Қийноққа солиш билан боғлиқ қилмишлар содир этилишини олдини олишнинг самарали механизмлари жорий қилинади

11.08.2020 11:18

ТОШКЕНТ, 11 август. /“Дунё” АА/. Мамлакатимизда жиноят ишларини тергов қилиш фаолиятини халқаро стандартлар ва илғор хорижий тажрибани инобатга олган ҳолда яхшилаш, қонун устуворлиги рўёбга чиқариш суд-ҳуқуқ тизимини ислоҳ қилиш йўлидаги устувор мақсадлардан биридир. Ўтган йиллар давомида соҳада юртимизда жавобгарликнинг муқаррарлиги, жиноят-процессуал қонунчилигини янада такомиллаштиришга қаратилган қатор ҳуқуқий ҳужжатлар қабул қилинди. Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев томонидан имзоланган “Суд-тергов фаолиятида шахснинг ҳуқуқ ва эркинликларини ҳимоя қилиш кафолатларини янада кучайтириш тўғрисида”ги фармон шахснинг ҳуқуқ ва эркинликларига сўзсиз риоя этилишини таъминлашда яна бир муҳим қадам бўлди.

Ўзбекистон Республикаси Бош прокуратураси Академиясининг кафедра бошлиғи Х.Каримов “Дунё” АА мухбирига берган интервьюсида ушбу фармоннинг шахсга нисбатан қийноққа солиш ва бошқа шафқатсиз жазо турларини қўллаш билан боғлиқ ҳолатларнинг олдини олишдаги аҳамияти ҳақида қуйидагиларни сўзлаб берди.

– Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Суд-тергов фаолиятида шахснинг ҳуқуқ ва эркинликларини ҳимоя қилиш кафолатларини янада кучайтириш тўғрисида”ги фармонида “шахсга нисбатан қийноққа солиш ва бошқа шафқатсиз, ғайриинсоний ёки қадр-қимматни камситувчи муомала ҳамда жазо турларини қўллаш билан боғлиқ қилмишлар содир этилишини олдини олишнинг самарали механизмларини жорий қилиш, шунингдек, бундай қилмишлар учун жавобгарликни кучайтириш” суд-тергов фаолиятини янада такомиллаштиришнинг асосий вазифаларидан бир этиб белгиланди, - дейди Х.Каримов. - Сўнгги йилларда мамлакатимизда шахснинг ҳуқуқ ва эркинликларини ишончли ҳимоя қилиш, унинг шаъни ва қадр-қимматини ҳурмат қилиш, шунингдек, қийноққа солиш билан боғлиқ ҳаракатларни олдини олиш ва жавобгарликни кучайтиришга қаратилган бир қатор қонун ҳужжатлари қабул қилинди.

2018 йилнинг 4 апрелидаги Қонун билан Ўзбекистон Республикасининг Жиноят кодекси 235-моддасига ўзгартиришлар киритилди ҳамда қийноқ учун жавобгарликка оид нормалар такомиллаштирилди.

Жумладан, қийноққа солиш ва бошқа шафқатсиз, ғайриинсоний ёки қадр-қимматни камситувчи муомала ҳамда жазо турларини қўллаш жинояти жабрланувчилари доираси кенгайтирилди. ?лгари жабрланувчилар сифатида гумон қилинувчи, айбланувчи, маҳкум, гувоҳ, жабрланувчи, жиноят процессининг бошқа иштирокчиси ёхуд уларнинг яқин қариндошлари белгиланган бўлса, эндиликда улар қаторига маъмурий қамоққа олинган шахс, судланувчилар ҳам киритилди.

Бундан ташқари илгари жиноят субъектлари, яъни қийноққа солганлик учун жавобгарликка тортилиши мумкин бўлган шахслар доираси ҳам чегараланган эди. Суриштирувчи, терговчи, прокурор, ҳуқуқни муҳофаза қилиш органининг, жазони ижро этиш муассасасининг бошқа ходими қийноқ жиноятининг субъекти ҳисобланарди. Жиноят кодексига киритилган ўзгартиришдан ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органнинг ёки бошқа давлат органининг ходими томонидан ёхуд унинг далолатчилигида ёки хабардорлигида ёхуд индамай берган розилиги билан бошқа шахслар томонидан қийноққа солиш ҳолати содир этилса мазкур шахслар ҳам Жиноят Кодексининг 235-моддаси билан жавобгарликка тортилиши белгиланди.

Шунингдек, ўзгартиришга асосан, Жиноят Кодексининг 235-моддасининг барча қисмларида муайян ҳуқуқдан маҳрум этиш жазоси қўшимча жазо сифатида қайд этилди. ?лгари мазкур қўшимча жазо фақат Жиноят Кодексининг 235-моддаси 3-қисмида назарда тутилган эди.

Шунингдек, Жиноят Кодексининг 235-моддасидан ахлоқ тузатиш жазоси чиқарилди. Жазо миқдори оғирлаштирилди. Максимал жазо муддати етти йилдан ўн йилгача озодликдан маҳрум қилиш жазоси белгиланди.

Мазкур киритилган ўзгартиришлар шахс ҳуқуқларини янада кафолатлашда, одил судлов манфаатларини ҳимоя қилишда муҳим аҳамият касб этди.

Аммо жорий йил Чироқчи тумани ва Андижон шаҳрида содир этилган қийноққа солиш билан боғлиқ фожеали воқеалар, жиноят процессида шахснинг ҳуқуқ ва эркинликларини ҳимоя қилиш кафолатларини таъминлаш бўйича механизмлар тўлиқ ишга солинмаганлигини, қийноққа солиш билан боғлиқ ҳолатларни олдини олиш билан боғлиқ тизимли механизмлар ишлаб чиқиш заруратини кўрсатиб берди.

Янги қабул қилинган фармонда бу борада қатор илғор қоидалар акс этган бўлиб, улар шубҳасиз шахс ҳуқуқлари ҳимоясини ишончли кафолатлашга хизмат қилади. Ҳуқуқни муҳофаза қилувчи орган ходимларини турли суиистеъмолчиликларга йўл қўйишини олдини олади.

Масалан, амалдаги Жиноят-процессуал кодексининг 226-моддасига асосан ушлаб туриш муддати ушланган ички ишлар органига ёки ҳуқуқни муҳофаза қилувчи бошқа органга келтирилган пайтдан ҳисобланади.

Биргина мисол, шахс жиноят устида ушланди, унинг ҳуқуқлари шу вақтдан чекланади, аммо ушланган ички ишлар органига ёки ҳуқуқни муҳофаза қилувчи бошқа органга келтирилганидан сўнг ушлаб туриш муддатининг ўтиши бошланади. Яъни шахс тегишли муассасага олиб борилмагунга қадар, ҳақиқатда ушлаб турилган вақт ушлаб туриш муддатига кирмайди. Фармонга асосан, Жиноят-процессуал кодексига “жиноят содир этишда гумон қилинаётган шахсни ушлаб туриш муддатини у ҳақиқатда ушланган вақтдан бошлаб ҳисоблаш” қоидасини киритиш назарда тутилмоқда. Бу эса, ўз навбатида ушланган шахснинг ҳуқуқ ва эркинлигини ишончли ҳимоя қилишга, уни асоссиз ушлаб турилишини олдини олишга хизмат қилади.

Фармондаги яна бир муҳим жиҳат “ушланган гумон қилинувчи ёки айбланувчининг қариндошларини процесс иштирокчиси сифатида жалб қилиш учун асослар мавжуд бўлмаган ҳолларда уларни ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органларга чақириш ва сўроқ қилиш” тақиқланиши назарда тутилганлигидир. Бу қоидани киритилиши ушланган гумон қилинувчи ёки айбланувчининг қариндошларини ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органларга чақириш ва сўроққа жалб этишни тақиқлаш орқали ушланган гумон қилинувчи ёки айбланувчига руҳий ёки психологик босим ўтказилиши олди олинади.

Қайд этиш жоиз, амалдаги тартибга кўра, масалан, вақтинча сақлаш жойлари ва тергов ҳибсхоналарида сақланаётган гумон қилинувчи, айбланувчи ва судланувчини баданидаги доғларни, тирналган, шилинган, қонталаш жойларни топиш зарурати туғилганда гувоҳлантириш юқоридаги муассасалар тасарруфидаги тиббий муассасалар ходимлари томонидан ўтказилиши мумкин. Фармонда назарда тутилган янги тартибга асосан эса терговга қадар текшириш ёки терговда ушланган шахсни
ва озодликдан маҳрум қилиш жойларида жазони ўтаётган маҳкумни тиббий кўрикдан ўтказиш, шунингдек, вақтинча сақлаш жойлари ва тергов ҳибсхоналарида сақланаётган гумон қилинувчи, айбланувчи
ва судланувчини гувоҳлантириш уларнинг ёки адвокатнинг илтимосномасига асосан 24 соат ичида фақат вақтинча сақлаш жойлари, тергов ҳибсхоналари ёки жазони ижро этиш муассасалари тасарруфида бўлмаган тиббий муассасалар ходимлари томонидан ўтказилиши белгиланмоқда. Бу эса ўз навбатида шахсга нисбатан қўлланилиши мумкин бўлган руҳий ва жисмоний босим, қийноққа солиш билан боғлиқ ҳолатларни аниқлаш имконини бериш билан бир қаторда, холисликни таъминлаш, шунингдек, процесс иштирокчиларини турли шубҳалардан холи бўлишига, шунингдек, ҳуқуқни муҳофаза қилувчи орган ходимларини турли ғайриқонуний усулларни қўллашини олдини олишга хизмат қилади.

Фармонда 2021 йил 1 июнга қадар, суриштирувчи ва терговчиларни видео тасвирга олиш воситалари билан таъминлаш, жазони ижро этиш муассасалари ва тергов ҳибсхоналарини тергов ҳаракатларини видеоконференцалоқа режимида ўтказишда фойдаланиладиган техник воситалар ва ускуналар билан тўлиқ жиҳозлаш ва уларнинг узлуксиз ишлашини таъминлаш чоралари назарда тутилганлиги жиноят ишларини тергов қилиш фаолиятини яхшилаш, қонун устуворлигини ва жавобгарлик муқаррарлиги принципини таъминлашга, шунингдек, суриштирув ва тергов органлари ходимлари ўзларини ҳаракатлари доимий назоратда эканликларини ҳис қилиб туришга ҳам хизмат қилади.

Online Maslahat

Ism

E-mail

Maslahat

Useful links

booked.net
booked.net