Қирғизистон Бош вазири вақтинчалик Президент вазифасини ҳам бажаради

16.10.2020 10:40

ТОШКEНТ, 16 октябрь. /«Дунё» АА/. Бугун «Ала-Арча» давлат қароргоҳида бўлиб ўтган Жогорку Кенешнинг навбатдан ташқари йиғилишида депутатлар Қирғизистон Президенти Сооронбай Жээнбековнинг истеъфога чиқиш ҳақидаги мурожаатини қабул қилди, деб хабар бермоқда «Дунё» АА мухбири Қирғизистон парламенти матбуот хизматига таяниб.

Қирғизистонда ҳокимиятни топшириш тинч йўл билан якунланди, деди мамлакат Бош вазири Садир Жапаров ўз нутқида.

Сооронбай Жээнбеков Қирғизистон Президенти лавозимидан истеъфога чиқишини 15 октябрь куни эълон қилганди. Парламент спикери Канат ?саев вақтинча давлат раҳбари бўлишни рад қилгандан  сўнг унинг ваколатлари Бош вазир Садир Жапаровга ўтган.

Қирғизистон Президенти вазифасини вақтинча бажарувчи - Бош вазир Садир Жапаров давлат раҳбари ва Жогорку Кенеш депутатлари сайловлари қонун доирасида ўтказилишини айтди.

Қирғизистоннинг «Кабар» ахборот агентлиги С.Жапаровнинг «Биз қонун доирасидан чиқмаймиз. Президент сайлови бўлади, биз маслаҳатлашамиз ва аниқ вақтни белгилаймиз. Сайлов 10 январдан кечиктирмасдан ўтказилиши керак», деган сўзларини келтиради.

Президент вазифасини вақтинча бажарувчи Садир Жапаров, шунингдек, Жогорку Кенешга сайловлар партиявий тизим асосида ўтказилиши кераклигини таъкидлаган. Унинг сўзларига кўра, янги парламент сайлангандан сўнг, «конституциявий ислоҳот»га ўтиш мумкин.

Online Maslahat

Ism

E-mail

Maslahat

Useful links

booked.net
booked.net