ТОШКЕНТ, 18 февраль. /Дунё АА/. Жанубий Кореянинг «Hanshin Engineering & Construction Co., Ltd.» компанияси бош ижрочи директори Чои Мун Кю бошчилигидаги делегациясининг мамлакатимизга ташрифи доирасида бугун Қурилиш вазирлигида учрашув ўтказилди, деб хабар бермоқда «Дунё» АА мухбири.
Тадбирда Жанубий Корея компанияси делегацияси вакиллари билан бирга юртимиздаги етакчи тармоқ лойиҳалаш ташкилотлари, жумладан, «Қишлоққурилишлойиҳа» МЧЖ, «ТошуйжойЛ?Т?» АЖ ва «Ўзоғирсаноатлойиҳа» АЖ раҳбарлари иштирок этди.
Томонлар Ўзбекистон ҳудудида қурилиш соҳасида истиқболли лойиҳаларни амалга оширишда ўзаро ҳамкорлик масалаларини муҳокама қилди. Шунингдек, мамлакатимизда фаолият юритаётган лойиҳалаш институтларидаги давлат улушини сотиб олишнинг аниқ босқичлари хусусида фикр алмашилди.
Жанубий Корея томони ушбу лойиҳаларда инвестор сифатида ўзаро иштирок бўйича қизиқиш билдирди.
Музокаралар натижасида ҳамкорликнинг амалий қадамларига ўтиш имкониятларини кўриб чиқиш бўйича келишувларга эришилди.