Пойтахт шаҳарлар ҳокимлари видеомулоқот ўтказди

04.05.2020 22:10

ТОШКЕНТ, 4 май. /«Дунё» АА/. Берлин шаҳри мэриясининг ташаббуси билан биродарлашган шаҳарлар ўртасида видеоконференция ўтказилди. Унда Берлин, Брюссель, Будапешт, Прага, ?станбул, Жакарта, Мадрид, Лондон, Лос-Анжелес шаҳарлари бошқаруви раҳбарлари, шунингдек, Тошкент шаҳар ҳокими ҳам иштирок этди, деб хабар бермоқда «Дунё» АА мухбири шаҳар ҳокимлиги манбасига асосланиб.

Онлайн конференцияда коронавирус пандемияси сабабли биродарлашган шаҳарлардаги вазият, кўрилган чоралар, янги ташаббуслар ва пандемия оқибатларини юмшатиш тадбирлари муҳокама қилинди.

Видеомулоқотда сўз олган Тошкент шаҳар ҳокими Жаҳонгир Ортиқхўжаев мамлакатимизда давлатимиз раҳбари бошчилигида коронавирусга қарши кенг кўламли вазифалар олиб борилаётгани ҳақида батафсил маълумот берди. Шунингдек, тезкор чора сифатда шаҳар ташқарисида 8 кун муддатда 10 минг ўринли карантин маркази қурилгани, беморлар эса барча ҳудудлардаги шифохоналарга жойлаштирилгани айтиб ўтилди.

Тошкент шаҳар ҳокими, шунингдек, карантин 10 майга қадар белгиланганини билдириб, мамлакатда олий таълим муассасалари, мактаб ва болалар боғчалари фаолиятини тиклаш бўйича шошма-шошарликка йўл қўйилмаётгани, бироқ иқтисодий йўқотишларнинг олдини олиш мақсадида санитария ва гигиена талабларига тўла риоя қилган ҳолда қатор корхона ва ташкилотларда иш қайта йўлга қўйилганини маълум қилди.

Тошкент шаҳрининг ўзида 700 га яқин тадбиркор 35 мингдан ортиқ муҳтож оила ва ёлғиз қарияларни ўз қарамоғига олгани, Ягона мувофиқлаштириш маркази орқали ҳар куни 1500-2000 оилага давлат, тадбиркорлар ва сахий инсонларнинг хайрия ёрдами берилаётгани қайд этилди.

Видеоконференция иштирокчиларида Президентимиз ташаббуси билан амалга оширилаётган “Саховат ва кўмак” ҳаракати катта қизиқиш уйғотди.

Онлайн тадбир якунида пандемияга қарши курашда мазкур шаклдаги мулоқотни давом эттиришга келишиб олинди.

Online Maslahat

Ism

E-mail

Maslahat

Useful links

booked.net
booked.net