Қозон – Бухоро йўналишида тўғридан-тўғри авиақатновни амалга ошириш таклиф қилинди

26.02.2020 11:13

ҚОЗОН, 26 февраль. /«Дунё»АА/. Бухоро вилоят ҳокими Ўктам Барноев бошчилигидаги делегация Татаристонда бўлиб турибди. Ташриф Қозон шаҳрида Татаристон Республикаси Президенти Рустам Минниханов билан учрашувдан бошланди, деб хабар бермоқда «Дунё» АА мухбири Татаристон Республикаси Президенти матбуот хизмати манбасига таяниб.

Учрашув доирасида Татаристон ҳамда Бухоро вилоятидаги корхоналар ўртасида ҳамкорликни ривожлантириш, маҳсулот ва хизматлар етказиб бериш ҳажми ҳамда турини кўпайтириш, гуманитар алоқаларни мустаҳкамлаш масалалари муҳокама қилинди.

Манба хабарида келтирилишича, Татаристон Президенти Рустам Минниханов учрашувда фаоллик билан олиб борилган ишлар самарасида 2018 йилда Татаристон билан Ўзбекистон ўртасида маҳсулот айирбошлаш ҳажми 50 фоиздан кўпроққа ортиб, 146 миллион долларни ташкил қилганини қайд этган.

“Ўтган йил якунига кўра, ўзаро савдо ҳажми 195 миллион долларга етди. Биз бундан-да юқори натижа қайд этиш учун имконият бор. Барча йўналишлар бўйича ишларни янада фаоллаштириш зарур. Бу борада Татаристон етакчи компаниялари томонидан изчил иш олиб борилмоқда. Жумладан, 2019 йилда Самарқандда «КАМАЗ» русумли автотранспорт воситаларини йиғиш линияси ишга туширилди. «Татнефть» ҳамда «ГМС» гуруҳи компаниялари ўз лойиҳаларини амалга оширишга киришди”, дея таъкидлаган Р.Минниханов.

Суҳбат давомида Татаристон ва Ўзбекистон ўртасида мунтазам авиақатновлар йўлга қўйилгани мамнуният билан қайд этилиб, эндиликда Қозон – Бухоро шаҳарларини тўғридан-тўғри боғловчи авиақатновни ташкил этиш таклифи билдирилди. Бу ишбилармон доираларнинг ўзаро ҳамкорлигини мустаҳкамлаб, сайёҳлар оқимининг ортишига хизмат қилади.

Бухоро вилоят делегациясининг Татаристонга сафари давом этмоқда.

Online Maslahat

Ism

E-mail

Maslahat

Useful links

booked.net
booked.net