Қўлда гилам тўқишни ривожлантириш вазифалари белгиланди

29.06.2020 10:32

ТОШКЕНТ, 29 июнь. /«Дунё» АА/. Ўзбекистон Республикаси Президентининг «Республикада қўлда тўқилган гиламчилик соҳасини ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги қарори қабул қилинди, деб хабар бермоқда «Дунё» АА мухбири.

Қарорга мувофиқ, 2021 йил 1 январдан давлат бюджети маблағлари ҳисобидан чорвачилик маҳсулотлари етиштирувчи хўжаликларга улар томонидан қўлда гилам тўқишга ихтисослашган ҳунармандлар ва ташкилотларга сотилган ҳар бир килограмм «меринос» зотли қўй ва «ангор» зотли эчкиларнинг жуни учун икки минг сўмдан субсидиялар ажратилади. Бунда, субсидия бериш «Ўзбекчорванасл» агентлиги томонидан амалга оширилади.

«Меринос» зотли қўй ва «ангор» зотли эчкиларни ҳайдаб боқиш, жунни қайта ишлаш, бўяш ва қўлда гилам тўқиш бўйича лойиҳаларни амалга ошириш учун лойиҳа ташаббускорларига бир вақтнинг ўзида компенсация билан биргаликда кафиллик ҳам берилади.

Қўлда тўқилган гиламларни экспорт қилишда автомобиль, темир йўл ва ҳаво транспортида ташиш харажатларини 50 фоизигача миқдорда компенсация қилишга субсидиялар тақдим этиш механизми татбиқ этилади.

Қарорга кўра, Жиззах, Қашқадарё, Наманган, Самарқанд, Сурхондарё ва Тошкент вилоятларида “меринос” зотли қўй ва “ангор” зотли эчкилар парвариш қилиш хўжаликларига тегишлича яйлов ер майдонлари ажратилади.

2021 йил 1 январга қадар тоғолди яйловлар учун қурғоқчиликка чидамли озуқа экинларнинг бирламчи уруғчилиги ташкил этилади.

2020 йил 15 июлдан бошлаб “Ўзбекипаксаноат” уюшмаси таркибидаги қўлда гилам ва ипак мато тўқиш билан шуғулланувчиларга гилам ва ипак мато тўқиш дастгоҳини харид қилиш учун харажатларга – ҳар бир дастгоҳ учун базавий ҳисоблаш миқдорининг 10 баравари (2 миллион 230 минг сўм) миқдорида субсидиялар ажратилади.

2021 йилдан бошлаб ҳар икки йилда бир марта октябрь ойида Тошкент шаҳрида шарқона қўлда тўқилган гиламлар (Hand-made Oriental Carpets) халқаро фестивали ўтказилади.

2020 йил якунига қадар Самарқанд, Бухоро, Хива ва Шаҳрисабз шаҳарларида туристлар ташриф буюрадиган маданий мерос объектлари ҳудудларида қўлда тўқилган гиламлар кўргазма-савдо расталари (дўконлари) ташкил қилинади.

Шунингдек, “гилам тарихи” (“The history of carpet”) QR-кодлар бўйича ҳар бир гиламнинг тўқилиш жараёни, чевар хотин-қизлар ва уларнинг ишлаш шароити ҳамда шу каби маълумотларни ўзида мужассам этган мобиль иловалар ишлаб чиқилади.

Online Maslahat

Ism

E-mail

Maslahat

Useful links

booked.net
booked.net