъзоси, профессор Ражаб Ўзтурк билан Ўзбекистонда пандемияга қарши кураш борасида олиб борилаётган ишлар ҳақидаги фикрлари билан қизиқди.

– Ўзбекистонда COVID-19га қарши кураш бўйича кўрилаётган кураш тадбирлари билан яқиндан танишиб, ишлар жаҳон стандартлари асосида олиб борилаётганига ишонч ҳосил қилдим. Мамлакатингиздаги «Ўзэкспомарказ» миллий кўргазмалар мажмуасида бўлиб, бу ерда беморларга тез тиббий ёрдам кўрсатилаётганига гувоҳ бўлдим. Бундай марказларнинг мамлакат бўйлаб очилиши ҳақидаги хабарлар бизни ҳам хурсанд қилди.

Жойларга бориб оилавий ва кўп тармоқли поликлиникалар фаолияти билан ҳам танишдик, тез тиббий ёрдам хизматлари ишини кўрдик. Зангиота туманида тўрт минг беморни қабул қилишга мўлжалланган замонавий шифохона имкониятлари билан яқиндан танишдик. Бу турдаги шифохоналар юртингиз бўйлаб ташкил этилаётгани ҳақида бизга маълумот беришди. Қайд этиш жоиз, пандемия шароитида бу каби шифо масканлари муҳим аҳамиятга эга.

Шифохоналарда COVID-19 билан касалланган беморлар учун махсус бўлимлар ташкил этилган ва коронавирусга чалинганлар тоифаларга ажратилган ҳолда даволанмоқда.

Ўзбекистонда беморларга халқаро тажрибадан фойдаланиб, муолажалар буюрилмоқда. Биз ҳам билим ва тажрибамиз билан ўртоқлашиш, ўзбекистонлик ҳамкасбларимизнинг ўзига хос иш усулларини ўрганиш учун келдик.

Ўз навбатида, фуқаролар ҳукумат кўраётган чора-тадбирларга қатъий амал қилиши керак. Бунда ҳар бир жиҳат ва оддий кўринган масала ҳам муҳим аҳамиятга эга. Барча карантин қоидаларига риоя қилса, давлат томонидан кескин чоралар кўришга зарурат қолмайди ва вирусни назорат қилишга имкон туғилади.

Online Maslahat

Ism

E-mail

Maslahat

Useful links

booked.net
booked.net