Қўқон шаҳрида Туркий кенгашга аъзо давлатларнинг туризм масалалари вазирларининг йиғилиши ўтказилади

12.06.2021 17:23

ТОШКЕНТ, 12 июнь. /«Дунё» АА/. Жорий йил  23-24 июнь кунлари Қўқон шаҳрида Туркий тилли давлатлар ҳамкорлик кенгашига аъзо давлатларнинг туризм масалалари вазирларининг VI йиғилиши ва Туризм бўйича ишчи гуруҳнинг XV йиғилиши бўлиб ўтади, деб хабар бермоқда «Дунё» АА мухбири.

Туризм ва спорт вазирлигидан маълум қилишларича, Ўзбекистон Президенти томонидан 2019-2020 йилларда Туркий тилли давлатлар ҳамкорлик кенгаши саммитлари доирасида илгари сурилган ташаббусларни амалга ошириш ҳамда ташкилот доирасида туризм соҳадаги ҳамкорлик алоқаларини янада мустаҳкамлаш бўйича тизимли ишлар амалга оширилмоқда. Жумладан, Хива, Бухоро, Самарқанд ва Тошкент шаҳарлари Туркий кенгаш доирасида амалга оширилаётган «Modern Silk Road» қўшма туризм маршрути лойиҳасига киритилиши таъминланди.

2020 йил ўтказилган Туркий кенгаш туризм масалалари бўйича вазирларининг V йиғилиши якуний баёнига кўра, туризм масалалари вазирларининг ва Туризм бўйича ишчи гуруҳнинг навбатдаги йиғилишларини 2021 йил Қўқон шаҳрида ўтказишга келишилган эди.

Бугунга қадар мазкур тадбирда Туркий кенгаш Бош котиби Бағдат Амреев, Туркия маданият ва туризм вазири Меҳмет Нури Эрсой, Қозоғистон маданият ва спорт ишлари вазири Актоти Раимкулова, Қирғизистон Бош вазири ўринбосари - иқтисодиёт ва молия вазири Акилбек Жапаров, Озарбайжон давлат туризм агентлиги раиси Фуад Нагиев ўз иштирокини тасдиқлаган.

Йиғилишда Кенгашга аъзо давлатларда туризм соҳасининг пандемиядан кейинги тикланиши, «Табаррук зиёрат» лойиҳасини амалга ошириш ҳамда аъзо давлатларнинг йирик шаҳарлари ўртасида халқаро авиарейсларни тиклаш каби муҳим масалалар муҳокама қилинади.

Шу билан бирга, хорижий иштирокчилар туризм соҳасидаги истиқболли лойиҳалар, зиёрат туризм имкониятлари, Фарғона вилоятининг ҳунармандчилик, экотуризм ва гастрономик салоҳияти билан таништирилади.

Таъкидлаш лозимки, Қўқон шаҳрида ўтказилиши режалаштирилган йиғилиш Ўзбекистоннинг Туркий тилли давлатлар ҳамкорлик кенгашига аъзо бўлганидан кейинги вазирлар даражасидаги биринчи тадбир ҳисобланади.

Online Maslahat

Ism

E-mail

Maslahat

Useful links

booked.net
booked.net