Қабул қилинган қонунларнинг амалиётда сўзсиз ва тўлиқ ижро этилишини таъминлашда парламентнинг иштироки кенгайтирилади

09.01.2022 10:32

ТОШКЕНТ, 9 январь. /«Дунё» АА/. Ўзбекистон Президентининг «Янги Ўзбекистоннинг 2022–2026 йилларга мўлжалланган тараққиёт стратегияси тўғрисида»ги фармони лойиҳасида мамлакатимиздаги ислоҳотларни изчил давом эттиришда Олий Мажлис палаталари ва сиёсий партиялар ролини янада ошириш вазифалари ўрин олган, деб хабар бермоқда «Дунё» АА мухбири.

 Унда Олий Мажлис палаталарининг давлат ҳокимияти тизимидаги ўрнини мустаҳкамлаш, уларнинг ички ва ташқи сиёсатга оид муҳим вазифаларни ҳал этишдаги ваколатларини кенгайтириш бўйича таклифлар кўзда тутилмоқда.

Барча соҳаларда вазиятни ҳар томонлама ўрганиш ва мавжуд муаммоларни ҳал этиш учун таъсирчан чоралар ишлаб чиқишда Олий Мажлис палаталари ва сиёсий партиялар ролини янада кучайтириш, қабул қилинган қонунларнинг амалиётда сўзсиз ва тўлиқ ижро этилишини таъминлашда парламентнинг иштироки кенгайтирилади.

Қонун ижодкорлиги ва парламент назоратини амалга оширишнинг амалдаги механизмлари самарадорлик нуқтаи назаридан қайта кўриб чиқилади ва мазкур жараёнларда фуқароларнинг иштирокини таъминлаш орқали жамоатчиликнинг давлат бошқарувидаги ташаббускорлиги оширилади.

Давлат бюджетини тасдиқлаш ва унинг ижроси боришини назорат қилиш доирасида парламент томонидан масъул ташкилотларга аниқ стратегик вазифаларни қўйиш ва натижага қараб уларга сўров юбориш амалиётини жорий қилиниши назарда тутилган.

Шунингдек, фармон лойиҳасида Олий Мажлис палаталарида ҳудудлар билан тўғридан-тўғри, шу жумладан, масофавий ишлаш амалиётини кенг жорий қилиш, ҳудудларни ривожлантириш ва инвестиция дастурлари муҳокамасида тегишли ҳудуддан сайланган депутат ва сенаторларнинг иштирокини кучайтириш бўйича вазифалар ўрин олган.

Шунингдек, «Электрон парламент» доирасида депутатларни ўз сайловчилари билан, сенаторларни ҳудудлардаги фуқаролар билан боғлаш, улар билан тўғридан-тўғри мулоқот олиб бориш, сайловчиларни қийнаётган муаммоларни муҳокама қилиш ва ҳал этиш жараёнини рақамлаштириш таклиф этилмоқда.

Бундан ташқари, қонунчилик палатасининг бошқарув тизимини такомиллаштириш, парламент сайловларини илғор хорижий тажриба асосида янада такомиллаштиришга оид ташаббуслар ҳам ушбу лойиҳадан ўрин олган.

Online Maslahat

Ism

E-mail

Maslahat

Useful links

booked.net
booked.net