Қишлоқ хўжалиги бўйича Ўзбекистон – Жанубий Корея қўмитасининг биринчи йиғилиши бўлиб ўтди

17.09.2020 13:37

СEУЛ, 17 сентябрь. /«Дунё» АА/. Бугун қишлоқ хўжалиги бўйича Ўзбекистон – Жанубий Корея қўмитасининг биринчи йиғилиши видеоконференцалоқа шаклида бўлиб ўтди, деб хабар бермоқда “Дунё” ахборот агентлиги.

Ўзбекистоннинг Сеулдаги элчихонаси хабарига кўра, мамлакатимиз делегациясига қишлоқ хўжалиги вазири маслаҳатчиси Алишер Шукуров, Жанубий Корея томонига эса мамлакат Қишлоқ хўжалиги, озиқ-овқат ва қишлоқ ишлари вазирлигининг Халқаро ҳамкорлик бош бошқармаси директори Ким Кихван бошчилик қилди.

Шунингдек, тадбирда мамлакатимизнинг Қишлоқ, сув хўжалиги вазирликлари, Ветеринария ва чорвачиликни ривожлантириш давлат қўмитаси, Уруғчиликни ривожлантириш маркази давлат унитар корхонаси, Қишлоқ хўжалиги экинлари навларини синаш маркази, Боғдорчилик ва иссиқхона хўжалигини ривожлантириш агентлиги, Ўзбекистон қишлоқ хўжалиги илмий-ишлаб чиқариш маркази ва Тошкент давлат аграр университети масъул раҳбарлари иштирок этди.

Ҳамкор давлатнинг Қишлоқ хўжалиги, озиқ-овқат ва қишлоқ ишлари вазирлиги, Корейс уруғлик ва хилма-хиллик хизмати, Халқаро иқтисодий сиёсат тадқиқот институти, Қишлоқларни ривожлантириш бошқармаси, "Осиё озиқ-овқат ва қишлоқ хўжалиги ташаббуси" халқаро лойиҳаси котибияти (AFACI)нинг масъул раҳбарлари ва вакиллари  ва Халқаро ҳамкорлик агентлиги (KOICA) мутасаддилари жалб этилди.

Алишер Шукуров ушбу форматдаги музокаралар икки мамлакат қишлоқ хўжалиги вазирликлари ўртасида 2019 йил апрель ойида Тошкент шаҳрида юқори даражадаги ташриф доирасида имзоланган ўзаро англашув меморандуми амалий натижаси эканини таъкидлади. Қайд этилишича, Ўзбекистон томони замонавий технологиялар ва Жанубий Корея компанияларининг қишлоқ хўжалиги соҳасидаги инновацион ечимларини жалб қилиш ва қўллашдан манфаатдор.

Шунингдек, Ўзбекистонда агросаноат комплексини ҳар томонлама модернизация қилиш сиёсати доирасида Жанубий Корея билан ҳамкорликда қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини ишлаб чиқаришнинг интенсив усуллари, биринчи навбатда, сув ва ресурсларни тежаш технологияларини жорий этиш бўйича амалга оширилаётган ишлар муваффақияти қайд этилди.

Ким Кихван мамлакатларимиз ўртасидаги стратегик шериклик ҳақида гапириб, Жанубий Корея ҳукумати ва компаниялари Ўзбекистон қишлоқ хўжалигини ривожлантиришда ўзаро алоқаларни фаоллаштириш ва кучайтиришга тайёрлигини эълон қилди.

Унинг фикрига кўра, ушбу қўмита йиғилишларининг мунтазамлик касб этиши муҳим ва долзарб масалаларни қўшма лойиҳалар шаклида амалга ошириш учун экспертлар даражасида муҳокамалар ўтказишга имкон беради.

"Жанубий Корея томони Ўзбекистонни қишлоқ хўжалигида улкан салоҳиятга эга ишончли ва муҳим шерик деб билади ва Ўзбекистонда “ақлли технологияларни” жорий этиш самарадорликни сезиларли оширади", деди у.

Кун тартибига мувофиқ, томонлар боғдорчилик, ўсимликлар ва сабзавотларни етиштириш, экинларнинг янги навларини синаш, чорвачилик ва ветеринария, кадрлар тайёрлаш ва ўқитиш, сув ресурслари ҳамда сувни тежайдиган технологияларни жорий этиш соҳаларида ҳамкорликни ривожлантириш, қўшма илмий лойиҳаларни ўтказиш, Жаҳон савдо ташкилотига аъзо бўлиш жараёни бўйича атрофлича фикр алмашди

Шунингдек, KOICA техник ёрдами орқали амалга оширилаётган қишлоқ ва сув хўжалиги, ветеринария ва чорвачилик соҳаларидаги лойиҳаларни жадаллаштириш масалалари кўриб чиқилди.

Тадбир сўнгида кейинги қўшма тадбирларни амалга ошириш вақти ҳамда кун тартиби бўйича батафсил муҳокамаларни ишчи тартибда, видеоконференцалоқа шаклида ўтказишга келишиб олинди.

Online Maslahat

Ism

E-mail

Maslahat

Useful links

booked.net
booked.net