Президентимиз Шавкат Мирзиёев асарлари Туркияда чоп этилди

28.02.2020 10:49

ТОШКЕНТ, 28 февраль. /“Дунё” АА/. Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг танланган асарлари турк тилига таржима қилиниб, «Янги Ўзбекистон – келажаги буюк давлат» номи билан нашр этилди, деб хабар бермоқда “Дунё” АА мухбири Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси ҳузуридаги Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлиги сайтида чоп этилган хабарга асосланиб.

Мазкур китоб Туркия Республикаси Маданият ва туризм вазирлиги, Кутубхоналар ва нашриётлар Бош бошқармаси, Туркиянинг Тошкентдаги элчихонаси Маданият ва тарғибот бошқармаси ташаббуси билан,  профессор Фират Пурташ бошчилигидаги ижодий гуруҳ меҳнати натижасида тайёрланган.

Туркия Президенти Режеп Таййип Эрдоған китобга тақриз ёзган. Муқаддимани Туркия Республикаси Маданият ва туризм вазири Меҳмет Нури Эрсой битган.

«Президент Шавкат Мирзиёев уч йил давомида кўплаб оташин нутқлар сўзлаган. Тарихий воқелик сифатида баҳоланувчи бу нутқлар аввало ўзбек ва рус тилларида, сўнгра кўплаб хорижий тилларга таржима қилиниб, китоб шаклида нашр этилган. Шуни таъкидлаш жоизки, «Янги Ўзбекистон –келажаги буюк давлат» китоби нашр этилгунга қадар Туркияда Ўзбекистонда кечаётган тез суръатдаги ўзгариш ва ривожланиш ҳақида ёзилган ҳеч қандай асар йўқ эди», дейилади Туркиянинг Ўзбекистондаги элчихонаси хабарида.

Ушбу китобнинг биринчи нашри 1000 нусхада чоп этилди. Унинг биринчи нусхаси Туркия Президенти девонининг Халқ кутубхонаси очилиш маросимида ягона фахрли меҳмон сифатида иштирок этган Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёевга совға қилинган.

Меҳмет Нури Эрсойнинг қайд этишича, Ўзбекистонда амалга оширилаётган кескин юксалиш ва Туркия билан ҳар қачонгидан кўра кучли шаклда ривожланаётган муносабатлар бу асар учун илҳом манбаи бўлган.

Online Maslahat

Ism

E-mail

Maslahat

Useful links

booked.net
booked.net