Қишлоқ хўжалигида халқаро тажриба асосида “Агрохизматлар маркази” фаолияти ташкил қилинади

10.06.2020 13:05

ТОШКЕНТ, 10 июнь. /“Дунё” АА/. Аграр соҳа ривожланган етакчи хорижий давлатларда фан, таълим ва ишлаб чиқаришни интеграциялаш мақсадида Қишлоқ хўжалигида билим ва инновациялар тизими (AKIS) йўлга қўйилган. Натижада улар томонидан янги инновацион билим ва технологиялар кенг жорий этилиши билан бир қаторда агрохизматлар ҳам кўрсатилади.

Халқаро тажрибани инобатга олган ҳолда Ўзбекистон қишлоқ хўжалигини ривожлантириш стратегияси доирасида замонавий инновацион “Агрохизматлар маркази” фаолияти илк бор Фарғона вилоятида йўлга қўйилади, деб хабар бермоқда “Дунё” АА мухбири Қишлоқ хўжалиги вазирлиги Ахборот хизмати манбасига асосланиб.

Давлатимиз раҳбари Фарғона вилоятига ташрифи чоғида ҳар бир ҳудуднинг ери, ресурслари, имкониятларини тўлиқ сафарбар этиш, қишлоқ хўжалиги соҳасида агрохизматлар кўрсатиш тизимини янги босқичга олиб чиқиш бўйича муҳим кўрсатмалар берган эди.

Мазкур ҳудудий марказ томонидан “ягона дарча тамойили” асосида давлат-хусусий шерикчилик шартларида 500 дан ортиқ агросаноат мажмуасига оид хизматлар кўрсатилади. Шундан 40 дан ортиқ янги турдаги инновацион технологиялар асосидаги қатор хизматлар, жумладан, геоахборот тизимлари, дрон хизматлари, халқаро стандартлар, “Organic”, “Global G.A.P” ва “Halol” сертификатлари жорий этилади.

Шунингдек, марказда 15 та аграр соҳага ихтисослашган илмий-тадқиқот институтларининг олимлари, 30 дан ортиқ маҳаллий ва хорижий агробизнес вакиллари доимий фаолият олиб боради.

Халқаро аккредитациядан ўтган 5 турдаги замонавий лаборатория, яъни қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари хавфсизлиги, “In-vitro” кўчатчилиги, тупроқ, сув ва фитосанитария таҳлил лабораторияси вилоятдаги 9 минг фермер хўжаликлари ҳамда 500 дан ортиқ агробизнес вакилларига хизмат кўрсатади.

Марказда замонавий билим ва тажрибаларга эга бўлган 133 нафар ходим учун янги иш ўрни яратилган. Шундан 40 нафар мутахассис бугунги кунга қадар дунёнинг етакчи давлатларида (АҚШ, Туркия, ?сроил, Нидерландия, Германия, Хитой, Латвия) малака ошириб қайтди.

Қолган мутахассислар ҳам йил якунига қадар халқаро қишлоқ хўжалиги марказларида тажриба ўташи белгиланган.

Ушбу марказ фаолиятини йўлга қўйишга Жаҳон банкининг кредит лойиҳаси, Европа ?ттифоқининг грант кўмаклари ва хусусий инвесторларнинг маблағлари йўналтирилади. Кейинги босқичларда мазкур марказлар фаолияти республикамизнинг бошқа барча ҳудудлари ва туманларида йўлга қўйилиши белгиланган.

Online Maslahat

Ism

E-mail

Maslahat

Useful links

booked.net
booked.net